Турк лирасининг курси бир ой ичида 40 фоизга, бир йилда деярли икки бараварга тушди. Бунга Эрдўғоннинг пул сиёсатидаги мантиқсиз қарашлари сабаб бўлди

Ўз 46
30 ноябрь кунги биржа савдоларида Туркия лирасининг долларга нисбатан курси рекорд даражада пасайиб, 1 доллар учун 13,7 лирани ташкил этди. Умуман олганда, ноябрь ойида турк валютаси ўз қийматининг қарийб 40 фоизини йўқотди, йил бошидан бери эса деярли икки баравар қадрсизланди, деб ёзмоқда Meduza. Фото: «Дарё» / Мадина НурманСентябрь бошида ҳам бир доллар саккиз лирадан сал кўпроққа тенг бўлган. Валюта курсининг пасайишига Туркия Марказий банки фоиз ставкасини уч марта пасайтиргани сабаб деб айтилмоқда — бунинг натижасида курс 19 фоиздан 15 фоизга тушиб кетган. Туркияда ставкаларни пасайтиришнинг асосий тарафдори — мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон. Марказий банк расмий равишда мустақил муассаса бўлса-да, Эрдўғон унга кучли таъсир ўтказа олади.Сўнгги икки йил ичида Туркия президенти Марказий банкнинг уч нафар раҳбарини ишдан бўшатди. Охирги марта банк раҳбари март ойида алмаштирилган, президент ўша пайтда ставкани 17 фоиздан 19 фоизга оширган Марказий банк раҳбари Нажи Агбални лавозимидан озод қилганди. Агбал ишдан олиниши билан турк лираси кескин қадрсизлана бошлади. Марказий банкнинг янги раҳбарияти ставкани пасайтиришга киришди. Бунинг учун Эрдўғон уни алқади, бироқ инвесторлар президентнинг фикрини маъқулламади. 23 ноябрь куни Эрдўғон ставкаларни пасайтириш давом этишига ишонч билдирганидан сўнг бир неча соат ичида турк лираси 15 фоизга тушиб кетди.Паст фоиз ставкаси иқтисодий ўсишни рағбатлантириши туфайли Эрдўғон уни қўллаб-қувватлайди. Туркия президенти шунингдек, бу инфляцияни ушлаб туришга ёрдам беряпти, деб ҳисоблайди, ваҳоланки бу фикр унчалик ҳам тўғри эмас. Аксинча паст фоиз ставкасининг ҳиссаси билан иқтисодиёт ва даромадларнинг ўсиши аҳолини кўпроқ маблағ сарфлашга ундайди, бизнес эса талаб ўсиб бораётган шароитда нархларни оширади.Айнан Эрдўғоннинг пул-кредит сиёсатига оид мантиқсиз қарашлари ва Марказий банк мустақиллигига ишонмаслик инвесторларнинг турк лирасидан воз кечишига олиб келди. Bloomberg нашрининг қайд этишича, 2020 йилги коронавирус инқирозидан кейин бошланган глобал иқтисодий ўсиш фонида дунёнинг аксарият мамлакатлари юқори инфляциянинг тезлашишига йўл қўймаслик учун пул-кредит сиёсатини қатъийлаштирмоқда – Туркия ҳукуматининг тескари ҳаракатлари эса инвесторлар ҳафсаласини пир қилди. Улар келажакда Туркия Марказий банкининг хатти-ҳаракатлари олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада оғир оқибатларга олиб келишидан ва юқори инфляция туфайли (йил охирида 20 фоизга етиши кутилмоқда) лирадаги активлар қадрсизланишидан хавфсирамоқда.Фоиз ставкасининг туширилиши Туркиянинг ўзида ҳам кескин танқидларга учрамоқда. 23 ноябрь куни валюта курсининг рекорд даражада пасайиши ортидан йирик шаҳарларда юзлаб одамлар кўчаларга чиқиб, президентнинг истеъфосини талаб қилди. Мухолифатчи партиялар Эрдўғонни лаёқатсизликда айблаб, муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилмоқда. Президентнинг ўзи эса лиранинг қадрсизланишида «ташқи кучлар»ни айблаган.Лира курсининг кескин пасайиши яқин йиллар ҳисобида биринчи марта юз берётгани йўқ. 2018- йилда саккиз ой ичида валюта курси 75 фоизга — бир доллар учун 3,70 дан 6,50 лирагача тушиб кетган. Бу АҚШ билан зиддият фонида юз берган — Америка Туркия расмийларига қарши санкциялар жорий этган ва турк металларига нисбатан божларни оширган эди. Аммо у вақтда ички омиллар ҳам йўқ эмасди: ўшанда лира курсининг тушишига инфляция ва Марказий банкка ишончсизлик ҳам сабаб бўлган.Мавзуга доир:Эрдўғоннинг хатти-ҳаракатларидан кейин турк лираси яна қадрсизланишни бошлади Турк лирасининг девальвацияси Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Manba: Daryo