Туркия Украина буғдойини экспорт қилиш бўйича Россия билан музокара ўтказди

Ўз 9

Туркия Мудофаа вазирлиги делегацияси чоршанба куни Москвада Украина буғдойининг денгиз орқали экспорт қилишдаги тақиқ бўйича музокаралар ўтказди.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, учрашув «конструктив ва жуда ижобий муҳитда» ўтган ва унинг иштирокчилари Украина ва БМТ иштирокида тўрт томонлама музокаралар ўтказиш бўйича келишувга эришганликларини маълум қилган.

Россия ва Туркия, шунингдек, Украинанинг блокланган портларидан юклари бўлган тижорат кемаларини олиб чиқиш ва Турк самолётларини Бориспол аэропортига хавфсиз тарзда қайтариш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Киев, Москва, Анқара ва БМТ вакилларининг тўрт томонлама учрашувига яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Қора денгизни тўсиб қўйган, шу сабабли Украина ўз озиқ-овқатини денгиз орқали экспорт қила олмаяпти.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Сеник Россиянинг денгиз блокадаси шароитида Украина икки дон экспорт каналини – Польша ва Руминия орқали йўлга қўйганини, шунингдек, Болтиқбўйи давлатлари билан ҳам музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сиярто, унинг мамлакати Россиянинг Украина портларини блокадага олиши оқибатида юзага келган глобал озиқ-овқат инқирозини ҳал қилишга ҳисса қўшишни таклиф қилганини айтди.

Владимир Зеленский Африка Иттифоқи мамлакатларига мурожаатида Украина денгиз донининг экспортига тўсиқни олиб ташлаш бўйича кўп томонлама музокараларда ҳали муваффақиятга эришмаганини айтди.



Manba: Daryo.uz