Ҳар бир гектардан 80 млн сўм даромад: Ўзбекистонда Дамашқ атиргули етиштирилмоқда

Ўз 7

Бухоро вилояти Вобкент туманида Дамашқ атиргуллари етиштирилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Вобкент тумани Гулистон қишлоғида яшовчи тадбиркор деҳқон Миршод Бобоев ҳудуддаги шўрхок, тошлоқ, сув таъминоти оғир бўлган 26 гектар экин майдонини экин экишга тайёр ҳолатга келтиргач, Дамашқ атиргулларининг кўчатлари ўтқазди.

Дамашқ атиргулидан олинган 1 литр эфир мойидан 26 тонна атир ишлаб чиқариш мумкин. Унинг 4 тонна гулидан эса, 1 литр эфир мойи чиқади. Ушбу мой экспортбоп маҳсулот бўлгани учун у дунё бозорида харидоргир.

Бизнинг ўзимизга ҳам Туркия, Германиядан эфир мойини харид қилиш бўйича таклифлар тушяпти. Бир гектар майдонга экилган атиргулдан 80 миллион сўм соф даромад олиш мумкин. Фақат бунинг меҳнатидан қочмаслик керак, унга меҳр бериб, парваришлаш лозим, — дейди Миршод Бобоев.
Тадбиркор атиргулдан фақатгина эфир мойи олиш билан кифояланмади. Атиргул гулоби (суви) нинг инсон саломатлиги учун фойдали эканини билиб, ундан ичимлик тайёрланмоқда. Атиргулнинг гулидан эса, қиём тайёрланиб, қадоқлаш ишлари йўлга қўйилди.

Маданий ҳолда етиштирилиши

Дамашқ атиргули асосан маданийлашган ҳолда учрайди. У Россия, Грузия, Молдавия, Тожикистон, Қирғизистон республикаларида ҳамда Қримда, Закавказеда ва Краснодар ўлкасида ўстирилади. Ўзбекистонда ҳам синов тариқасида экилди.

Ишлатилиши

Атиргул мойи препарати — Aqua Rosae фармацевтика дорилар ҳиди ва мазасини яхшилаш учун ишлатилади. Унинг мойи энг асл атир ишлаб чиқариш, парфюмерияда қўлланилади.

Ушбу мой сарғиш, хушбўй бўлиб, +15 даража ҳароратда стеароптени (ҳидсиз, кераксиз қисми) кристалл ҳолида ажралади. Таркибида 50-60 фоиз гераниол, 22,6 фоиз ситронеллол, 10 фоиз нерол, 2 фоизгача фенилетил спирти, эвгенол ҳамда ситрал, ионил ва бошқа алдегидлар мавжуд бўлади.

Парваришлаш

Ўзбекистон шароитида асосан пайванд қилиш йўли билан кўпайтиришда керакли атиргул навининг битта ёки бир нечта куртаги август ойининг охирларида пайвандтагга (наъматакка) уланади.

Келаси йил эрта баҳорда пайвандтаг унга уланган куртак юқорисидан кесиб ташланади ва пайвандни боғлаган чипта бўшатилади. Мавсум давомида бачки шохчалар 4-5 марта юлиб ташланади.

Пайвандли гул 15-20 см ўсгандан кейин унинг бўйига чўзилишига ва муддатидан олдин гуллашига йўл қўйилмайди. Бунинг учун пайванд гулнинг учи кесилиб, вақти-вақти билан ён шохлари қисқартириб турилади.

Октябрь ойининг охири ноябрь ойининг бошларида бу пайвандлар тўла шаклланган кўчатга айланади. Атиргулнинг кўчатларини унумдор ва сув билан таъминланган ерларга кузда ва баҳорда ўтқазилади. Вегетация даври давомида атиргул экилган майдон 20 мартача суғорилади ва 6 мартагача оралари чопилади.



Manba: Daryo.uz
Дўстларингиз билан улашинг:
Теглар
Ҳар бир гектардан 80 млн сўм даромад: Ўзбекистонда Дамашқ атиргули етиштирилмоқда
Бизни кузатиб боринг
Telegram
Энг сўнгги хабарлардан бохабар бўлинг
Instagram
Лайклар билан сийлашни унутманг
Odnoklasniki
Бизни одноклассникида кузатиб боринг
Youtube
Бизни кузатиб боринг