Қиш фаслида юзни қандай парвариш қилиш керак? Косметолог жавоб берди

Ўз 26
Саноқли кунлардан сўнг, қиш фасли ҳам кириб келади. Совуқ кунларда эса юзимиз ҳар доимгидан-да кўпроқ эътиборга муҳтож бўлади. Хўш, сиз қишда юзларингизни қандай парвариш қиласиз? Қандай ниқоблардан фойдаланасиз? Агар бу борада уқувингиз бўлмаса у ҳолда тажрибали косметолог Шаҳноза Гулямованинг қуйидаги тавсияларини ўқиб чиқинг. Сиз учун фойдали бўлиши шубҳасиз.  Фото: «istoe.com»Нима учун қишда юзлар қурийди?— Биласизми, қабулимга келган кўп мижозларимиз қиш фаслида юзларининг қуриб кетишидан шикоят қилади. Чунки бир марта олинган юз ювиш воситаси ёки намлантирувчи кремни тўрт фаслда ҳам ишлатаверадилар. Ёзда ёғ безлари керагидан ортиқ ишлагани учун юз ёғланиб кетади. Куз, қишда эса бу жараён секинлашади, шунинг ҳисобига юз қуришни бошлайди. Ўз намлигини йўқотади. Бундай вақтларда эса юзга икки баробар намлантирувчи кремлардан фойдаланиш зарур. Мисол учун ёзда юз ювадиган пенкалар тавсия қилган бўлсак, куз—қишда молочко ёки тониклардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.Қолаверса, совуқ кунларда камроқ чанқаймиз ва кам сув ичамиз. Бу ҳам юзимиз қуришига олиб келади. Йилнинг ҳар қайси фаслида вазнимизга қараб, 2,5 литрдан 3,5 литргача сув ичишимиз керак. Фото: «istoe.com»Синалмаган ниқоблардан фойдаланмангКўпчилик опа-сингилларимиз YouTube’дан юз парваришига оид турли видеолар кўриб, уни билиб билмай қўллашади. Кейин эса «Лимонга истеъмол содасини аралаштириб суртгандим, юзимга доғ тушиб қолди», деб шикоят қилиб келишади. Ахир лимон пилинг ҳисобланади. Юзнинг аллергия ёки доғ тушишига мойиллиги бўлиши мумкин. Билиб-билмай синалмаган ниқобдан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Шунинг учун бир муолажа қилишдан олдин тажрибали косметологларга мурожаат қилишларини тавсия қилардим. Фото: «istoe.com»Қиш пилинглар мавсумиҚиш фасли пилинглар мавсуми ҳисобланади. 25 ёшгача теримиз автоматик равишда ўзини янгилайди. Аммо ёш ўтганидан сўнг косметолог ҳузурига бориб, механик тарзда янгилаб туришимиз зарур. Чунки теримизнинг юзаки қавати тушиб кетмаса сураётган кремларимиз ҳам таъсир қилмаслиги мумкин. Шунинг учун 25 ёшдан сўнг пилинг муолажалардан фойдаланиб туриш керак. Фото: «istoe.com»Доғ кетказувчи энг зўр ниқобКосметологик салонларга боролмайдиган опа-сингилларимиз учун уй шароитида осон тайёрланадиган самарали ниқоб рецепти билан бўлишаман.Янги узилган петрушкани яхшилаб ювиб, блендердан чиқарилади. Унга битта тухум сариғи, ярим чой қошиқ зайтун ёғи ва 5-6 томчи лимон суви қўшиб, яхшилаб аралаштирилади. Лимонга аллергияси борлар уни қўшмасликлари мумкин. Мазкур ниқоб доғ ва қуруқ юзлар учун мўлжалланган бўлиб, доғларни кетказишда, пораларни ёпишда катта ёрдам беради.Мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган «Космед» косметологик марказига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Manba: Daryo