Самарқандда 1,5 млн доллар қарзи бор тадбиркор транспортларига қидирув эълон қилинди

Ўз 11

Самарқандда 1 миллион 500 минг доллар миқдоридаги кредит қарздорлиги бор тадбиркорнинг мол-мулклари ва транспортларига нисбатан қидирув эълон қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБнинг вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси инспектори Фирдавс Маҳмудов маълум қилди.

Фото: МИБ

Таъкидланишича, Тойлоқ туман иқтисодий судининг 2021 йил 27 августдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор «Даромад омад файз» қўшма корхонасидан АТ «Асакабанк» вилоят филиали фойдасига 1 миллион 349 минг 904 доллар асосий кредит қарзи, 149 минг 989 доллар муддати ўтган қарз, 927 доллар фоиз қарз, жами 1 миллион 500 минг 820 доллар (17 миллиард 3 миллион 370 минг сўмни) ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг вилоят бошқармаси иш юритувига келиб тушган.

Ундирув учун гаровга қўйилган саноат зонада жойлашган эшик-дераза профиллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуна, сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган иссиқхона мажмуаси ва махсус автотранспорт воситаларига қаратиш белгиланган.

Қарздор томонидан кредит қарздорлиги муддатида қопланмагач, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Хусусан, махсус автотранспорт воситаларига нисбатан бошқарманинг қидирув бўлими томонидан қидирув эълон қилинган.

Қидирув натижасида Doosan русумли экскаватор махсус транспорти Жомбой тумани ҳудудида ишлаётган жойда топилиб, вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.

«Эндиликда қарздорлик бартараф этилмаса, бу транспорт аукционга чиқарилади ва тушган маблағ кредитни қоплашга йўналтирилади», — дейди Фирдавс Маҳмудов.



Manba: Daryo.uz