Сурхондарёда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди

Ўз 21

Сурхондарё вилоятида бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши, суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига барҳам бериш ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган йиғилишда 8 нафар давлат хизматчиси ДХХ томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Қайд этилишича, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан бюджет ва кредит маблағларини ўзлаштирган 1 нафар собиқ банк ходими ва 7 нафар турли ташкилот ходимлари эҳтиёт чораси сифатида мажлис жараёнида қамоққа олинган.

Май ойида «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Д.А. ва омбор мудири Ф.А. қиймати 12 миллиард 87 миллион сўм бўлган 2 минг 884 тонна дон маҳсулотини талон-торож қилгани аниқланган. Тергов ҳаракатлари давомида Д.А. ўзи томонидан талон-торож қилинган 616 тонна дон маҳсулоти учун етказилган зарарни, яъни 2 миллиард 607 миллион сўмни тўлиқ қоплагани учун унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.

Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида «Музработ дон қабул қилиш шохобчаси» собиқ мудири О.И. «Алпомиш» ун тегирмони собиқ раҳбари Й.О.лар катта миқдордаги дон маҳсулотларини талон-торож қилган. Уларга нисбатан ҳам қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Бундан ташқари, ун тегирмони собиқ раҳбари Й.О.нинг қиймати 4 миллиард 886 миллион сўмлик 1 минг 166 тонна дон маҳсулоти талон-торож қилингани аниқланган. Тергов жараёнида собиқ раҳбарга тегишли бўлган қиймати 5 миллиард 400 миллион сўмлик кўчмас мулк объектлари хатловга олинган. Шу сабабли унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ҳам гаровга ўзгартирилди.

Шунингдек, омбор мудири Ф.А. ҳамда тегирмон катта таҳлилчиси Х.Ж. томонидан жиноий йўл билан топилган 2 та Gentra енгил автомашинаси ҳам тегишли тартибда хатланган.

Яна бир ҳолатда 2021 йилда Шўрчи туманидаги Shurchi Indenim Кластер МЧЖ тасарруфидаги 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган. Амалда технология 142,7 гектар майдонда барпо этилиб, пудратчи Agro new drip МЧЖ томонидан ишлар тўлиқ якунига етказилмаган. Ҳисоботларда эса ишларнинг тўлиқ бажарилгани кўрсатилган. Бу эса катта миқдордаги субсидия маблағларининг ажратилишига сабаб бўлган.

Ўрганишлар давомида «Аму-Сурхон» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Т.А. ва ушбу бошқармада фаолият юритиб келаётган айрим масъул шахслар давлат бюджетидан субсидия маблағлари ажратилиши ҳақидаги имкониятдан қасддан фойдаланиб, юқоридаги 142,7 гектар майдондан ташқари, қўшимча 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Оқибатда Shurchi Indenim Кластер МЧЖга 6 миллиард 747 миллион 640 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ажратилган ва иқтисодиётга катта миқдорда зарар келтирилган. Ҳолат юзасидан Т.А.га гумонланувчи сифатида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда эса Shurchi Indenim Кластер МЧЖ масъул шахслари томонидан келтирилган 6 миллиард 747 миллион 640 минг сўмлик зарарнинг давлат фойдасига ундирилиши таъминланган. Шу муносабат билан унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган.

Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.



Manba: Daryo.uz
Дўстларингиз билан улашинг:
Теглар
Сурхондарёда 8 нафар давлат хизматчиси йиғилиш жараёнида ДХХ томонидан қўлга олинди
Бизни кузатиб боринг
Telegram
Энг сўнгги хабарлардан бохабар бўлинг
Instagram
Лайклар билан сийлашни унутманг
Odnoklasniki
Бизни одноклассникида кузатиб боринг
Youtube
Бизни кузатиб боринг