Дилшод Раҳмонов санъатга қайтишига нима туртки бўлгани, бизнеси ва ноҳақ «запрет»га тушгани ҳақида (видео)

Ўз 55

Хонанда Дилшод Раҳмонов «Chotki TV» YouTube каналига берган интервьюсида оиласи, санъатга қайтишига нима туртки бўлгани, бизнеси, сўрамасдан cover тароналар куйловчи хонандаларга муносабати, Аваз Охун концерт дастурида уни аския қилгани, ҳеч бир сабабсиз «запрет»га тушгани ҳақида гапирди.

Дилшод Раҳмонов оиласи ва асли қаерлик экани ҳақида

«Отам Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. Умри узоқ бўлсин, мусиқа фани ўқитувчиси бўлган. Онам эса Тошкент шаҳридан. Отам билан институтда ўқиган пайтида танишган ва турмуш қурган. Оилада 4 та фарзанд бўлганмиз. Акам раҳматли тўй хизматидан қайтишда автоҳалокатга учраган. Отам Фарғонадан, онам Тошкентдан, ўзинг қаерликсан деб сўрашса ҳазиллашиб ‘перевалъдан деб қўяман. Аслида фарғоналикман. Мен 1968 йил Тошкентда туғилганман, шундан кейин Фарғонага кўчиб кетганмиз», — дейди хонанда.

Хонанданинг санъатга қайтишига нима туртки бўлди?

«Бу дунё ёлғон дунё, инсон қачон бу ҳаётдан кетишини билмайди. Биз ҳам онамнинг вафот этишини ўйламагандик. Концертларга чиққанимда ҳам ота-онам борлиги сабабли ўзимни энг бахтли, бой одамман деб юрардим. Нимага бу мақтанади дейишганда, ота-онам тирик бўлгандан кейин мақтанаман дердим. Кейин бу воқеалар бўлиб қолди. Шундан сўнг сиқилиб тўйларга ҳам бормай қўйдим. Тўйга борганда бошқа оналарни кўриб мени онам қани деб борганда сиқилиб ичимдан йиғлайман. Она ҳақида қўшиқ айтсам ҳам кўзимга ёш келарди. Кейин отам тўйингга бор, халқ хизматидан қолма деди. Бошқа касбим бўлмаса бари бир қиладиган ишим шу. Қўлимдан қўшиқ айтиш келади, банк соҳасида ишлай олмайман, солиқчи бўлолмайман. Ишимиз шу, отам санъатга қайт дегандан кейин қайтдим», — дейди Дилшод Раҳмонов.

Бизнеси ва Tashkent City’нинг қурилишида техникалари ишлаётгани ҳақида

«Tashkent City’да техникаларим ишлаши рост. Энди бир йигитга қирқ ҳунар оз дейишади. Бир куни ленинободлик хушовоз хонанда Қодир Мирашуров ‘Дилшоджон, ҳозир замон сал бошқача, топганингизга бирор нарса қилиб қўймасангиз, эртага ҳеч нарса қилолмай қоласиз. Биз ҳам вақтида қоплаб пул топганмиз’, — деди. Шу гапдан кейин, демак, пул келган вақтда бирор нарса, уйлар, магазинлар, техникалар ёки бошқа нарса олиб қўйиш керак экан дедим. Пул келганда 1-2 та экскаватор, юк ташувчи машина олиб қўйдим, бошимни қотирмайман, унга қарайдиган одам бор, ишлайверади. Юртимизга қўлимиздан келганча ёрдамимиз тегади. Қиш кунларида иш бўлмайди, ёз кунларида қурилиш бўлганида техникалар ишлайди. Бу бизнес. Машина ҳайдаётган йигитлар вилоятлик, улар шуни орқасидан оиласини боқади. Халқ сабаб олганман», — дейди хонанда.

Фото: «Yandex.ru»

Дилшод Раҳмонов сўрамасдан cover тароналар куйловчи хонандаларга қандай муносабатда?

«Ўзим ҳам Нуриддин Ҳамроқуловнинг бир таронасини куйлаганман, унинг ўғли Ойбек Ҳамроқулов яқин дўстим бўлади. Кейин Ойбекка отасининг бир мусиқаси менга ёқиб қолганини, куйламоқчилигимни айтдим, у ҳам рози бўлди. Бориб дуосини олиб айтганман. Дуо олишнинг сабаби эртага студия бориб ўша қўшиқни куйлайсан, кейин у чиқиб кетди, лекин мусиқа эгасининг дилини оғритиб бўлмайди. Балки уни ухламасдан, ойлар, йиллар давомида студияга бориб сўз, мусиқа танлаб ёзгандир. Қўшиқ ҳам фарзанддек яралади. Мусиқа сўраб айтилгандан кейин яхши натижага эришади. Сўрамасдан айтилган мусиқа бир кун, икки кун эшитилади, кейин эсдан чиқади. Сўраб айтган маъқул», — дейди Дилшод Раҳмонов.

Аваз Охун концертида уни аския қилгани ҳақида

«Унақа нарсаларга эътибор қилмайман. Инсон ҳар нарсага эътибор бермаслиги керак. Майли, шуни маъқул кўрган бўлса. Нима қилибди? Назари тушиб гапирибдими, майли, уни аскиялигини ҳамма билади. Мен хафа бўлмайман, лекин бу дегани менинг устимдан ҳамма қизиқчилар кулаверсин дегани эмас. У ҳазил қилган, ёмон гап гапирмаган. Ҳамма ҳам эсланмайди», — дейди хонанда.

Хонанда ҳеч бир сабабсиз «запрет»га тушгани ва саҳнага чиқа олмагани ҳақида

«Ҳозир ҳаммаси яхши. Олдин ҳеч бир сабабсиз ‘запретъга тушиб қолганман, нимага унақа бўлганини билмаганман. Ҳозир сабабини биламан, менга ватан ҳақида айтилган қўшиқларингиз кам дейишган. Ким сабабчилигини ҳам биламан, лекин вафот этган инсоннинг ортидан гапириш яхши эмас. Ҳамма жойда гапимни ўйлаб гапираман, қўлим кўксимда, шунда ҳам бошга урадиганлар топиларкан. Лицензиямни олганимдан кейин ҳам менга телевизорга камроқ чиқинг, дейишган. Шунақа воқеалар бўлган. Ҳозир эса қанча чиқсам ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ. Қўшиқларим машҳур бўлган пайтда шу ишлар бўлган. Кўпчилик, Анвар Санаев ҳам ‘запретъга тушган», — дейди Дилшод Раҳмонов.



Manba: Daryo.uz
Дўстларингиз билан улашинг:
Теглар
Дилшод Раҳмонов санъатга қайтишига нима туртки бўлгани бизнеси ва ноҳақ «запрет»га тушгани ҳақида (видео)
Бизни кузатиб боринг
Telegram
Энг сўнгги хабарлардан бохабар бўлинг
Instagram
Лайклар билан сийлашни унутманг
Odnoklasniki
Бизни одноклассникида кузатиб боринг
Youtube
Бизни кузатиб боринг