АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларига 21 йил тўлди: Мудҳиш терактда омон қолган ўзбек самолёти — 101-рейс капитани Зариф Саидазимов билан суҳбат (видео)

Ўз 24

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Акром Шоназаров режиссёрлигида суратга олинган «101-рейс» фильми томошабинларга тақдим этилди. Фильм реал воқеаларга асосланган ва унинг бош қаҳрамони — капитан Зариф Саидумаров замондошимиз ҳисобланади.

Кинематография агентлиги ва «Ёшлик» киностудияси томонидан суратга олинган бадиий фильм реал воқеага асосланган бўлиб, унда 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида Шимолий Америка ҳаво ҳудудида қийин вазиятда қолган, бортида 180 нафар йўловчи бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли Boeing-757 самолётининг 101-рейс экипажи кўрсатган жасорат ҳақида ҳикоя қилинади. Бу парвоз тажрибали учувчи Зариф Саидазимовнинг охирги, якунловчи парвози бўлади. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова ўша куни самолёт бортида бўлган 193 нафар йўловчининг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятини ишга солган Ўзбекистон Қаҳрамони Зариф Саидазимов билан суҳбатлашди.

— Режиссёр Акром Шоназаров фаолиятингиз ҳақида фильм суратга олишни таклиф этганида бунга нечоғлик ишонгандингиз?

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

— 2017 йили «Меҳр кўзда» кўрсатувида 101-рейсдаги борт кузатувчилари ва йўловчилари ҳақида ажойиб кўрсатув тайёрланганди. Мана шу кўрсатувдан кейин режиссёр Акром Шоназаров фильм яратиш таклифи билан келди. У раҳбариятдан шундай топшириқ олганини айтганида, қарши бўлмадим. Фақатгина «Фильм орқали бир учувчининг қаҳрамонлигини эмас, ўзбек учувчиларининг фаолиятини кўрсата билиш керак», дедим. Чунки менинг ўрнимда бошқа учувчи бўлганида ҳам, шу ишни қилган бўларди. Одамлар учувчиларнинг фаолияти фақат кўкда парвоз қилиш ва хориж давлатларини кўришдан иборат эмаслигини билсин, деб ўзим ҳам фильм яратилишига астойдил бел боғладим. Сценарий яратиш учун узоқ вақт кетди. У пайтда парвозда бўлганим учун режиссёр бўш кунимни топиб, суҳбатимда бўларди. Фильм пандемия ва техник муаммолар сабаб 4-5 йил деганда катта экранга чиқди. Режиссёр «101-рейс» фильмини яратишда кўплаб қийинчиликларга учради. Чунки фильм воқеалари асосан самолёт бортида бўлиб ўтади. Ижодий гуруҳ самолётнинг ҳеч бўлмаганда ярим кун аэропортда туришини кутишарди. Аммо Тошкентга келган самолёт 1-1,5 соатдан кейин бошқа рейсга учиб кетади. Шу боис баъзан суратга олиш ишлари ярим тунда бошланишига ҳам тўғри келди.

— Учувчилар фаолиятини ижро этган актёрлардан қанчалик кўнглингиз тўлди? Ҳошим Арслонов ижросида ўзингизни кўролдингизми?

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

— Улар фильмда суратга тушишдан аввал уч ой ўқув машғулот марказимизда таҳсил олишди. Борт кузатувчиси бўлган актрисалар ҳам касб сирлари билан яқиндан танишишди. Раҳматли Ҳошим Арслонов эса тренажёрда машғулот ўтиб, учувчиларнинг инглиз тилидаги терминларини ёд олди.Фильмнинг 70 фоизи реал воқеаларга асосланган. Ҳошим Арслоновнинг ижросидан кўнглим тўлди. Ҳатто у инсонга «Анча нарсаларни ўргандингиз, энди бемалол учувчи бўлсангиз бўлади», деб кулгандим.

— Фаолиятингиз давомида 101-рейс билан боғлиқ вазиятга ўхшаш ҳолатларга учраганмисиз? Ёки бу биринчи ва сўнггиси бўлдими?

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

— Кутилмаган вазиятлар ҳамиша бўлади. Бундан ҳеч бир учувчи ҳоли бўлмайди. Қирқ тўрт йиллик фаолиятимда кўпгина кутилмаган вазиятларга учраганман. Двигательга қуш кириб кетиши, йўловчининг тоби қочиб қолиши каби вазиятларда ўзимни қўлга олиб ҳаракатланганман. 11 сентябрь билан боғлиқ ҳолатлар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Бу воқеа бутун дунёни ларзага келтирган. Ўша куни осмонда 700 дан ортиқ самолёт ҳаракатланаётган бўлган. Учувчилар орасида ваҳимага тушиб қолганлари ҳам бор. Бундай вазиятларда учувчи совуққон бўлиши, ортиқча ваҳимага берилмаслиги керак. Чунки ундаги ҳис атрофдагилар ҳаяжонини икки баробар оширади. Ҳақиқатан ҳам АҚШдаги терактдан сўнг бирорта самолётни мамлакат ҳудудига киритмаслик бўйича топшириқ берилган. Аммо бирорта йўловчи ташувчи самолёт уриб туширилмаган.

— Учувчилик касбини танлашингизга нима сабаб бўлган?

— Оиламда авиация соҳасида фаолият юритадиган инсонлар бўлмаган. Болалигимда космосга биринчи спутник ва ракеталар учирилгани ҳақидаги хабарларни эшитардим. Кейин 60 йилларда кўп самолётлар Тошкент осмонидан парвоз қиларди. Мактабда ўқиб юрган пайтимда самолётларга қараб, учувчи бўламан, деб орзу қилардим. Аммо шунчаки мақсад билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Инсон шунга яраша ҳаракат қилиши керак.

— Учувчи бўлиш учун нималарга алоҳида эътибор бериш керак?

— Спорт билан мунтазам шуғулланиш керак. Чунки саломатлиги жойида деб билган инсон ҳам парвоз вақтида юқори босим ва нурланиш таъсирида ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Спорт деганда, албатта, кураш ёки боксни назарда тутаётганим йўқ. Учувчиларга асосан гимнастика билан шуғулланиш тавсия этилади. Қирқ тўрт йиллик фаолиятим давомида бирор марта касаллик сабаб ишдан озод этилмаганман. Ҳамма парвозларим кўнгилдагидек, енгил ўтган.Йўловчи ташиш самолётларини бошқариш учувчидан катта тажриба ва малакани талаб этади. Шу боис тажрибани ошириш учун аввал қишлоқ хўжалик маҳсулотларини самолётда ташиш, ундан кейин  «Ту 134», «Ту 154» airbus каби самолётларда парвоз қилганман. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, янги чет эл самолётларини олишни бошлади. Биринчилардан бўлиб Берлинга бориб малака оширгач, Airbus А 310 самолётини бошқаришни ўргандим. Boeing самолётлари харид қилинганда эса Америкага бориб, малака оширдик.

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

— Учувчи нафақат самолётни бошқариш, балки хорижий тилларни билиш ва дипломатик муносабатларни ўрната олиш маҳоратига ҳам эга бўлиши керак, дейишади. Бу гаплар нечоғлик рост?

— АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларидан сўнг у ерда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг бирорта вакили бўлмаган. Шу боис барча вазифалар менга юклатилган. 180 нафар йўловчининг феъл-атвори турлича, уларга яхши гапириб вазиятни барқарор ушлаб туриш осон кечмаган. «Мен шу ерда қолишим керак, ишим зарур», деган инсонларни ҳам вазиятни тушунтириб, 180 нафар йўловчи билан қайта учиб кетишга кўндиролганмиз.Ўзбекистон қонунларига мувофиқ самолёт белгиланмаган ерда қўнса, командир йўловчиларнинг жой ва озиқ овқат билан таъминланишига масъул бўлади. Терактдан сўнг аэропортга қўнишга рухсат беришмагани учун ҳарбий аэродромга қўнганмиз. Аввалига баъзи йўловчилар йўналишнинг ўзгарганини тушунмай, вазиятни нотўғри баҳолашган. Ҳарбий аэродромда телевизор ва телефон каби алоқа воситалари билан таъминланишганидан сўнг, нега бундай қилишга мажбур бўлганимизни англашган эди.

— Фаолиятингиз сабаб нечта тил ўрганишингизга тўғри келди?

— Ўқиш учун рус тилини, ишлаш учун эса инглиз тилини билиш шарт. Чунки биз экипаж аъзолари билан ўзаро инглиз тилида мулоқот қиламиз.  Ҳужжатлар ва учувчиликка оид адабиётлар ҳам фақат инглиз тилида чиқарилади. Инглиз тилидан ташқари турк тилини ҳам бироз биламан. Қайси давлатга борсам, албатта, уларнинг тилида салом ва хайр деган сўзларни ўрганаман.

— Фарзанд ва набираларингиз орасида касбингизни давом эттираётганлари борми?

— Ўғлим мактабни тамомлаганида 4-5 йилларга учувчиликка ўқитиш вақтинча тўхтатилганди. Шу боис ўғлим бошқа институтга кириб, у ерни тамомлаб, магистратурада ўқиётганида учувчиликка қабул бошланди. Ўғлим бу соҳани танлашга жиддий аҳд қилганди. Аммо Россияга бориб, яна беш йил ўқиши кераклигини ва анча йил йўқотиб қўйишини тушунтирдим. Кейин Тошкентдаги Авиация институтига ҳужжат топшириб, ҳозирги кунда учувчи бўлмаса-да, аэропортда менежер бўлиб ишлаяпти. Қизларим ҳам институтни тамомлаб, борт кузатувчиси бўлиб ишлашди. Тўрт фарзандли бўлганидан сўнг турмуш ўртоқларининг қарори сабаб бу соҳадан кетишди. Аммо фарзандларимнинг бари отасининг касбида ишлаб, бу ишнинг нақадар мураккаб эканлигини тушуниб етишди.Парвоз қилиб юрган пайтларим оиламга ва фарзандларимга етарлича эътибор беролмаётганимдан афсусланардим. Нафақага чиқиб, бор вақтимни уларга сарфлашни ният қилгандим. Икки йил аввал нафақага чиқдим, ҳозирги кунда набираларимни мактабга олиб бориш ва олиб келиш учун масъулман. Агар набираларимдан бири учувчи бўлишни истаса, қўллаб-қувватлайман. Аммо бу уларнинг танлови ва интилишига боғлиқ, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Зариф Саидазимов.



Manba: Daryo.uz