Исроил армияси 2 февраль куни тонгда Фаластиннинг Ғазо сектори марказига авиаҳужум уюштирди, деб хабар бермоқда AFP ва Reuters мухбирлар ҳамда гувоҳларига таяниб.
Фото: Getty Images
Маҳаллий хавфсизлик манбалари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, биринчи зарбалар – камида еттита ракета ҲАМАСнинг қуролли қаноти – Эзидин ал-Қасам бригадалари ўқув марказига берилган. Объект Ғазо сектори марказидаги Ал-Мағози қочқинлар лагерида жойлашган.
Маҳаллий хавфсизлик манбаларига кўра, Исроил армияси томонидан ҳаво ҳужумларининг иккинчи босқичида Ғазо шаҳрининг жануби-ғарбидаги ал-Қасам бригадалари ўқув маркази нишонга олинган.
Қурбонлар ёки етказилган зарар кўлами ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Кейинроқ Исроил мудофаа армияси Фаластинга берилган зарбалар ҳақида Twitter’да маълум қилди. Унда Исроил ҲАМАСнинг қурол-яроғ заводи ва кимёвий хом ашё ишлаб чиқарадиган заводга авиазарба йўллагани даъво қилинган.
“Исроил мудофаа армияси ҲАМАСни Ғазодан келиб чиққан барча терактлар учун жавобгар деб ҳисоблайди, гуруҳ Исроил хавфсизлигини бузишнинг оқибатларига дуч келмоқда”, — дейилади баёнотда.
The Times of Israel нашрининг ёзишича, 1 февраль куни Ғазо секторидан Исроил жануби томон ракета учирилган, Сдерот ҳамда яқин атрофдаги Ибим ва Нир-Аме шаҳарларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналари ёқилган. Ракета “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими томонидан тутиб олинган. Ҳодисада фақат бир киши, 50 ёшли аёл бомбапаноҳга кетаётиб, сирпаниб жароҳат олган.
Шундан сўнг Исроил ички хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳукуматни зудлик билан жавоб зарбалари ҳақида муҳокама ўтказишга чақирган.