Янгиҳаёт туманида Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш куни муносабати билан янги мурал пайдо бўлди

Ўз 7

22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш кунида Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ижтимоий санъатнинг янги йирик асари бўлган «Барқарор ҳаракатланиш мурали» тақдимотини ўтказди.

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

Тақдимот Европа ҳаракатланиш ҳафтаси доирасида ташкил этилган мобиллик бўйича бир қатор тадбирлардан бири бўлиб, у шаҳарда барқарор ҳаракатланиш ва яхшироқ шаҳар муҳити йўлида соғлом турмуш тарзини олиб боришга қаратилган. Европа ҳаракатланиш ҳафталиги Ўзбекистонда тўртинчи маротаба ўтказилмоқда.

«Барқарор ҳаракатланиш мурали» Тошкент шаҳри Янгиҳаёт ва Сергели туманлари чегарасидаги «4-бекат» метро бекати қаршисида жойлашган тўққиз қаватли турар-жой биносининг бир томонига чизилган. Мурал Autograph Art Gallery санъат галереяси томонидан ташкил қилинган ва ўзбекистонлик ёш рассомлар гуруҳи бўлган Brushers ижодий жамоаси томонидан чизилган.

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

«Ушбу деворий сурат янада барқарор, фаол ва соғлом Тошкент ҳақида бадиий тасаввурни тақдим этиб, Европа ҳаракатланиш ҳафтасининг асосий ғоясини ўзида акс эттиради», — дейилади хабарда.

Бу йил Европа ҳаракатланиш ҳафтаси Ўзбекистондаги ҳамкорлар ва иштирокчилар томонидан янада кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда, шу сабаб биз мобиллик бўйича тадбирлар сонини оширдик. Ҳамкорлар билан биргаликда шаҳарда барқарор ҳаракатланишга рағбатлантирадиган йирик жамоат санъат асари ишлаб чиқилгани ва ташаббус амалга оширилганидан хурсандмиз. Умид қиламанки, бу ажойиб мурал тошкентликларни кундалик ҳаётларида имкон қадар яшил транспорт ечимларидан фойдаланишга ундайди, — дейди Шарлотта Адриан хоним, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси.
Барқарор шаҳарда ҳаракатланиш ҳақидаги хабарни етказувчи ушбу жонли мурал янги ташкил этилган Янгиҳаёт туманимизга ажойиб қўшимча бўлди. Бизнинг ҳокимлигимиз Янгиҳаётни янада яшил ва яшаш учун қулай жойга айлантириш учун аҳолимизнинг маҳаллий барқарор ҳаракатланишини яхшилаш устида ишламоқда, — деган Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов.

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

Фото: Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси

Деворий сурат тақдимотидан сўнг, Сергели тумани ҳокимлиги кўмагида «Велосипедда автомобилсиз кун» тадбирини ташкил этилади. Вело-йўналиш «Янги Сергели» истироҳат боғидан бошланиб, Шокирариқ кўчасидан ўтиб, Мирзо Турсунзода кўчасига бурилиб, янги муралгача масофани қамраб олади. Велопойга иштирокчилари маррага етиб келиш учун худди шу йўналиш бўйлаб «Янги Сергели» истироҳат боғига қайтади. Велопойга давомида ушбу йўналиш автомобиллар учун қисман ёпилади.

Велосипедчиларни, барча меҳмонларни ва ташриф буюрганларни Сергели туманида, айниқса, янгиланган истироҳат боғида кутиб олишдан мамнунмиз. Умид қиламанки, ушбу тадбир аҳолимизнинг эътиборини велосипеддан фойдаланишга ва бошқа экологик тоза ҳаракатланиш усулларига қаратади. Туманимиз Ўзбекистондаги Европа ҳаракатланиш ҳафтасининг ҳамкори бўлгани жуда ажойиб, — дейди Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров.
Европа ҳаракатланиш ҳафтаси учун мобиллик тадбирлари 25 сентябргача давом этади. Шу кунлари Ёшлар ишлари агентлиги «Маҳаллалар Европа ҳаракатланиш ҳафтаси тарафдори» тадбирини ўтказади, Tashkent Runners клуби аъзолари эса «Шаҳарлар атроф-муҳитини яхшилаш учун плоггинг» тадбирида иштирок этиб, Тошкент вилоятида югуриш чоғида чиқиндиларни ҳам йиғиштиради.

Европа ҳаракатланиш ҳафтаси

Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафтаси Европа Комиссиясининг ташаббуси билан ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатларда ўтказиладиган глобал кампаниянинг бир қисмидир. 2019, 2020 ва 2021 йилларда муваффақиятли ўтказилган Европа ҳаракатланиш ҳафталикларидан сўнг бу йилги кампания Ўзбекистонда тўртинчи марта ўтказилмоқда.

Ҳавонинг CO2 (карбон диоксиди) ва иссиқхона газлари чиқиндилари билан ифлосланиши экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришининг асосий сабабларидан биридир. Париж келишувига қўшилиш ва 2030 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга камайтириш мажбуриятини олган ҳолда Ўзбекистон аллақачон иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатларига қарши курашиш йўлига ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Европа ҳаракатланиш ҳафтаси хабарини тарғиб қилишга қўшилди. Ушбу тушунчани янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2020 йилда Европа ҳаракатланиш ҳафтасини ҳар йили миллий аҳамиятга эга бўлган кампания сифатида эътироф этди.

Европа ҳаракатланиш ҳафтаси, шунингдек, иқлим ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал қилишга қаратилган Европа Иттифоқининг иқлим дипломатиясининг бир қисмидир. 2022 йилда асосий эътибор энергияни тежаш, энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия манбаларини жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, жорий энергетика инқирозини ҳал қилиш, яшил иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш ва энергия хавфсизлиги даражасини кўтариш энг самарали усуллари ҳисобланади.



Manba: Daryo.uz
Дўстларингиз билан улашинг:
Теглар
Янгиҳаёт туманида Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш куни муносабати билан янги мурал пайдо бўлди
Бизни кузатиб боринг
Telegram
Энг сўнгги хабарлардан бохабар бўлинг
Instagram
Лайклар билан сийлашни унутманг
Odnoklasniki
Бизни одноклассникида кузатиб боринг
Youtube
Бизни кузатиб боринг