«10 минг километр босиб, одам ўлдиргани бормайман». Армияга боришдан бош тортгани учун судланган бокс қироли Муҳаммад Али

Ўз 31

Бокс қироли Муҳаммад Али ўз фаолиятининг юқори чўққисига эришганда дуч келган ҳолати ҳақида ўйласак, дунё охирги 50 йилда қанчалик ўзгарганини ҳис қиламиз. Бутун инсоният тарихини олиб қарайдиган бўлсак, бу воқеага жуда узоқ вақт бўлмади. Муҳаммад Али АҚШ қуролли кучлари сафида хизмат қилишдан бош тортган. Шу тариқа у Америка армияси қатнашаётган Вьетнам урушига боришдан қутулиб қолган.

Фото: Sky Sports

Жиноий иш

АҚШда 50—100 йил аввал армияга бормаслик ва урушда қатнашмаслик масаласига жуда жиддий қаралар эди, ҳозир ҳам турли давлатларда ёш йигитларни қўрқитиш ишлари давом этяпти. Кимлардир қўрқув туфайли армияга боришдан бош тортиши мумкин, лекин Муҳаммад Али билан бундай ҳолат кузатилмаган. Унда бошқа мотивлар бор эди. Ҳозир бу оддий ҳолдек туюлиши мумкин, аммо 1967 йил 28 апрель куни бу тизимга қарши дастлабки қадам эди. Али таваккал қилиб бу ишга қўл урди ва ғалаба қозонди.

1967 йил 28 апрель. Муҳаммад Али АҚШ армиясида хизмат қилишдан бош тортгани учун профессионал бокснинг оғир вазн тоифасидаги чемпионлик камаридан маҳрум қилинди.
Фото: АP

Луизиана чақирув комиссиясига келиб уни армияга олмасликлари учун қўлидан келган барча нарсани қилди. АҚШ президенти сўралган жойга Уильям Шекспир деб ёзиб, анкетани нотўғри тўлдирди. Ҳарбий қасамёд қилиш учун сафга туришдан ҳам бош тортди. Уни эски исми — Кассиус Клей деб чақиришса ҳам индамасдан тураверди.

Армияга боришдан бош тортгани учун унга қарши жиноий иш очилди ва 1967 йил 19 июнда суд бўлиб ўтди. 25 ёшли боксчининг суд қаршисида айтган сўзлари:

Мен ветнамликлар билан уришганим йўқ, уларга ҳеч қанақа қаршилигим йўқ. Улар менга ёмонлик қилмади, «негр» деб атамади, ҳуқуқларимни чеклаб қўймади. Мени қамоққа юбормоқчимисиз — бемалол. Лекин бечора ва бахтсиз инсонларни ўлдириш учун 10 минг километр йўл босиб у ерга бормайман. Яхшиси қамоқда ўтираман ва сизлар билан жанг қилиб ўламан. Айнан сизлар менинг озодлигим йўлида тўсиқ бўлиб турибсиз, бошқалар билан бир хил бўлишимни хоҳламайсиз, менинг диний ҳуқуқларимни ҳурмат қилмайсиз. Вьетнамликлар билан эса ҳеч қанақа муаммом йўқ.

Муҳаммад Али

Ҳакамлар ҳайъатига бу сўзлар таъсир қилмади ва улар Алини айбдор деб топди. 20 июнь куни суд ҳукми ўқилди. Алига 5 йиллик қамоқ жазоси берилди, ундан ташқари 10 минг доллар жарима ва АҚШдан чиқиб кетмаслиги учун паспорти ҳам олиб қўйилди.

Муҳаммад Али 1967 йил 28 апрелга қадар эришган чемпионлик камарларидан (WBA, WBC, The Ring) маҳрум бўлди. Бунга жавобан: «Мен камарлар учун рингда жанг қилганман. Улар уйда ётибди. Уларни фақатгина рингда йўқотишим мумкинлиги ҳақида ёзилган», — деди Али.

Бўлиши мумкин бўлганларнинг энг яхшиси

Муҳаммад қамоққа олинмаслиги учун адвокатлар анча тер тўкди. Натижада Али бошқа сабаб билан — ҳайдовчилик гувоҳномасида кўрсатилмаган категориядаги машина ҳайдагани учун 10 кун қамоқда ўтирди.

Апелляция бериш учун ўтган бир неча йилда америкаликларнинг ветнамликларга нисбатан муносабати ўзгарди, Али ватан хоини эмас, аксинча қаҳрамонга айланди. Шунда ҳам уни сотқин дейдиганлар топиларди.

1967 йилдан 1970 йилга қадар Али жанг қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, шунда ҳам у халқ назаридан тушмади. У Университетларга маъруза ўқиш учун борар, бу учун гонорар олар эди. Майамида масжид қурилишида иштирок этди. Ўз номи остида «бургерхона»лар қурилишига рози бўлди. Ҳаттоки «Buck White» мусиқали фильмда иштирок этиб, ўз актёрлик қобилиятини синаб кўришга ҳам улгурди. «The Греатест» номли автобиография ёзди. Қисқа вақт ичида Муҳаммад Али мўмайгина даромад қилди.

Муҳаммад Али АҚШ армиясида хизмат қилишдан бош тортгани учун айбланганидан сўнг қуролли кучлар биноси олдида. Техас, Ҳюстон, 1967 йил 20 июнь.
Фото: АP

Қайтиш

Лекин чемпион жанг қилишни хоҳларди. 1970 йилда унда жанг қилиш имконияти пайдо бўлди. Жоржия штатида атлетика комиссияси йўқ эди, жанг қилиш учун маҳаллий бошқарманинг рухсатигина керак эди, холос. Алининг жамоаси уни қўлга киритди ва 26 октябрда у рингга қайтди. Муҳаммад 3-раундда Жерри Куоррини нокаутга учратди.

1971 йил март ойида амалдаги чемпион Жо Фрэйзерга қарши рингга чиқди. Ўша йили ундан барча айбловлар олиб ташланди. Унинг иши юқори судгача етиб борган ва улар шундай қарор чиқарган эди. Фрэйзерга қарши жангга Али ҳали тўлиқ тайёр эмасди ва ҳакамлар қарорига кўра мағлуб бўлди.

Муҳаммад Али Жо Фрэйзерга қарши. 1971 йил 8 март
Фото: АP

Бу жангни мухлислар анча аввал кутишган эди. Чунки Али рингга чиқа олмай юрган вақтларда янги чемпионга яхши муносабатда бўлмаганди. Треш-ток (рақибга нисбатан ҳақоратомуз муносабатда бўлиш) ўша вақтларда Али сабаб урф бўла бошлаган. 1974 ва 1975 йилларда Муҳаммад Фрэйзер устидан икки марта ғалаба қозонган.

Муҳаммад Алининг энг машҳур жанглари Вьетнам урушига бош тортгандан кейин бўлиб ўтган. Бу воқеа туфайли у 3 йилини йўқотди, лекин шунда ҳам вазиятдан ғолиб сифатида чиқиб кетди. У рақибинг қанчалик кучли бўлиб кўринмасин, курашишдан қўрқмасанг, албатта ғолиб бўлишингни кўрсатиб берди.



Manba: Daryo.uz