Қрим шимолида портлаш содир бўлди, ҳукумат ўқ-дорилар ёниб кетганини маълум қилди (видео)

Ўз 17

Қрим шимолида, Жанкой шаҳридан 20 км узоқликдаги Майское қишлоғида портлаш ва ёнғин содир бўлди. Тегишли фотосуратлар ва видеотасвирлар Telegram-каналларда ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, деб ёзади Meduza.

«РИА Новости» манбасига кўра, ёнғин трансформатор қуйи станциясида юз берган.

Айни вақтда, гувоҳлар томонидан олинган баъзи видеоларда ўқ-дорилар портлашига ўхшаш қаттиқ пақиллаш овозлари эшитилмоқда. «ТАСС» хабар беришича, қишлоқ маъмурияти ўқ-дорилар портлаб кетганини маълум қилган. Майское қишлоғи аҳолиси эвакуация қилинмоқда.

«Криминформ» нашри ёзишича, гап иккита алоҳида ҳодисалар ҳақида бормоқда — биринчиси Майское қишлоғидаги омборда юз берган портлашлар, иккинчиси эса Жанкойдаги қуйи станцияда чиққан ёнғин.

Қрим раҳбари Сергей Аксенов воқеа жойига жўнаб кетганини ва ҳодиса юз берган ҳолатлар аниқлаштирилаётганини маълум қилди. У бошқа тафсилотларни келтирмади.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Новофедоровка қишлоғи яқинидаги Саки аэродромида кетма-кет портлашлар юз берганди. Расмий маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлиб, 14 киши жароҳатланган. Россия Мудофаа вазирлиги портлашларга ўқ-дориларнинг тасодифан ёниб кетиши сабаб бўлганини айтди.



Manba: Daryo.uz