«Шалпангқулоқ» ортидан қувиб: Чемпионлар Лигасининг асосий фаворитлари ҳақида

Ўз 30
Чемпионлар Лигаси янги мавсумининг гуруҳ босқичи 14 сентябрь куни старт олди. Дастлабки тур ўйинлариданоқ томошабинлар (жамоалар ҳам) кўплаб қизиқарли қарама-қаршиликларга гувоҳ бўлди, олдинда эса ўйинлар талайгина. Шундай экан, Европанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасида қайси жамоаларнинг имконияти юқори эканлиги ҳақида фикр юритишнинг айни вақти.«Манчестер Сити» Фото: Twitter«Манчестер Сити» кетма-кет уч мавсум давомида Чемпионлар Лигасидаги иштирокини чорак финал босқичида якунлаган. Ўтган мавсумда эса «шаҳарликлар» ўзлари учун қайғули босқични енгиб ўтди ва мусобақа финалига қадар етиб боришга муваффақ бўлди. Плей-офф босқичида Хосеп Гвардиола шогирдлари аввалига «Борруссия Мёнхенгладбах»ни, кейинчалик эса «Боруссия Дортмунд»ни таслим этди, ярим финал босқичида эса «ПСЖ» доғда қолдирилди. Бироқ жамоа мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинида «Челси»га минимал ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа «шаҳарликлар» Манчестернинг мовий қисми орзусини амалга оширишга жуда яқин келганди, аммо лондонлик рақиблар бунга тўсқинлик қилди.«Сити» бу мавсумда ҳам яна Чемпионлар Лигасида асосий фаворит бўлишига шубҳа йўқ. Манчестер клуби ҳамон мусобақада ғолиб бўлиш ғоясидан воз кечмаяпти ва бу мақсадга эришиш йўлида ҳеч нарсани тежамаяпти. «Манчестер Сити» гарчи бу мавсум олдидан марказий ҳужумчини ўз сафига қўшиб ололмаган бўлса-да, «Астон Вилла»дан Жек Грилишни 100 миллион фунтга харид қилиб, Англия Премьер Лигаси тарихидаги энг қиммат трансферни амалга оширди. Дастлабки баҳсларда Грилиш ўзининг энг яхши ўйинларини кўрсата олмаётган бўлса ҳам, Гвардиолада ҳали ундан максимал даражада фойдаланиш учун вақт бўлади. Бошқа позицияларда эса «Манчестер Сити» яхши шаклланган ва тартибли ўйинчиларга эга. Шундай экан, жамоа «шалпангқулоқ» учун курашиш учун барча имкониятларга эга.«Челси» Фото: УЕФАТомас Тухель «Челси» бошқарувини қабул қилиб олганда, жуда камчилик уни жамоани бу даражада ўзгартириб юборади деб ўйлаган бўлса керак. Аммо германиялик мутахассис қисқа вақт ичида жамоани яхши тарафга ўзгартириб, «кўклар»ни АПЛда кучли тўртликка қайтарган бўлса, Чемпионлар Лигасида бош совринни қўлга киритди. Лондонликлар плей-офф босқичида «Атлетико М», «Порту» ва «Реал» тўсиғидан ўтди. Финал учрашувида «аристократлар» «Манчестер Сити»ни мағлуб этди, нуфузли мусобақанинг финал ўйинида ғалаба қозониш учун 1 та гол кифоя қилди. Бундан ташқари, жамоа жорий мавсумда бошида УЕФА Суперкубогини ҳам қўлга киритди. Шундай экан, «Челси»нинг Чемпионлар Лигаси асосий фаворити эканлигига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.«Челси»да ёш, аммо яхши шаклланган таркиб йиғилган. Жамоа, шунингдек, катта ғалабаларни татиб кўришга ҳам улгурган. Тухель жамоаси шу билан тўхтамоқчи эмас. Қолаверса, лондонликлар янги мавсум олдидан ажойиб трансферларни амалга оширди. «Интер»дан Ромелу Лукаку қайтарилди. Бельгиялик ҳужумчи дарҳол жамоага мослашиб олди ва голлар ура бошлади. Бундан ташқари, «Челси» «Атлетико» ярим ҳимоячиси Сауль Нигесни ижарага олди. Испанияликнинг трансфери ҳам, шубҳасиз, «кўклар»га барча мусобақаларда асқатади. Ривожланишдан тўхтамаётган Лондон жамоаси шу кетишда давом этса, катта ютуқлар сериясини қўлга киритиш эҳтимоли жуда юқори.«Бавария» Фото: Getty ImagesМюнхен клуби ўзи иштирок этадиган ҳар қандай мусобақанинг фаворитлари қаторида тилга олиниб келади. Бундан ташқари «Бавария» ўтган мавсумдаги (ЕЧЛда) муваффақиятсиз ўйинлари туфайли бу йилда ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ ҳаракат қилишга уринади. «Бавария» ўшанда чорак финал босқичидаёқ ўз иштирокини якунлаганди. Мюнхенликлар 1/8 финалда «Лацио»ни енгган, лекин 1/4 финалда «ПСЖ»га дуч келиб, икки ўйин натижасига кўра ярим финалга парижликларни кузатиб қўйишга мажбур бўлганди.«Рекордмайстер» илк турдаги «Боруссия М»га қарши дурангни ҳисобга олмаганда, Бундеслиганинг янги мавсумини ёмон бошламади. Бундан ташқари, август ойида жамоа Германия Суперкубогини қўлга киритди. Ортда қолган турларда кўриндики, бу мавсумда ҳам «Бавария»га Бундеслигада чемпион бўлиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Бу эса «Бавария»нинг Чемпионлар Лигасига алоҳида эътибор қаратиши ва муваффақият қозониш учун барча имкониятларни ишга солишини англатади.«ПСЖ» Фото: Getty ImagesЧемпионлар Лигаси — «ПСЖ» учун асосий мусобақа ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Парижликлар буни ҳеч қачон яширмаган ва мусобақада ғолиб чиқиш асосий мақсади эканини очиқ айтиб келади. Аммо ҳозирча бунинг уддасидан чиқиш жамоага насиб этмаяпти. Парижликлар 2019/20 йилги мавсумда бу мақсадига жуда яқин келганди, лекин финал учрашувида «Бавария»га минимал ҳисобда имконият бой берилганди. Энг аламлиси, ғалаба голини клуб тарбияланувчиси Кингсли Коман урганди. Ўтган мавсумда парижликлар «Бавария»дан реванш олганига қарамай, ярим финалда «Манчестер Сити»га ютқазиб қўйди ва мусобақа билан хайрлашди. Жорий мавсумда ҳам жамоа мусобақанинг асосий фаворитлари қаторида кўрсатилмоқда.«ПСЖ» ўтган ёзда таркибни кучайтириш борасида ақл бовар қилмас даражадаги ишларни амалга оширди. Парижга Лионель Месси эркин агент сифатида олиб келинди. Бундан ташқари, Жоржиньо Вейналдум, Жанлуижи Доннарумма, Серхио Рамос ва Ашраф Ҳакими «ПСЖ»да тўп сурадиган бўлди. Шунингдек, Неймар ва Килиан Мбаппе «Парк де Пренс»да қолди. Шу тариқа «ПСЖ»да жаҳон даражасидаги юлдузлар жамланди, аммо парижликларнинг янги галактикосга айлана олишига ҳали кафолат йўқ. Лига 1 Почеттино жамоаси учун катта муаммо туғдирмаслиги аниқ, лекин Чемпионлар Лигаси ҳақида бундай деб бўлмайди. Боиси бу мутлақо бошқа даражадаги мусобақа бўлиб, у ерда кўп нарса нафақат футболчилар ва уларнинг маҳоратига, балки мураббийнинг тактикасига ҳам боғлиқ. Ҳа, назарий жиҳатдан қаралса, парижликлар Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун энг яхши имкониятга эга, бироқ сўнгги ўйинлар жамоада ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини кўрсатмоқда.«Реал» Фото: Getty ImagesСўнгги йилларда «Реал» жароҳатлардан энг кўп азият чеккан клуб бўлди. Айниқса, ўтган мавсумда бу жамоага жуда катта муаммолар туғдирди. Бироқ кадрлар муаммосига қарамай, «қироллик клуби» Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб борди. Ла Лигада эса сўнгги тургача чемпионлик учун курашди. ЕЧЛнинг 1/8 финалида «қаймоқранглилар» «Аталанта»ни, 1/4 да эса «Ливерпуль»ни мағлуб этганди. Аммо ярим финалда жамоа бўлажак чемпион «Челси»га ютқазди. Шундан сўнг Зинедин Зидан жамоани тарк этди ва унинг ўрнини бошқа бир таниқли мутахассис Карло Анчелотти эгаллади. Энди италиялик мутахассис «қироллик клуби»ни Испания ва Европада яна етакчи ўринларга қайтаришга ҳаракат қилиб кўради.«Реал» шу мақсадда мавсумлар оралиғида ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғини кучайтирди: Давид Алаба ва Эдуардо Камавинга билан шартнома имзоланди. Бу мавжуд таркиб учун яхши қўшимча бўла олиши дастлабки ўйинларданоқ кўзга ташланди. Яна шуни қўшимча қилиш керак, Чемпионлар Лигаси — «Реал»нинг мусобақаси ҳисобланади. Тўғри, ҳозирда жамоада Криштиану Роналду, Серхио Рамос каби жамоани ортидан етаклайдиган юлдузлар йўқ, аммо етарли даражада тажрибали чемпионлар ҳамда совринларга ташна ёш иқтидорлар жамланган. Ушбу уйғунлик «қаймоқранглилар»нинг кучли томони бўлиб хизмат қилиши мумкин. Анчелотти бунгача ҳам «Реал» билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган. Нега энди буни такрорламаслик керак?

Manba: Daryo