Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади

Ўз 6
Июль ойи охирида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норовнинг МДҲ ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида маълум қилди. Фото: «Дарё» / Мадина НурманВладимир Норов «доимий геосиёсий нотинчлик, халқаро муносабатларнинг тубдан ўзгариши, беқарорлик ва ноаниқлик омилларининг кучайиб бориши, маҳаллий даражадаги қуролли тўқнашув ўчоқларининг кескинлашиши, террористик кучларнинг фаоллиги ва экологик муаммоларнинг вайронкор оқибатларининг ортиб бораётганини» таъкидлаган.Унинг сўзларига кўра, ушбу инқирозли вазиятлар бутун МДҲ ҳудудига жиддий таъсир кўрсатиб, минтақадаги тинчлик ва хавфсизлик, сиёсий барқарорлик, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун янги таҳдидларни келтириб чиқармоқда.Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Норов бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор аҳамиятга эга йўналишларини қайд этиб ўтган.Хусусан, унинг сўзларига кўра, эркин савдо зонаси тўғрисидаги Шартноманинг салоҳиятидан фойдаланиш, яқин фурсатларда хизматларнинг эркин савдо-сотиғи тўғрисида битимни имзолашга эришиш, товар ва хизматлар ҳаракатланиши йўлида қолаётган тўсиқларни бартараф этиш, ўзаро савдо-сотиқни рақамлаштириш, транспорт-транзит коммуникацияларини такомиллаштириш, ўзаро инвестицияларни ҳамда корхона ва минтақалар ўртасидаги кооперация алоқаларини қўллаб-қувватлаш бўйича фаолиятни давом эттириш лозим.Шу билан бирга, у ҳамкорларни 2022 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Саноат кооперацияси ва МДҲ Минтақалараро ҳамкорлик форумларининг ўтказилишини қўллаб-қувватлашга чақирган.Владимир Норов МДҲ ҳудудида, биринчи ўринда «Шимол—Жануб» йўналишидаги минтақалараро ва трансконтинентал транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан, Термиз— Мозори-Шариф—Қобул—Пешавор йўналишидаги темир йўлини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни муҳим деб ҳисоблайди.«Афғонистонга тўхталганда, афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу мамлакатдаги вазиятга эътибори сусайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни пайтда у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда», — дейди у.Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни Ўзбекистон Рамазон муносабати билан Афғонистонга 58 та вагондан иборат поездда инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди.Мавзуга доир: «Афғонистондаги вазият бўйича қуруқ сўздан амалий ишларга ўтиш вақти келди» — Абдулазиз Комилов

Manba: Daryo.uz