Си Цзиньпин Хитой ҳарбийларини эътиборни урушга тайёрланишга қаратишга чақирди

Ўз 7

Хитой армияси жанговар ҳаракатларда қатнашишга тайёрланишга эътиборини қаратиши керак. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин Пекинда миллий мудофаа ва ҳарбий ислоҳотлар бўйича конференцияда айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Фото: Reuters

«Ислоҳотлар бўйича муваффақиятли тажрибаларни пухталик билан умумийлаштириш ва қўллаш, янги вазиятни ва вазифалар бўйича талабларни тушуниб етиш, эътиборни урушга тайёрланишга қаратиш, инновацияларни тадқиқ қилиш ва жорий этишга журъат қилиш зарур», — деди Си Цзиньпин.

У Пекиннинг Хитой миллий мудофааси ва Қуролли кучлари ислоҳотларини такомиллаштиришдаги муваффақиятини тарихий деб атади, бунинг шарофати билан миллий армия энди янги тизим ва тузилмага эга эканини айтди.

Бундан ташқари, Хитой етакчиси Марказий ҳарбий кенгаш, Миллий қуролли милиция ва ҳарбий академияларга кейинги ҳарбий ислоҳотларни режалаштиришни бошлашни буюрди.

Юқорида тилга олинган кенг кўламли ислоҳотларни ўтказиш ҳақида Си Цзиньпин 2015 йилда эълон қилган эди. Ўшанда Хитой армияси Бош штабининг истеъфодаги полковниги Юэ Ган уни 1950 йиллардан буён энг йирик ҳарбий ислоҳот деб атаганди. Ислоҳот доирасида барча турдаги қўшинларни ягона ҳарбий қўмондонлик остида бирлаштириш (у 2020 йилга келиб тузилиши керак эди) ва «элита жанговар бўлинмалари» ташкил қилиш режалаштирилган эди. ХХР раиси сўзларига кўра, армияда янги интизомий тузилма, шунингдек, янги сиёсий ва юридик қўмиталар яратилади.

Аввалроқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари Дэвид Коэн Си Цзиньпин ўз ҳарбийларига 2027 йилгача Тайванни босиб олишга тайёрланишни буюрганини маълум қилган эди.

Июль охирида Хитой Миллий озодлик армияси раҳбарияти аскарларни «урушга тайёрланишга» чақирганди.

Шу йилнинг апрелида, америкалик конгрессменлар гуруҳи ташрифидан кейин Хитой ва Тайвань атрофидаги вазият кескинлашди. Август бошида Тайванга Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси келганидан кейин кескинлик ўз чўққисига чиқди. Унинг ташрифи Хитой томонидан қаттиқ танқидга учради. У Тайванни ўз вилояти деб ҳисоблайди ва унинг Пекин дипломатик алоқада бўлган мамлакатлар вакиллари билан мулоқотларига қарши чиқади.

Пелосининг ташрифига жавобан, Хитой Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди. АҚШ ХХРни сунъий инқирозни келтириб чиқаришда айблади ва Вашингтоннинг позицияси ўзгармагани, у ҳамон ягона Хитой сиёсатига амал қилишини таъкидлади. Тайвань, ўз навбатида, Пекинни «мускулларини кўз-кўз қилишни» тўхтатишга чақирди.

Кескинлик кучайиши фонида Хитой 10 август куни «Оқ китоб»ни эълон қилди. Ушбу ҳужжат ҳар икки йилда янгиланади, унда мамлакатнинг миллий мудофаа стратегияси баён этилади. «Оқ китоб»нинг янги таҳририда Хитой Тайванни куч билан эгаллаб олиши мумкинлигини билдирди. Агар «ташқи аралашув кучлари» «қизил чизиқ»ни босиб ўтса, қатъий ҳаракатларга ўтиши ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда Хитой «бир мамлакат, икки тизим» моделини таклиф қилди. Аммо Тайвань бу ғояни рад этиб, «Тайвань халқигина ўз келажагини ҳал қила олиши»ни айтди.



Manba: Daryo.uz