Зидан, Конте, Шевченко ва бошқалар. Ишсиз юрган етук мураббийлар

Ўз 23
Мураббийлик шундай ишки, унда ҳеч қайси мутахассис ўзининг маълум бир клубда қанча вақт ушланиб туришини олдиндан тахмин ҳам қила олмайди. Жамоа яхши ўйин кўрсатаётган ва ижобий натижаларга эришаётган вақтда мухлислар ҳам, раҳбарият ҳам жамоани қўллаб-қувватлайди. Бироқ жамоа кетма-кет икки ёки уч ўйинда «қоқилиши» билан, мураббийнинг «курсиси қимирлай» бошлайди ва унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган у ёки бу номзодлар кўриб чиқилаётгани ҳақида хабарлар тарқалади. Ва камдан кам ҳолатларда ишдан кетаётган мураббийнинг олдинги хизматлари ёдга олинади.Мавсумлар оралиғида Массимилиано Аллегри ва Жозе Моуриньо каби мутахассислар, футбол термини билан айтганда, захира ўриндиғидан ўйинга қайтган бўлса, 74 ёшли Гус Хиддинк ҳамда 73 ёшли Рой Ҳожсон фаолиятини якунлашга қарор қилди. Антонио Конте, Зинедин Зидан, Андреа Пирло, Андрей Шевченко, Сем Эллардайс ва бошқа мутахассислар эса захирага олинди. Ҳозирда улар янги чақириқларга тайёр  турибди. «FootballHD» айни дамда ишсиз юрган таниқли мураббийлар ҳақида материал тайёрлади. «Дарё» қуйида ушбу мақолани ўзбек тилида тақдим этади.Женнаро Гаттузо (43 ёш, Италия)2021 йилнинг июнидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Наполи» Фото: Getty ImagesЎтган мавсум натижаларига кўра, Гаттузо «Наполи»ни Чемпионлар Лигасига олиб чиқа олмади. Жамоа А Серияда бешинчи ўрин билан чекланди. Неаполликлар бу учун Гаттузони кечирмади ва у жамоадан кетишга мажбур бўлди. Бироқ Гаттузонинг танаффуси узоққа чўзилмади, май ойининг охирига келиб, у «Фиорентина» бошқарувини ўз қўлига олди, аммо орадан бир ой ўтгач, жамоа билан бирорта ҳам машғулот ўтказмасдан клубни тарк этди. Италия матбуоти бунга раҳбарият ва Женнаронинг трансфер сиёсати ҳақидаги қарашлари турлича бўлганлигини кўрсатди.Сем Эллардайс (66 ёш, Англия)2021 йилнинг май ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Вест Бромвич» Фото: Getty ImagesЭллардайс «Бромвич»ни ўтган мавсумда Англия Премьер Лигада олиб қола олмади. Вазифа бажарилмагач, томонлар ҳамкорликни тўхтатди. Ҳозирда Эллардайс янги чақириқларни кутмоқда. Тахминларига кўра Семни яқин орада қайсидир жамоа таклиф қилади ва унинг олдига жамоани муваффақиятсизликдан қутқариб қолиш вазифаси қўйилади. Боиси у буни қандай қилишни билади ва бунгача бир неча бор исботлаган ҳам.Кике Сетьен (62 ёш, Испания)2020 йилнинг августидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Барселона» Фото: TwitterИспаниялик мутахассис 2019/2020 йилги мавсумда Каталония клуби учун қутқарувчига айлана олмади, аксинча Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Бавария»дан 2:8 ҳисобида мағлубиятга учраб, ўзи ҳақида фақат ёмон хотираларни қолдирди. Сетьен ўз ўрнини Рональд Куманга бўшатиб берганидан бери ҳали ҳеч ким уни потенциал иш қидирувчи сифатида эслагани йўқ. Аммо ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин, шундай экан, Сетьен ҳам тез орада бирор жамоада иш бошлаб қолса ажаб эмас.Эрнесто Вальверде (57 ёш, Испания)2020 йилнинг январидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Барселона» Фото: TwitterВальверде ҳам Сетьен сингари ҳозирда «Барселона»даги хотиралари билан яшамоқда ва ҳамон таътилда. 2020 йилда унинг ўрнини айнан Кике Сетьен эгаллаганди. Айтиш мумкинки, Вальверде ҳозирда айнан ишлайдиган ва катта натижаларга эришадиган ёшда (мураббийлар учун). Бундан ташқари, у ҳали мураббий сифатида ўз сўзини ҳам айтганича йўқ.Люсьен Фавр (63 ёш, Швейцария)2020 йилнинг декабрь ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Боруссия Дортмунд» Фото: TwitterШвейцариялик мутахассис ўтган қишда «арилар» билан Чемпионлар Лигаси плей-оффига чиққан бўлса-да,  Бундеслигада муваффақиятсизликка учради — 3-ўрин. Шу тариқа унинг «Сигнал Идуна Парк»даги миссияси якунланди. Инсайд маълумотларга кўра, ҳозирда бир қатор клублар у билан музокаралар олиб бормоқда. «Подадан олдин чанг чиқарилмайди», деганларидек ушбу ҳолатда кутиш энг яхши йўл бўлади.Андре Виллаш-Боаш (43 ёш, Португалия)2021 йилнинг май ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Марсель» Фото: Getty ImagesВиллаш-Боаш ўтган мавсумни «Марсель» билан базўр якунлади. Жамоа Лига 1 да юқори ўринлар учун кураша олмади ва атиги 5-ўрин билан чекланди. Бу эса на мухлисларга, на клуб раҳбариятига ёқди. Аслида «Марсель» португалиялик мутахассис билан эртароқ хайрлашишга ҳам тайёр эди, бироқ шартномани бекор қилганлик учун тўланадиган компенсация миқдори бунга йўл қўймади. Андре дарҳол янги иш тополганича йўқ. Ва балки Францияда бошидан кечирганларидан кейин бунга шошилмаётгандир ҳам.Андрей Шевченко (44 ёш, Украина)2021 йилнинг июль ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — Украина терма жамоаси Фото: Getty Images2004 йилги «Олтин тўп» соҳибининг Украина терма жамоасидаги иши у учун биринчи ва ҳозирча ягона мураббийлик тажрибаси бўлиб турибди. Ҳеч кимга сир эмаски, Шевченконинг «кўк-сариқ»лар билан амалга оширган ишининг катта қисми унинг штаби ҳиссасига ҳам тўғри келади, у ерда ҳамфикрларнинг ҳақиқий жамоаси йиғилган. Айнан шу нарса Украинани Евро—2020 нинг саккизлигига олиб кирди. Бундай ютуқлар билан таътилда узоқ қолинмаслиги аниқ.Паулу Фонсека (48 ёш, Португалия)2021 йилнинг май ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Рома» Фото: TwitterФонсека ўтган мавсумда «бўрилар» билан шартномасини якунлаб, эркин агентга айланди ва ҳозиргача янги жойда иш бошлаганича йўқ. Фонсеканинг ўзи ишлашга ва ғалабаларга ташна эканлигини яшириб ўтирмайди. Шу боис у узоқ вақт майдон ташқарисида қолиб кетмаса керак. Буни ёзда кўплаб клублар ўз сафига Паулуни жалб қилмоқчи бўлгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам тасдиқлаши мумкин.Фрэнк Лэмпард (43 ёш, Англия)2021 йилнинг январидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Челси» Фото: Getty ImagesЛэмпард «аристократлар» бошқарувида ўзини тўлиқ намоён эта олмаган бўлса-да, бир ярим йил ичида ўз фалсафаси ва услубига эга мураббий сифатида таассурот қолдирди. Бу даражадаги мутахассислар  Англияда қадрланиши бор гап. Лекин бу турдаги мураббийларнинг асосий муаммоси шундаки, улар топ-даражада бўлмаган клублар билан ишлашга тайёр эмас. Бундай клублар эса футбол ватанида (гарчи дунёнинг энг кучли лигаси бўлса-да) ҳар қадамда ҳам топилавермайди.Антонио Конте (52 ёш, Италия)2021 йилнинг май ойидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Интер» Фото: TwitterАнтонио Конте «Ювентус»нинг Италия А Сериясидаги узоқ муддатли гегемонлигини тугатишга муваффақ бўлган ҳолда «нерадзурри» лагерини чемпион мақомида тарк этди. Аммо характери ва принциплари туфайли у «Интер»да узоқ вақт қола олмади. Ва ҳозирда Антонио Контени янги чақириқни кутаётган мураббийлар орасида етакчилардан бири бўлиб турганини тахмин қилиш ортиқча мулоҳаза талаб этмайди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра у Лондоннинг «Арсенал» жамоасида ишлари юришмаётган Микель Артетанинг ўрнини эгаллаши мумкин.Зинедин Зидан (49 ёш, Франция)2021 йилнинг майидан бери ишсизОхирги иш жойи — «Реал Мадрид» Фото: TwitterФранциялик футбол даҳоси «галактикос» билан Европа ва жаҳонда бир клуб эришиши мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритган. У «Сантьяго Бернабеу»дан бошини баланд кўтарган ҳолда чиқиб кетди. Замонавий футбол оламининг исталган энг кучли вакиллари Зидан тоифасидаги мутахассисни ўз жамоасида кўришни хоҳлайди. Аммо Зиданнинг ҳолатида савол сал бошқачароқ бўлади — буни Зиданнинг ўзи хоҳлайдими?

Manba: Daryo