ДХХ маданий мерос объектларига 6 млрд сўмлик зарар етказган мансабдорларни аниқлади

Ўз 9

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа масъул идоралар ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар натижасида жойлардаги маданий мерос объектларига нисбатан совуққонлик билан муносабатда бўлиш ҳамда давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Жумладан, Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати» Давлат муассасаси ҳамда «Антиқа ва сифатли қурилиш» хусусий корхонаси ўртасида 2020—2021 йилларда Бўстонлиқ туманида жойлашган «Шайх Умар Вали Боғистоний» зиёратгоҳини таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича 1,7 миллиард сўмлик пудрат шартномаси имзоланган. Лекин буюртмачи хизмати Давлат муассасаси ва корхона мансабдор шахслари таъмирлаш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритган. Ҳақиқатан бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 402,7 миллион сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштиришган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги қарорига асосан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Қиличли ота» зиёратгоҳида қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари бўйича вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ва «Тошмелиоқурилиш» МЧЖ ўртасида шартнома тузилиб, 309 миллион 107 минг сўм бюджет маблағи ажратилган.

Бироқ «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ва «Тошмелиоқурилиш» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, бажарилган қурилиш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритган. Ҳақиқатан бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзиш орқали 263 миллион 286 минг сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштиришган.

Ҳолат юзасидан инжиниринг компанияси ва МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228- (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яна бир ҳолатда эса Қибрай туманидаги «Бузган тепа» археология ёдгорлигининг ён қисмларида маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва бошқа бинолар қуриш бўйича ишлар олиб борилган. Оқибатда ушбу моддий маданий мерос объектига 5 миллиард 668 миллон сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 132 (моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) ва 205- моддалари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



Manba: Daryo.uz