«Дунё сенинг тоғангмас» деб интернетни «портлатаётган» Java ким ўзи? У нега юзига ниқоб тақиб юради? (видео)

Ўз 58

Ижтимоий тармоқларда жуда тез машҳурликка эришган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган «Дунё сени тоғангмас» таронасининг ижрочиси Java «Яшин ТВ» YouTube каналига берган интервьюсида асл исми, ижодга қандай кириб келгани, ниқобда юришининг сабаби, танқид қилувчиларга муносабати, бизнеси, Насафий билан муносабати ва дуэти ҳақида гапирди.

Асл исми, қаерда, қачон туғилгани ҳақида

«Асл исмим Жавоҳир Абдухолиқов Икром ўғли. Жиззахданман, 1999 йилда туғилганман» , — дейди хонанда.

Хонанда ижодга қандай кириб келган?

«Мусиқачи оиласида туғилганман, дадам шу билан шуғулланган. Ёшлигимда, мактабга чиқмасимдан олдин уйимизда пианино бўларди, шу пайтдан қизиқиш бошланган. Кейин аммам мусиқа мактабларига олиб борди, у ерда ҳам пианино чалиб юрардим. Вақт ўтиб Глиэр номидаги академик-лицейига ўқишга кирдим.

Нима сабабдан ниқобда юриши ҳақида

Юзимни яшириб юришим — пиар ҳам, ниқоб ҳам, имиж ҳам эмас. Ўзига яраша сабаби бор. Бу ҳақда гапириш менга қийин. Вақти келиб, балки билишинглар мумкин. Соғлиққа ҳам бориб тақалади. Сабабини аниқ айта олмайман.

«Дунё сени тоғангмас» таронасининг яратилиши ва машҳур бўлиб кетиши ҳақида

«Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу мусиқага ҳам бошқа мусиқаларим каби ёндашганман. Аввалги мусиқаларимга сарфлаган энергия ва кучимни бу таронага ҳам шундай қилиб сарфлаганман. Шунақаси ҳам бўлар экан, инсон билмайди қачон у куйлаган қўшиқ машҳур бўлиб кетишини. ‘Дунё сени тоғангмас’ таронаси асосий ижодни бошлаганимдан кейин 4-мусиқам ҳисобланади. Ижодни яқинда бошладим», — дейди Java.

Фото: Instagram /@java_musicc



Manba: Daryo.uz