Япония мудофаа вазири Россия ва Хитой кемаларининг мамлакат ҳудудига яқин ҳаракатланаётганидан хавотирда эканлигини билдирди

Ўз 10

Россия ҳамда Хитой кемалари гуруҳининг Япония соҳиллари яқинида сузиб ўтиши хавотирларни кучайтирмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Нобуо Киси ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Фото: EPA

«Киси Россия ва Хитойнинг жами 10 та кемаси Япония атрофида манёврлар амалга оширгани, қисқа вақт ичида деярли бир хил йўналиш ҳамда оралиқда ҳаракатланганидан хавотирда эканлигини маълум қилди», – деб ёзмоқда «Майнити» нашри.

Вазир Россия ҳарбий денгиз флотининг бешта кемаси Тинч океанида Хоккайдо оролидан жанубга томон сузгани, кейин Сусим бўғози орқали Япон денгизига чиққанини тасдиқлаган. У Хитойнинг учта кемаси ҳам худди шундай йўналиш бўйича ҳаракатланганига эътибор қаратган.

Нобуо Киси мазкур ҳаракатлар «мамлакат қудратини намойиш қилиш» эканлигини таъкидлаб, бу келажак учун хавотирли ҳолатлигини қайд этган.

Бундан ташқари Япония мудофаа вазири 21 – 22 июнь кунлари Хитойнинг олтита кемаси Окинава префектураси яқинидан ўтгани, кейин Шарқий-Хитой денгизи орқали Тинч океанига йўл олганини хабар қилган.

Шунингдек, вазир Токио Хитойнинг Тайванда ҳаводан ҳимояни қайд этиш ҳудудидан бир томонлама тартибда 29 та самолётини учириб ўтказганини диққат билан кузатиб турганлигини баён этган.

Аввалроқ NHK Япония мудофаа кучлари Сусим бўғози орқали Россиянинг бешта кемаси Япон денгизи ҳудудига кирганлиги ҳақида хабар тарқатган. 19 июнда мазкур кемалар Шарқий-Хитой денгизида пайдо бўлган ва Япония жануби-ғарбидаги Окинава префектураси яқинидан сузиб ўтган.

Бир ҳафта аввал Россия кемалари Хоккайдо префектурасининг бурчак қисми ҳисобланган Эримога яқин келган. Кейинчалик жанубга Идзу ороллари томон йўл олган.

NHK Япония мудофаа кучлари Идзу ороллари яқинида Хитойнинг учта кемаси сузиб юрганини аниқлагани ҳақида ёзган. Хитой кемалари навбат билан дастлаб Лаперуза ва Сугару бўғозларидан ўтган ҳамда худди Россия кемалари каби Тиба префектурасининг жануб томонига сузиб кетган.



Manba: Daryo.uz