«Аристократлар» жамоани тарк этган ва янги қўшилган аъзолари, консертдан олинадиган фойда ҳақида (видео)
Ўз
22-01-2023, 10:10
52
Айни кунларда «Аристократлар» жамоаси аъзолари навбатдаги янги консерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда. «Дарё» мухбирлари тайёргарлик жараёнларида иштирок этиб, жамоа аъзолари билан суҳбатда бўлди. Жамоа аъзоси Аббосхўжа Акромов таркибда жиддий ўзгариш бўлгани ҳақида айтиб ўтди.
— Янги консерт дастури учун тайёргарлик ишларини анча олдин бошлаганмиз. Ссенарийларни ўзимиз ёзганимиз учун ҳам тайёргарлик кўришимизга анча вақт кетади. Бу йилги дастуримизни имкон қадар оилавий кўришга мўлжалланган саҳна кўринишларини танладик. Трендга айланган мавзулар яна нишонимиз остида бўлади. Хабарингиз бўлса, Мафтуна Холмуродова жамоани тарк этди. У билан ҳеч қандай келишмовчилик бўлгани йўқ. Шунчаки у қўшиқ айтишни истади. Асосий таркибга фақатгина Хонзода Қамбарова қўшилган, қолган таркиб эса ўзгаргани йўқ. Аммо массовка саҳналарда иштирок этиш учун бир нечта ёш актёрлардан фойдаланамиз, — дейди Аббосхўжа Акромов.
Фото: «Дарё»
Аббосхўжа Акромов ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ҳазил видеолари билан ҳам яхши таниш. У портнёри Шаҳло Алижоновани нима учун «Аристократлар» жамоасига таклиф этмаганига ойдинлик киритди.
— Гуруҳга янги қиз керак бўлган пайтда Шаҳло Алижонова аллақачон «Миллион» жамоасида иштирок этаётганди. Бошқа гуруҳдаги актрисани тортиб олиш яхши эмас. Шу боис Хонзода Қамбаровани таклиф этдик. У бир пайтлар «Актёр шоу»да иштирок этиб, кастингдан ўтолмаганди. Аммо у маҳоратли актриса эканини ҳаммамиз яхши билардик, — дейди Акбархўжа Акромов.
Тўртинчи бор яккахон консерт дастурини ўтказаётган жамоа дастурлардан фойда оладими ёки йўқ. Бу саволга гуруҳ аъзоси қуйидагича жавоб берди.
— Консертга сарфланган маблағ ўзини оқлаши жуда қийин. Консерт беришимиздан асосий мақсад пул эмас. Чунки сарой арендаси ва рекламалар жуда қиммат туради. Сарфланган маблағ ўзини оқлаган тақдирда ҳам биз жуда хурсанд бўламиз. Агар санъатга касб нуқтайи назаридан қараб пул топаман десангиз ижод қолиб кетади. Асл ижодни ўйлаганда эса пул ҳақида ўйламаслик керак, — дейди Акбархўжа Акромов.