Тошкентдаги мактабда дарсликлар ижарасига йиғилган пуллар ота-оналарга қайтарилди

Ўз 7

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги мактабда дарсликлар ижарасига йиғилган пуллар ота-оналарга қайтарилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тумандаги 71-сонли умумтаълим мактабининг 5-синф ота-оналари томонидан китоб ижарасига пул йиғилгани борасида ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабар Тошкент шаҳар халқ таълими ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.

Унга кўра, пуллар 2022/2023-ўқув йилининг бошида ота-оналар қўмитаси томонидан китоб ижараси бепул деб эълон қилинишидан олдин йиғилгани аниқланди. Йиғилган маблағ ота-оналарга қайтарилди.

«Таълим муассасасида навбатдан ташқари ўтказилган йиғилишда мактаб синф раҳбарлари ва ота-оналарга халқ таълими вазирининг китоб ижаралари бекор бўлиши борасидаги кўрсатма хати асосида китоб ижараси учун пул йиғилмаслиги, ўқувчига китоб ижарага текин берилиши тушунтирилди», — дейилади хабарда.

Мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши муносабати билан кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан эътирозлар билдирилганди. Шундан сўнг мактаб дарсликларининг ижара тўловлари доимий равишда бепул бўлиши эълон қилинди. Бунинг механизми ишлаб чиқилиши бўйича давлат раҳбари томонидан топшириқ олинган.



Manba: Daryo.uz