Шерали Жўраевнинг кўп йиллик ҳамкори, 22 ёшида унвон олган, «Баҳор»да чархланган: таниқли раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова 56 ёшда (фото)

Ўз 62
Ўзбек рақс мактабининг муносиб давомчиларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султонова 27 ноябрь санасида таваллуд топган. Ҳамиша ёш ва гўзал кўринувчи раққоса бугунги кунда ҳам ўзининг нозик, нафис ва баъзан жўшқин ҳаракатлари билан одамларга завқ бағишлаб келмоқда. Қуйида 56 ёшга тўлган Рушана Султонованинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар ташлаймиз.«Устозлар борасида омад кулиб боққан»Рушана Султонова 1965 йилда Бухоро вилоятининг Газли шаҳрида зиёли оилада туғилган. Отаси энергетика соҳасида, онаси таълим тизимида фаолият юритган. Болалигидан рақс тушишни яхши кўрган Рушанани яқинлари кичкиналигида ҳеч қандай тўгаракка олиб бормайди. 1979 йили ҳозирги Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига ўқишга киргач, профессионал раққослардан сабоқ ола бошлайди. Фото: Facebook / Рушана Султонова«Менга устозлар борасида омад кулиб боққан, деб бемалол айта оламан. Ўз вақтида ва ўз жойида ўз ишининг усталари қўлига тушиш бахт! Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ўзбек рақсидан илк устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зулайҳо Раҳматуллаева дарс берган. Фото: Facebook / Рушана СултоноваКейинроқ хореограф, балетмейстер, Ўзбекистон халқ артисти Ҳалима Комилова (таниқли доирачи, ўзбек рақсининг асосчиларидан бири уста Олим Комиловнинг қизи) мени ёнига олиб, янги рақслар ўргата бошлади. Таътил вақтлари устозим мени ўзи ишлайдиган Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрига олиб борарди. Ўшанда биринчи марта бу театрнинг ҳашаматли саҳнасини, балет залларини кўрганман ва ҳайратланганман. Ҳалима опа менда театрга муҳаббат уйғотган. Фото: Facebook / Рушана Султонова1984 йил ўқишни тамомлаётган вақтимизда турли ансамбллар, театрлар раҳбарлари келишиб, раққосаларни саралаб олишди. Шунда мени Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг бош балетмейстери Галия Измайлова танлаб олди ва театрга ишга таклиф этди. Мен билан бирга Малика Аҳмедова ҳамда Клара Юсупова ҳам бор эди.Шунингдек, СССР халқ артисти Бернора Қориева билан ишлаш бахтига муяссар бўлганман, уларни ҳам устозим деб биламан», — дейди Рушана бир интервьюсида.«Баҳор»да ишлаганимдан фахрланаман»Вақт ўтиб, тақдир Рушанани Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова томон етаклайди. У таниқли раққосани ўзининг иккинчи онаси, деб билади.«Мен жуда камсуқум, камтар қиз бўлганман. Ўзимни кўрсатишни билмасдим, биров сўрамаса гапирмасдим. Вилоят опа менга ‘Санъатда одам жасурроқ бўлиши керак, эшикдан ҳайдасалар, тешикдан кириш лозим’ дерди. Рушана Султонова устози, Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова биланФото: Facebook / Рушана СултоноваБу инсон билан бирга ҳаётимнинг, ижодимнинг қайноқ дамлари ўтган. Устозим менга турли рақсларни ўргатди, либосларни ҳам бирга тикардик, ҳар қандай кунимда ёнимда бўлди, кўп сафарларга бирга бордик. Бир сўз билан айтганда, Вилоят опа менга иккинчи онамдек бўлиб қолди. Мени Рушана Султонова қилган Вилоят Оқилова бўлади», — дейди раққоса. Фото: Facebook / Рушана СултоноваРушана Султонова 1987 йили 22 ёшида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланади. У театрда ишлаш баробарида ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олади. 1994 йилда театрдаги ўн йиллик фаолиятига нуқта қўяди ва ҳудди шу йилдан «Баҳор» ансамблига ишга ўтади.«Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева таклифи билан «Баҳор»га ўтганман. Улар у ерда раҳбар эди. Маъмура опага роса ҳавас қилардим. Устоз ҳамма рақсларни шунақа енгил ижро этарди ва кучли педагог эди. «Баҳор»да шундай санъаткор билан бирга ишлаш жуда қизиқарли бўлган. Маъмура опа менга Мукаррама Турғунбоева услубини ўргатган. Рушана Султонова ҳамксаблари биланФото: Facebook / Рушана Султонова«Баҳор»да ишлаганимдан доим фахрланиб келаман. Ансамблдаги муҳит, мен кўрган мактаб, устозлар, қизлар – баридан кўнглим тўлган. Ҳар бир рақс устида қайта-қайта ишлардик. Қизлар орасида энг кичиги бўлганман, устозлар мени намуна қилиб кўрсатишарди. Қизлар чертиб-чертиб, саралаб олингани эди, ҳар бири кучли раққоса эди. Ҳаётимда «Баҳор» менга «ташриф қоғози» каби хизмат қилди», — дея хотирлайди Рушана Султонова.Актрисалик фаолиятиТаниқли раққоса ўзидаги актрисалик қобилиятини ҳам юзага чиқариш ниятида иккита фильмда суратга тушади. Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида ўқиб юрган кезлари, яъни 1980 йили «Ўзбекфильм» режиссёрлари томонидан ўтказилган кастингда иштирок этади. Синовдан муваффақиятли ўтиб, «Комила» номли фильмда Гули ролини талқин қилади. Фото: Facebook / Рушана Султонова1986 йили «Тожикфильм» киностудияси томонидан «Минг бир кеча» эртаги асосида «Шаҳризоданинг янги эртаги» фильмида суратга тушади. Тоҳир Собиров режиссёрлигидаги мазкур картинада бош балетмейстер Галия Измайлова бўлади. Унинг таклифи билан эпизодик ролга тасдиқланган Рушана фильмда арабча рақс ижро этади. «Шаҳризоданинг янги эртаги» Қрим ва Душанбеда съёмка қилинади.19 ёшли «Санам»1998 йил «Ўзбекистон халқ артисти» унвонига лойиқ кўрилган Рушана Султонова бир йил давомида «Етти гўзал» ансамблида ижод қилади. У 2002 йилдан буён турмуш ўртоғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шуҳрат Воҳидов билан Темир йўлчилар санъат саройи қошида ташкил этган «Санам» рақс ансамблида фаолият юритиб келмоқда. Рушана Султонова шогирдлари даврасидаФото: Facebook / Рушана Султонова«Ёшлар билан ишлаш менга ёқади. Мана ҳозир улар орасида Дилрабо Бозоралиева, Ситора Авезова, Нигина Абдукаримовалар етук раққосалар бўлиб етишди. Биз ансамбл билан темир йўллари бўйлаб сафарга чиқамиз ва концертлар берамиз, чет элларга борамиз. АҚШ, Хитой, Бельгия, Франция, Голландия ва Туркманистонда бўлдик. Фото: Facebook / Рушана СултоноваМен асосан мумтоз мактабни давом эттиришга ҳаракат қилаяпман. Шакл ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди. Миллий рақсимизни Мукаррама Турғунбоева Маъмура Эргашевага, Маъмура Эргашева менга ўргатди. Мен эса «Санам»даги қизларимга ўрганиб келяпман. Эртага улар ҳам янги авлод раққосаларини етиштиради. Рақс мактабимиз шу тариқа давом этяпти. Бу жуда яхши анъана», — дейди таниқли санъаткор ўз интервьюларида.Шерали Жўраевдан Озодбек Назарбековгача...Рушана Султонова мухлислари орасида катта авлод вакиллари кўпчиликни ташкил этиши шубҳасиз. У фаолиятининг илк йилларида Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов каби устоз санъаткорлар ва «Ялла» ансамбли билан ҳамкорлик қилиб, рақслари билан томошабинлар назарига тушган. Бугунги кунда ҳам юқорида номи қайд этилган санъаткорлар иштирокидаги лойиҳаларнинг айримларида ҳиром айлайди. Фото: Facebook / Рушана СултоноваБундан ташқари, шогирдлари билан Озодбек Назарбеков, Ҳулкар Абдуллаева, Авазбек Олимов сингари таниқли хонандаларнинг концерт ва клипларида ҳам чиқиш қилади.Рушана Султонова барча вилоятлар бўйича фолклор рақсларни ижро этган. «Доира чорлайди», «Бухороча», «Қизбола», «Хоразм рақсининг туғилиши», «Баҳор айёми», «Сарвиноз», «Оразибон лазгиси», «Гулсанам», «Учрашув», шунингдек, тожикча, афғонача ва бошқа кўплаб халқлар рақслари ижрочиси сифатида танилган. Фото: Facebook / Рушана СултоноваУнинг ижросидаги «Тановар», «Муножот», «Наҳори нашта», «Шўх қиз» каби миллий ўзбек рақслари ҳам минглаб томошабинларига эга. 1986 йилда у ҳақда «Рушана Султонова рақсга тушади» фильми суратга олинган.«Қаттиққўл бўлганман»Тўрт фарзанднинг онаси, қатор набираларнинг бувиси бўлган Рушана Султонова бир интервьюсида ўғил-қизларининг тарбиясида онасининг ўрни катта эканини таъкидлайди. Рушана Султонова турмуш ўртоғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шуҳрат Воҳидов биланФото: Facebook / Рушана Султонова«Фарзандлар тарбиясида жуда қаттиққўл бўлганман. Санъаткор учун яқинларининг ёрдами жуда муҳим. Ёрдамчиларинг бўлмаса, ҳам оилани эплаш, ҳам санъатда фаолият юритиш қийин. Чунки биз жуда кўп сафарларда бўламиз. Бу борада менга ота-онам катта ёрдам қилишган. Фото: Facebook / Рушана СултоноваМен онамга болаларимни бемалол ишониб кетардим. Онам болаларимни боғчага, мактабга, тил ўрганиш учун репетиторларга олиб борарди. Ҳатто онам невараларга қараш учун нафақага эрта чиққан. Волидам хотиржам ишлашим учун шароит яратиб берган. Шу боис ютуқларимнинг ярми, онамга тегишли, десам янглишмаган бўламан. Фото: Facebook / Рушана СултоноваФарзандларимга катталарни ҳурмат қилишни, уларга  гап қайтармасликни ўргатганман. Албатта, уларга ўзига яраша эркинлик ҳам берганман. Чунки бола тўполон ҳам қилиши керак. Аммо бу унинг бошга чиқиб кетишини билдирмайди. Вазиятга қараб иш тутиш жоиз. Бувиси эркалатса, мен қаттиққўллик қилганман, шундай қилиб мувозанатни ушлаб турганмиз», —  дейди у.Мавзуга доир:Ўзини машҳур қилган образидан уялади, мухлисига турмушга чиққан, Ўзбекистондаги «энг қиммат» бошловчи — Дилноза Кубаева 35 ёшда (фото) Етти фарзанднинг кенжаси, 18 ёшида турмушга чиққан, 8 тилда қўшиқ куйлаган: Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева 60 ёшда (фото) Муаллиф:Миролим Исажонов

Manba: Daryo