Қашқадарёда боғча қоровули ишга кириш учун мудирага 600 минг сўм пул берса-да, ишдан бўшатилганини айтди. Масъул эса собиқ ишчи аёл қоровулга тегажоғлик қилгани боис ишдан олинганини билдирди

Ўз 5

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида яшовчи боғча қоровули ноҳақ ишдан бўшатилганини, беш ойлик маошини ололмаётганини айтмоқда. «Дарё» мухбири мурожаатчи важларини ўрганди.

Ибрагим Жумаев.
Фото: Telegram

Маълум бўлишича, мурожаатчи Ибрагим Жумаев 2019 йил декабрь ойида Миришкор туманидаги 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига қоровул сифатида ишга олинган, 2021 йилнинг ноябрь ойида эса ишдан бўшатилган.

Мурожаатчи Ибрагим Жумаевнинг айтишича, у боғча қоровули бўлиб ишга кириши учун боғча мудираси ундан 100 доллар талаб қилган. У эса боғча мудирасининг укаси орқали 600 минг сўм пул берган.

Мурожаатчининг қўшимча қилишича, у иш вақтида боғча мудираси талаби билан болалар учун келган озиқ-овқат маҳсулотларининг маълум бир қисмини унинг уйига олиб бориб берган. Шунингдек, раҳбар талаби билан унинг уйида ҳам ишлаб, боғчадан чиққан темирлардан боғча мудирасининг ҳовлиси учун беланчак ясаб берган. Бора-бора талаблар кўпайгач, уни бажаришни рад қилгач, ишдан олинган.

«Бу туҳмат, айнан шу туҳмати учун собиқ қоровулимиз суд томонидан жаримага ҳам тортилган», — дейди Миришкор туманидаги 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дурдона Тойирова.

Дурдона Тойированинг «Дарё»га қўшимча маълумот беришича, собиқ қоровул бошқа бир аёл қоровулга тегажоғлик қилгани сабаб ишдан олинган.

«Кундуз куни қоровул сифатида ишловчи аёл киши менга мурожаат қилиб, қоровул Ибрагим Жумаев унга тегажоғлик қилаётганини, ишлай олмаслигини айтиб, шикоят қилди. Шундан сўнг раҳбар сифатида қоровулимиз Ибрагим ака билан гаплашиб вазиятни тушунтирдим. ‘Майли, агар иш керак десангиз, аёлингизними ёки қизингизними олиб келинг, ўрнингизга ишга оламан. Боғчада асосан аёллар ишлайди. Улар ҳам бу ҳолатдан норози бўлмоқда. Ишчи аёлларнинг уйдагилари ҳам бундан норози бўлган’, деб тушунтирдим. Шунда қоровулимиз кетди ва бир ҳафта ишга чиқмади. Шундан сўнг, ҳужжатларни расмийлаштириб, у кишини ишдан олдик», — дейди масъул.

Боғча раҳбарининг айтишича, мурожаатчининг беш ойлик маошим берилмаяпти деган гапи ҳам асоссиз.

«Барча ҳисоб-китоблар қилинган. Ибрагим ака ишдан бўшатилиб, бўш юрган беш ойлик муддатини назарда тутаётган бўлса, биз у кишини ишдан бўшатиб, ҳужжатларни расмийлаштирганмиз. Бу ҳақда 2022 йилнинг 25 май куни бўлиб ўтган судда ҳам айтилган», — дейди Дурдона Тойирова.

Аниқланишича, 2022 йилнинг 25 май куни бўлиб ўтган судда Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман суди Ибрагим Жумаевни Дурдона Тойировага туҳмат қилган деган тўхтамга келиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдорида жарима тайинлаган.



Manba: Daryo.uz
Дўстларингиз билан улашинг:
Теглар
Қашқадарёда боғча қоровули ишга кириш учун мудирага 600 минг сўм пул берса-да ишдан бўшатилганини айтди. Масъул эса собиқ ишчи аёл қоровулга тегажоғлик қилгани боис ишдан олинганини билдирди
Бизни кузатиб боринг
Telegram
Энг сўнгги хабарлардан бохабар бўлинг
Instagram
Лайклар билан сийлашни унутманг
Odnoklasniki
Бизни одноклассникида кузатиб боринг
Youtube
Бизни кузатиб боринг