Ўзбекистон мактабларига қабул қилишдаги коррупциявий хавфлар маълум қилинди

Ўз 51
1 декабрь куни Тошкент шаҳрида болаларни мактабга қабул қилиш босқичида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш бўйича тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати. Фото: «Дарё» / Мадина НурманУшбу тадқиқот «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда амалга ошираётган «Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш» лойиҳаси доирасида ўтказилган.2020 йил декабрь ойида ишга туширилган лойиҳа мақсади – экспертлик лабораторияларини ташкил этиш ва республика миқёсида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, тадқиқотларга кенг жамоатчиликни жалб этиш. Тадқиқотнинг биринчи босқичи сўровнома ва интервью шаклида олиб борилган ва у болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашга қаратилган.Тадқиқот Ўзбекистондаги 114 та мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб директорларини қамраб олган. Апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ўтказилган. Май—июнь ойларида 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилган, бунда 28 та шаҳар, 31 та туман маркази, 31 та қишлоқ аҳоли пункти қамраб олинган. Тадқиқотда жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она иштирок этган. Тўпланган барча маълумотлар тизимлаштирилган ва таҳлил қилинган.Жамоатчилик муҳокамаси давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият олиб борувчи давлат органлари, миллий ва хорижий экспертлар, халқ таълими вакиллари иштирокида таҳлилий тадқиқотнинг асосий натижалари тақдимот қилинган. Уч тоифа респондентлар – бошланғич синф ўқитувчилари, бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари ва директорлар, умуман, мактабга қабул жараёнида бевосита қатнашувчилар орасида касбий этикага зид ва коррупциявий хатти-ҳаракат омиллари ва қатор фактлар аниқлангани таъкидланган.Сўровнома иштирокчиларининг жавоблари асосида коррупциявий хавфлар ёки ноҳалоллик омиллари бўлган умумий тенденциялар аниқлаб олинган. Бу тенденциялар бошланғич мактабга қабул жараёни ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилган. Улар асосан, микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги (синфларда ўқувчилари сони меъёридан ошиб кетиши), 1-синфга қабул қилишда таълим тили бўйича аниқ талаблар йўқлиги, таълим сифати пастлиги каби муаммолар билан боғлиқ.«Масалан, сўровда қатнашган ҳар бешинчи ота-она мактабда жой қолмагани учун ўзи яшайдиган микроҳудуд квотаси бўйича фарзандини жойлаштира олмаганини маълум қилди. Ўқитувчилар томонидан синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан ошиб кетиши ҳолати бўйича энг кўп Наманган вилоятидан (52 фоиз), Андижон вилоятидан (37,5 фоиз), Тошкент вилоятидан (29 фоиз), Хоразм вилоятидан (26 фоиз) фикр билдирилди», — дейилади хабарда.Муаммоларнинг аксарияти бюджет маблағларининг етарли эмаслигига бориб тақалмоқда, бу ўз навбатида, ота-оналар томонидан норасмий тўловларни амалга оширишига, ўқитувчилар ва директорларнинг этикага зид ҳаракат қилишларига сабаб бўлмоқда. Яна бир тенденция мактаб таъминоти, унинг инфратузилмаси, мактаб ходимларининг ойлик маоши камлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, болалар мактабга қабул қилинаётганда психологик жиҳатдан тайёр эмаслиги, шунингдек, ота-оналар, юқори турувчи ташкилотлар томонидан ўқитувчи ёки директорга таъсир ва босим ўтказиш масалаларини қамраб олади.Тақдимотда бундай ҳолатларнинг сабаблари очиқланган, хулоса ва тавсиялар тақдим этилган. Ўрганишлар натижалари бўйича лойиҳага жалб этилган экспертлар, таълим соҳаси мутахассислари, фуқаролик жамияти вакиллари, журналистлар фикр билдирган. Иштирокчилар таҳлил қилинган маълумотларни муҳокама қилиш билан бирга, ишлаб чиқилаётган методологияни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялари, халқаро тажрибаси билан ҳам ўртоқлашган.Ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда тадқиқот методологияси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда 5 миллиондан ортиқ ўқувчига мўлжалланган мактабларда 6,2 миллион ўқувчи таълим олаётганини маълум қилганди.Мавзуга доир: Ўзбекистондаги мактабларга 650 мингга яқин ўқувчи 1-синфга қабул қилинди

Manba: Daryo