«Ўз болаларини ўлдириши мумкин бўлган айиқ боши қонаб ётган қизчага тегмади». Тошкент ҳайвонот боғидаги ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар берилди

Ўз 34
Тошкент ҳайвонот боғида аёл кичкина қизалоқни айиқ қафасига ташлаб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тошкент ҳайвонот боғи Йиртқичлар бўлими мудири Нодир Баҳромов боғда 28 январь куни содир бўлган воқеа юзасидан «Дарё»га қўшимча маълумотлар тақдим этди.Ходимнинг таъкидлашича, бу ҳолат боғ тарихидаги биринчиси.«Ҳайвонот боғи очилганига 24 йил бўлган бўлса, шу боғда 23 йилдан бери ишлайман. Бунақа ҳолат кузатилмаган, биринчи марта кузатилди.Ўзи асли табиатда эркак айиқ бу. Эркак айиқ ҳатто ўзини болалари учраганда еб қўйиб, ўлдирадиган даражада бўлади. Лекин Аллоҳнинг марҳамати деймиз, ҳатто боши қонаган ҳолатда ҳам айиқ тегмади ва бу ердаги ходимлар тезгина нон ва шунга ўхшаш егуликлар билан айиқни чалғитиб узоқлаштирди.Айиқ 2 минут ичида ўзини ички хавфсиз қафасига кириб кетди. Лекин бу айиқлар ундай хавфсиз эмас. Қўлга ўргатилган деган билан барибир бу йиртқич», – дейди Нодир Баҳромов.Маълум қилинишича, айиқ 2016 йил туғилган, 2017 йил чамаси 2 ёшлари атрофида Бакудан олиб келинган.«Қўлда боқилган айиқ экан, биз ҳам қўлдан чиқармаслик учун ҳаракат қилдик. Биз ҳамма йиртқич жониворларни қўл билан ушлаб бўлмагани учун уларни буйруқлар асосида вазифаларни бажаришга ҳаракат қиламиз», – дейди Баҳромов.Нодир Баҳромов қизнинг барча шифохона харажатлари ҳайвонот боғи ҳисобидан қоплаб берилишини маълум қилди.Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизчанинг аҳволи яхши эканини маълум қилди.«У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида», — дейилади ССВ хабарида.

Manba: Daryo