Сурхондарёда тегишли рухсатномасиз хусусий университет ташкил этиб, 73 кишини чув туширган шахслар аниқланди

Ўз 10

Сурхондарё вилоятида тегишли рухсатномасиз хусусий университет ташкил этиб фуқаролардан пул ундириш ҳолати аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Маълум қилинишича, департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда М.Ж. ва С.С. исмли шахслар ўзаро тил бириктириб, «У.А.» МЧЖни ташкил этгани ва Telegram’да «At-Termiziy University» хусусий университети каналини очиб, фаолият юритишга тегишли рухсатнома олмасдан у ерга ўқишга қабул бошлангани ҳақида хабарлар бергани аниқланган.

Улар ушбу университетда ўқиш истагини билдирган 73 нафар фуқаронинг 306,9 миллион сўмини тўлов пуллари сифатида қабул қилиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда 14 минг доллар эвазига тиббиёт институтига ўқишга кириб қўйишни ваъда қилган талаба ушлангани, Қашқадарёда икки кишини ўқишга киритиб қўйиш учун 10 минг доллар пора олган шахс қўлга тушгани, Фарғонада Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 10 минг доллар олган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.



Manba: Daryo.uz