Ўзбекистонда IТ бўйича таълим олаётган талабаларнинг 30 фоизи қизлар экани маълум қилинди

Ўз 9
Ўзбекистондаги IТ соҳасига ихтисослашган Инҳа, Аmity ва Тошкент ахборот технологиялари университетлари талабаларининг 30 фоизини қизлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда 13 май куни ўтказилган «Ўзбекистон қизларининг рақамли имкониятларини кенгайтириш» форумида Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири. Ҳилола УмароваФото: Инновация, технология ва стратегия марказиҲилола Умарованинг айтишича, IТ бўйича таҳсил олаётган талаба қизлар сони сўнги 6 йилда 9 баробар ошган.«Қизларда IТ соҳасига бўлган қизиқиш йилдан йилга ошиб бормоқда. Бунга мисол сифатида 6 йил илгари Тошкент шаҳрида очилган Инҳа университетида қизлар улуши 3 фоиз бўлганини айтиш мумкин. Ҳозир эса бу рақам 9 баробар ошган. 5-6 йил олдин IТ технологиялар десак, қизлар ва ота-оналарда бу соҳа эркаклар учун, деган стереотип бўлган. Эртага компьютер тузатадими, деган мазмундаги кўп саволлар ҳам бериларди. Бугун эса бу қарашлар ўзгарди. Қизларимиз кўзлари ёниб, IТ’ни ўрганмоқда. Ҳозирга келиб IТ соҳасида аёллар иштироки 30 фоизга етди. Хусусан, IТ’га ихтисослашган Инҳа, Аmity, Тошкент ахборот технологиялари университетлари талабаларининг 30 фоизини қизлар ташкил этмоқда. Бу давлат ривожи учун катта ютуқ. Сабаби таҳлил қилганимизда қизларда йигитларга нисбатан ижодий ёндашув кучли бўлади. Улар мукаммалроқ ижод қила оладилар», — деди агентлик раҳбари.Тадбирда Ҳилола Умарова ахборот технологияларини қизлар учун қулай жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтди.«IТ’ни ҳунар десак ҳам бўлади. Бугун рақамли технологиялар барча соҳаларга кириб боряпти. Қизлар бу йўналишни танласам қандай бўлади, деган саволни кўп беришади. Айтишим керакки, бу соҳа қизлар учун жуда қулай. Биринчидан, кунлик белгиланган вақт талаб қилинмайди, бемалол бўласиз. Яъни қайси вақтда ишлашни ўзингиз ҳал қиласиз. Иккинчидан, бу йўналишдаги мутахассислар энг юқори ойлик-маош олишади. Учинчидан, олган билимингизни болаларингизга ҳам ўргата оласиз. Яна бир муҳим жиҳат, IТ доимий равишда ривожланиб боради ва инсонни ўз устида ишлашга имкон беради. Энг асосийси, сиз ҳам ижод қиласиз, ҳам эркин бўласиз», — деди Президент таълим муассасалари агентлиги директори.Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идораларга Ўзбекистонни минтақавий IТ марказига айлантириш вазифасини бергани хабар қилинганди. Шунингдек, мамлакатдаги IТ хизматларининг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келиши билдирилган.

Manba: Daryo.uz