Жаноб Расул, Осман Наврўзов ва Жалолиддин Аҳмадалиев. Интернет юлдузларининг «бирров»и қанча?

Ўз 63

Клиплари телеканалларда намойиш этилмаса-да, қўшиқлари YouTube тармоғида миллионлаб кўриладиган ўзбек ижодкорлари ҳақида маълумот бергандик. Улар нафақат интернет тармоқларида, балки тўй-хизматларида ҳам фаол. Уларнинг гонорари 10-15 йилдан буён ижод қилаётган баъзи хонандаларнинг хизмат ҳаққидан юқори десак ҳам бўлади. Хўш, YouTube’даги юлдузларнинг тўйлардаги «бирров»лари қанча?

Жаноб Расул

Фото: Instagram / @janob_rasul_official_

Хонанда 1987 йил 21 июнда Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида туғилган. Унинг фамилияси Саитчанов, илк клипида Раж Капурнинг «Жаноб 420» фильмига тақлид қилган. Шундан сўнг мухлислар унга Жаноб Расул тахаллусини беришган. Хонанда ижодни бошлаганига 20 йилдан ошди. Аммо  10 йил деганда «Captiva» қўшиғи орқали одамлар оғзига тушган. Ҳозирги кунда у Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги энг талабгир хонанда ҳисобланади.

Жаноб Расулни пойтахтдаги тўйга олиб келмоқчи бўлганлар камида 2000-2500 АҚШ долларини ҳозирлаб қўйишлари керак. Хоразмдаги тўйларга эса шунинг тенг ярми миқдоридаги пулни сарфлашга тўғри келади. Фақат хонандани тўйга таклиф этиш учун камида икки ой аввал бўш кунни банд қилиш шарт.

Жалолиддин Аҳмадалиев

Фото: «Дарё»

Жалолиддин Аҳмадалиев 1992 йил 12 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Данғара туманида дунёга келган. У «Она, сени унутганим рост», «Ёр биздан кетди», «Менда қолмади дил», «Тупроқдан бўлгансан, тупроқ бўласан», «Эҳ жўралар», «Хавотирдаман», «Дадамнинг соясида» каби қўшиқлари билан машҳурликка эришган.

Хонанда тўй хизматларига чиқаётганига кўп бўлгани йўқ. Аммо у ҳозирги кунда энг талабгир хонандалардан бири ҳисобланади. Унинг пойтахт тўйларидаги «бирров»и 1000 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Водийда эса бу нарх икки баробаргача ортиши мумкин. «Ижодини бошлаганига кўп бўлмаган хонанданинг хизмат ҳаққи бунча қиммат?», деб кўпчилик қизиқиши аниқ. Сабаби хонанда тўйларда фақат жонли ижрода куйлайди ва у ўзи билан бирга ўндан ортиқ созандаларни олиб боради.

Осман Наврўзов

Фото: Instagram / @osmannavruzov_official

Хонанда 2013 йилдан туркман тилидаги қўшиқларни куйлаб ижодни бошлаган. Аммо ҳеч бир қўшиғи омадли чиқмаган. Беш йил ижод қилиб, ҳафсаласи пир бўлган Осман Наврўзовга Россиядаги дўсти бир нечта қўшиқларнинг ғоясини юборган. Хонанда улар ичидан «Любимая» қўшиғини танлаб олган. Ҳозирги кунда мазкур қўшиқ YouTube тармоғида 98 миллион марта томоша қилинган.Осман Наврўзовнинг пойтахтдаги «бирров»лари 1500 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Хоразм ва Қорақалпоғистондаги хизмат ҳақлари эса тўйхона манзилига қараб баҳоланади.

Гулинур Эгамберганова

Фото: Instagram / @guliinursinger

Хонанда Гулинур Эгамберганова 1994 йил Хоразм вилоятида дунёга келган. У касб-ҳунар коллежини тамомлагач, тўйларда қўшиқ куйлашни бошлаган. У ҳеч қандай мусиқий маълумотга эга эмас. 2013 йилда ижод қилишни бошлаган хонанданинг «Жўжи қоро», «Балиқчам», «Сан ўйна» ва «Попурри» каби клиплари YouTube’да бир неча миллион марта томоша қилинган.Хоразм тўйларида фаол Гулинурнинг пойтахтдаги «бирров»лари 1000 АҚШ долларидан кам эмас. Вилоятдаги тўйларнинг нарх-навоси эса манзилига қараб белгиланади.

Муҳаммад Зиё

Фото: Instagram / @muhammadziyo.оффиcал

Хонанда 1993 йил Андижон вилоятининг Марҳамат туманида дунёга келган. Хонанда ижодидаги «Гулжаҳон», «Акахонларим» ва «Сизда ҳам пул кўпайиб кетди» қўшиқлари YouTube’да яхши натижаларни қайд этган.

У 12 ёшидан буён тўй-ҳашамларда хизмат қилишини интервьюларида таъкидлаб ўтган. Хонанда айни кунларда Тошкент тўйларида фаол бўлишга жиддий аҳд қилган. У пойтахт тўйларидаги «бирров»ини 450-500 АҚШ долларига баҳоламоқда. Водийдаги тўйлар нархи эса 800 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Достон Эргашев

Фото: Instagram / @dostonergashevofficial

Хонанда Достон Эргашев 1992 йили Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида таваллуд топган. У болалигидан торли чолғуларни чалиб, қўшиқ айтишга қизиққан. Унинг танилишига ҳам гитара чалиб куйлаган кавер қўшиқлари сабаб бўлган.Достон Эргашев «Уйланамиз», «Кўзмунчоғим», «Дада», «Эй дўстим» каби қўшиқлари билан тингловчилар меҳрини қозонган.Тўйлар борасида хонанданинг бозори чаққон. У пойтахтнинг ўзидаги «бирров»ларга 500 АҚШ долларидан камига бормайди. Вилоят тўйларидаги нарх-наво эса манзилнинг узоқ-яқинлигига қараб ортиб бораверади.



Manba: Daryo.uz