Қизларини бўлажак қиролича ва миллионер хоним қилиб тарбиялаган собиқ стюардесса — Керол Миддлтон ҳикояси (фото)

Ўз 31
2021 йилда Кейт Миддлтон ва шаҳзода Уильямнинг турмуш қурганига 10 йил тўлди. Бу вақт мобайнида улар дунёнинг энг машҳур жуфтлигига айланишди, лекин жамоатчилик қизининг шу даражага етишига сабабчи бўлган Кейтнинг онаси — Керол Миддлтон ҳақида кўп нарса билмайди. Буюк эркакларнинг орқасида буюк аёллар туради, деган гап ҳам бежизга айтилмаган. Буни нафақат эркаклар, балки аёллар ҳақида ҳам айтиш мумкин, чунки кўчилик қизлар онасининг маслаҳати ва тарбияси туфайли ҳаётда муваффақият қозонади.Кончининг невараси Фото: AFPКерол Голдсмит 1955 йилда Лондонда туғилган. Отаси қурувчи, онаси тушгача заргарлик дўконида, тушдан кейин фабрикада ишларди. Керолнинг ота-бобоси кончи бўлган, шунинг учун ҳам уларнинг оиласи ўзига тўқ эмас эди: Керолнинг сўзларига кўра, ота-онаси кун кечириш ва болаларга яхши шароит яратиш учун қаттиқ меҳнат қилган.Қиз 16 ёшида мактабни ташлайди, лекин тез орада ўқишини яна давом эттиради. У ўқитувчи бўлишни орзу қиларди, лекин ота-онасининг қизини коллежда ўқитишга қурби етмасди, шунинг учун Керол котиба бўлиб ишлай бошлади. Кейинчалик у British Airways компаниясига ишга ўтди ва стюардесса бўлди. Бу ерда у аристократлар оиласидан бўлган диспетчер Майкл Миддлтон билан танишиб қолди. 1980 йилда севишганлар турмуш қуришди ва кичкина уй сотиб олишди. 2 йил ўтгач, уларнинг тўнғич қизи Кейт, кейинчалик эса яна бир қизи Филиппа ва ўғли Жеймс туғилди. Бу орада улар Иорданияда ҳам 2 йил яшади — Майкл Миддлтон у ерга иш юзасидан юборилади, кейинчалик яна Англияга қайтиб келишади.Тадбиркор аёл Керол Миддлтон турмуш ўртоғи Майкл биланФото: AFPИорданиядан қайтганидан кўп ўтмай, Керол оиланинг моддий аҳволини яхшилашни, шунингдек, ўзини нафақат она, балки ишбилармон аёл сифатида ҳам кўришни хоҳлади. Бир куни Керол қизининг туғилган кунини нишонламоқчи бўлади ва болалар байрамини ташкиллаштирмоқчи бўлган ота-оналар учун бизнесда деярли ҳеч қандай таклиф йўқлигини тушуниб қолади. Шундай қилиб, ажойиб ғоя пайдо бўлди: шарлардан тортиб, чиройли дастурхон ва нафис безакларгача бўлган ҳамма нарсани тайёрлайдиган ва сотадиган оилавий компанияга асос солинди.Миддлтон хоним ўз бизнесини нолдан бошлади, харидорлар эътиборини жалб қилиш учун минглаб реклама варақаларини тарқатди. Икки йилдан сўнг эри ҳам British Airways компаниясидаги ишини ташлаб, хотинига ёрдам бера бошлади. Бизнес тезда кўтарилиб, яхшигина даромад келтира бошлади. Бугунги кунда уларга тегишли бўлган Party Pieces компаниясининг қиймати, тахминан, 40 миллион долларни ташкил этади. Керол ҳали ҳам компания ишларида фаол иштирок этмоқда: «Мен ҳозир ҳам ишлайман, омборимизга боришни ва буюртмаларимиз қаерга кетаётганини кўришни яхши кўраман».Ғамхўр она Бўлажак қиролича, миллионернинг рафиқаси ва уларнинг онасиФото: AFPМуваффақиятли бизнес сабабли, шунингдек, Керолнинг эри — Майклга бувисидан пул мерос бўлиб қолганидан сўнг, оиланинг моддий аҳволи анча яхшиланди. Кейинчалик Миддлтонлар фарзандларига сифатли таълим беришга қурби етишини тушуниб, уларни Англиядаги энг яхши хусусий мактабларга юборишди. Айтиш керакки, таълимга тикилган инвестиция беҳуда кетмади — Керол ва Майклнинг уч фарзанди ҳам ҳаётда муваффақият қозонганлардан.Кейт Миддлтон Фото: East NewsТўнғич қизи — Кейт Миддлтон Marlboro коллежида ўқиди, у ўқишдан ташқари хоккей ўйнашни ҳам яхши кўрарди. Коллежни тугатгач, дарҳол университетга ҳужжат топширмади: бир йил ўқишдан танаффус қилишни хоҳлади. Бу вақт ичида у Италия ва Чилига борди ва хайрия ташкилотининг дастурида қатнашди. Сўнгра Кейт нуфузли Сент-Эндрюс университетига ўқишга кирди. У ерда эса шаҳзода Уильям билан танишиб қолди.2004 йилда ёшлар чанғи учишга чиқишганда бирга суратга тушишди: уларнинг муносабатлари биринчи марта матбуотда эълон қилинди. Университетни тугатгандан сўнг Кейт Jigsaw кийимлар дўкони тармоғининг савдо бўлимида ишлай бошлади. Айнан шу пайтда ёшлар ўртасида келиб чиққан жанжал туфайли улар бир мунча вақтга ажралишди. Аммо ҳаммаси яхшилик билан якунланди — 2010 йилда шаҳзода Уильямнинг Кейт Миддлтон билан унаштируви эълон қилинди ва 2011 йил 29 апрелда эса узоқ кутилган тўй бўлиб ўтди. Бугунги кунда Кейт уч нафар фарзандини тарбиялаяпти ва ҳақли равишда Буюк Британиянинг севимли маликаси ҳисобланади.Пиппа Миддлтон (Мэттьюз) Фото: East NewsФилиппа ёки уни кўпроқ Пиппа деб аташади, Эдинбург университетида таҳсил олган бўлиб, инглиз адабиёти бўйича дипломга эга. Кейинчалик у компанияларда жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис бўлиб ишлади ва турли тадбирларни ташкил этишда иштирок этди. Шунингдек, у иккита китоб ёзган, Vanity Fair журнали ва Sunday Telegraph газетасининг муаллифи ҳам бўлган.2017 йилда қиз собиқ пойгачи ва омадли тадбиркор Жеймс Мэттьюзга турмушга чиқди. Ҳозирда жуфтлик ўғли Артур ва қизи Грэйсни тарбияламоқда.Жеймс Миддлтон Фото: East NewsКеролнинг кенжа фарзанди Жеймс ҳам Эдинбург университетига ўқишга кирди, лекин биринчи курсдан кейин университетни ташлаб, ўз бизнесини бошлади. У онасининг пазандалик ҳақидаги болалик хотираларидан илҳомланиб, оригинал торт тайёрлаш бўйича компания ташкил қилди. Қизиғи шундаки, у торт пиширишни уйидаги ошхонадан бошлаган. Тез орада Жеймс «Йилнинг энг ёш тадбиркори» мукофотига сазовор бўлди. Яқинда Жеймс янги лойиҳа — итлар учун органик озуқа ишлаб чиқарувчи компанияни ишга туширди. Шахсий ҳаётда ҳам омадли деса бўлади: у франциялик молиявий таҳлилчи Ализе Твенга унаштирилган.Бўлажак қиролнинг доно қайнонаси Фото: Getty ImagesУильям 2007 йилда Кейт билан гаплашмай қўйганида, онаси қизига энг яхши маслаҳатни берди: «Бунақа йиғлаб, уйда ўтирма. Яхшиси, ўзингга қара, тунги клубларга бор, унга қандай қизни қўлдан чиқарганини кўрсатиб қўй». У, шунингдек, Кейтга ўзини тутишни ва дили қанчалик қаттиқ оғриганини Уильямга сездирмасликни тайинлади. Онасининг бу маслаҳатлари бекорга кетмади: Уэльс шаҳзодаси Кейтни Сейшел оролларига олиб бориб, «у ягона», эканлигини айтди ва келажакда унга уйланишга ваъда берди. Кейт ҳам ўз навбатида, у бунга тўлиқ тайёр бўлгунча кутишга рози бўлди.Бироқ журналистларнинг сўзларига кўра, Керол қизининг бармоғида ҳали ҳам никоҳ узуги йўқлигидан асабийлашган, чунки Кейт ва Уильям бир неча йилдан бери учрашишарди. У бир марта Рождество арафасида меҳмонга келган Уильямни четга олиб, келажакда нима қилмоқчилиги ҳақида сўраган. Шунда шаҳзода бўлажак қайнонасини тез орада унаштирув ва никоҳ тўйи бўлишига ишонтирган. Фото: East NewsОАВнинг таъкидлашича, Уильям Кейтни севиб қолишининг сабабларидан бири — унинг оиласи ва ота-онаси, укаси ва синглиси билан ҳавас қиларли муносабатлари бўлган. Унга бўлажак рафиқаси дўстона ва аҳил оилада тарбиялангани ёққан.Вақт ўтиши билан у ҳам бу оиланинг бир қисмига айланди — шаҳзода қайнона ва қайнотаси билан яхши муносабат ўрната олди. Айтишларича, Уильям уларникига келиб юрганида, диванда Миддлтон хонимнинг тиззасига бош қўйган ҳолда соатлаб жаноб Миддлтон билан суҳбатлашган. Яқинда The Sun нашрининг хабар беришича, Уильям қайнонасини «иккинчи она» деб ҳисоблайди. Журналистлар, шунингдек, Керолнинг қизи ва куёвига «катта таъсир» ўтказа олишини ҳам таъкидлайди. Валиаҳд шаҳзоданинг рафиқаси бўлганидан кейин ҳам Кейт онаси билан яқин муносабатни йўқотмаган ва ҳакигача ундан маслаҳат олиб туради. Керолни ҳар доим болаларига ёрдам беришга тайёр, уларни қўллаб-қувватловчи тиргак деб аташ мумкин.Севимли буви ва ажойиб аёл Фото: Getty ImagesКеролнинг меҳри ҳаммага етади — болаларига ҳам, беш нафар неварасига ҳам. Айтишларича, у «жуда меҳрибон буви», шаҳзода Жорж — Кейт ва Уильямнинг биринчи фарзанди — Керолга, айниқса, жуда оиърганиб қолган. Болалигида бувиси уни тез-тез ўрмонга ёки пляжга сайр қилиш учун олиб борарди. Бундан ташқари, Керол уни Норфолкдаги болалар боғчасига ҳам ўзи олиб борган, Жорж, укаси ва синглисининг тарбиясида ҳам унинг алоҳида ўрни бор. Керол ўзини жуда фаол буви деб таърифлайди: «Мен тепаликлардан югуришни, дарахтларга чиқишни ва ўйин майдончасидаги туннел бўйлаб эмаклашни хоҳлайман. Баъзида шундай қиламан ҳам. Биз биргаликда овқат пиширамиз, рақсга тушамиз, велосипед минамиз». Фото: East NewsКерол нафақат набиралари учун, балки иши учун ҳам вақт топа олади: «Мен диванда ястаниб ётадиганлардан эмасман. Менда катта энергия бор ва ишимдан завқланаман. Мен жуда кўп меҳнат қилган ота-онамга қараб ибрат олганман».Буви бўлишига қарамай, Керол ҳозирда ҳам ҳам ажойиб кўринишга эга. Бир пайтлар дизайнер Карл Лагерфелд у ҳақида шундай деганди: «Керолни жуда жозибали аёл деб ҳисоблайман. Менимча, у иккала қизидан ҳам мафтункорроқ». Чиндан ҳам бу борада баҳслашиб бўлмайди.Мавзуга доир: Кейт Миддлтоннинг малика Диана услубидан илҳомланиб яратган образлари (фото) Кейт Миддлтон ва шаҳзода Уильям кўчишни режалаштирмоқда: улар қироличага яқин яшашни хоҳлайди Қироллик оиласи ҳаётининг ўзига хос афзалликлари Тиш чўткасида соч текислаш, уй ниқоби: Қироллик оиласидан гўзаллик сирлари (фото) Қироллик оиласининг болалари риоя қилиши керак бўлган ғайриоддий 12 та қоида

Manba: Daryo