Инфаркт хавфи борми? Юрак хуружи хавфини оширадиган 6 та омил

Ўз 62

Ирсият ва турмуш тарзи юрак-қон томир тизимининг соғлиғига таъсир қилувчи асосий нарсалардир. Аммо бир қарашда юрак фаолиятига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган баъзи омиллар ҳам мавжуд, улар юрак хуружи ривожланиш хавфини сезиларли даражада ошириши мумкин, деб ёзади «Новий очаг».

Фото: «Новий очаг»

Миокард инфаркти нима?

Миокард инфаркти — бу юракни қон билан таъминлайдиган артерия тиқилиб қолганда юзага келадиган ҳолат. Қон юракка оқишини тўхтатганда, юрак мушаги шикастланади ёки ҳатто ўлиши ҳам мумкин. Миокард белгилари одатда қуйидагилардан иборат: нафас қисилиши, кўкрак қафасидаги оғриқ бўйин, бел, чап қўл ва ҳатто жағга тарқалиши мумкин. Кўнгил айниши ва қорин оғриғи ҳам тез-тез учрайди.

Кўпинча юрак хуружлари ишемик касаллиги бўлган одамларда содир бўлади, бу артерияларга таъсир қилади ва қон оқими ва юрак мушакларининг метаболик талаблари ўртасидаги мувозанатни бузади.

Ҳайз даврининг 12 ёшдан эрта бошланиши

Қизларнинг эрта балоғатга етиши юрак хасталикларини ривожланиш хавфининг юқорилиги билан боғлиқ. Юрак институти (АҚШ) томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқот томонидан тасдиқланганидек, балоғат ёши 12 ёшдан олдин бошланган аёллар тенгдошларига қараганда юрак-қон томир касалликларидан 10 фоиз кўпроқ азият чекади. Шифокорларнинг фикрига кўра, бу қарамлик эстрогеннинг юқори даражасига боғлиқ бўлиши мумкин, бу эса қон қуюқлашиши ва инфаркт хавфини оширади.

Озишга мўлжалланган таблеткалар қабул қилиш

Биринчидан, бу таблеткаларнинг аксарияти самара бермайди ва энг яхши натижада ҳам вазн ўзгармайди. Иккинчидан, бу дориларнинг аксарияти юрак соғлиғига салбий таъсир қилади. Уларнинг барчаси қон босими ва юрак уриш тезлигини оширади. Ҳа, ортиқча вазн юрак касалликларини ривожланиш хавфини оширадиган омиллардан биридир, шунинг учун анъанавий усуллар билан курашиш яхшироқдир.

Тез-тез гриппга чалиниш

New England Journal оf Medicine журналида чоп этилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, грипп касаллигидан кейин камида бир йил давомида юрак хуружи хавфини олти марта оширади. Шунинг учун, касаллик даврида ва тузалгандан сўнг юракнинг ҳолатини диққат билан кузатиб бориш ва соғлиқдаги энг кичик ўзгаришларда ҳам шифокор билан маслаҳатлашиш керак.

Ёлғизлик

Heart журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, ёлғизлик ва яккаланиш ҳисси юрак хасталиклари хавфини 30 фоизга оширади. Яхшиямки, бу омил билан курашиш жуда осон: шунчаки ким биландир суҳбатлашиш кифоя.

Ҳомиладорлик давридаги қийинчилик

Аслида, фарзандни дунёга келтириш катта масъулиятни талаб қилади. Аммо агар ҳомиладорлик қандли диабет ёки юқори қон босими билан кечган бўлса, келажакда юрак хасталиги билан касалланиш хавфи сезиларли даражада ошади.

Стресс

2017 йилда Америка кардиология коллежининг 66 йиллик илмий сессиясида тақдим этилган тадқиқотга кўра, депрессия нафақат юрак хасталиги, балки ўлим хавфини ҳам икки баравар оширади. Шифокорлар, буларнинг барчаси юрак ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган стресс гормони — кортизол эканлигини таъкидлайди. Бундан ташқари, депрессияга учраган одамлар кўпинча юрак соғлиғи учун дори-дармонларни қабул қилишни тўхтатади, фаол ҳаёт тарзини камроқ олиб боради, чекиш ва спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилади, буларнинг барчаси юрак касалликларини ривожланиш хавфини оширади.

Миокард инфаркти учун биринчи ёрдам

Юрак хуружи ҳолати ўлим билан якунланиши ҳам мумкин. Юрак хуружига ўхшаш аломатлари бўлган одамни дарҳол касалхонага олиб бориш керак. Тез ёрдам машинаси кетаётганда нима қилиш кераклиги ушбу видеода ҳаракатлар кетма-кетлиги билан аниқ кўрсатилган.



Manba: Daryo.uz