Нукусда ижарада яшовчи 18 ёшли талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Хонадонда бўлган яна 6 киши омон қолган

Ўз 14
Нукусдаги кўпқаватли уйларнинг бирида талаба йигит ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабар берди.Маълум қилинишича, 24 ноябрь куни соат 07:00 ларда Нукус шаҳри, 22-кичик туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшовчи йигит Р.Р. хонадонда ўрнатилган иситиш қозони оташхонасидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.Мазкур ҳолат юзасидан нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Айни пайтда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текшириш ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.Бош прокуратура матбуот хизматининг «Дарё» сўровига асосан маълум қилишича, марҳум йигит 18 ёшда бўлиб, Нукус Давлат педагогика институтининг физика-математика факультети 2-курс талабаси бўлган.Терговга қадар текширишда аниқланишича, ҳодиса содир бўлган хонадонда Р.Р.дан ташқари яна 6 киши бўлган. Марҳум Р.Р. ошхонада ухлаб, қолган 6 киши бошқа хоналарда бўлган. Шу сабабли Р.Р.дан ташқари улардан ҳеч бири ис газидан заҳарланмаган.Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги уйларнинг бирида ижарада яшовчи беш нафар талаба 27 февраль куни ис газидан заҳарланиб, вафот этганди. Талабалар билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни ҳаёт учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган уйига ижарага қўйиб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган аёлга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.Ушбу фожиадан сўнг талабаларни ётоқхона билан таъминлаш муаммоси парламент даражасида муҳокама қилинди, ректорлар ижарада яшайдиган талабаларнинг ҳолидан хабар ола бошлади, фожиадан кейин бир қатор университетлар талабалар учун мўлжалланган янги турар жойларни фойдаланишга топширди.Мавзуга доир: Самарқандда контейнердан ўлик ҳолда топилган икки ишчи ис газидан заҳарланиб, вафот этгани маълум қилинди

Manba: Daryo