Москва вилоятидаги қишлоқда 67 ёшли аёл ўлдириб кетилгач, аҳоли намойишга чиқди. Жиноятда тожикистонлик муҳожирлар айбланмоқда (видео)

Ўз 13
Россиянинг Москва вилояти Сергиев Посад тумани Бужаниново қишлоғида кекса аёлнинг ўлдирилиши муносабати билан 13 сентябрь куни муҳожирларга қарши режалаштирилмаган митинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Meduza хабар берди. Фото: Сергиев Посад шаҳар округи маъмурияти13 сентябрь куни «Копейка» ва «Альтернативная газета» маҳаллий нашрлари Бужаниново ҳудудида, тахминан, 65 ёшли аёл зўрлангани ва ўлдириб кетилгани ҳақида муштарийлардан келган хабарларини эълон қилган (кейинчалик расмийлар аёл 67 ёшда бўлганини аниқлади). Аёлнинг жасади ўрмондаги темир йўл яқинидан топилган. Хабарларга кўра, қотилликда гумон қилиниб, икки муҳожир ҳибсга олинган. «Копейка» ва «Альтернативная газета» манба кўрсатмасдан, гумонланувчиларнинг фотосуратларини чоп этди.Бужаниноводаги митингда камида 200 киши қатнашди. Улар полиция бошлиғи билан учрашишни ва муҳожирларга ажратилган ётоқхонани ёпишни талаб қилди. «Копейка» хабарига кўра, 13 сентябрь 18:00 дан кейин Бужаниновода одамлар чет эллик ишчиларини жойлаштириш учун «Экоокна» компанияси томонидан сотиб олинган икки қаватли уй ёнига йиғила бошлаган (расмийларга кўра, бу бино аввал қишлоқ клуби бўлган). База нашри митинг иштирокчилари сонини 200 киши деб, «Альтернативная газета» муаллифи Андрей Трофимов эса 300 киши деб (23:00 ҳолатига кўра) баҳолади. «Коммерсантъ» гувоҳларга таяниб ёзишича, митинг иштирокчилари энг авж паллада минг кишига етган.«Альтернативная газета» эълон қилган видеога қараганда, ўлдирилган аёлнинг ўғли ҳам митингда қатнашган. У ётоқхона комендантидан уни ичкарига киритишни талаб қилган: «Сиз ўлдириб кетилган онам билан деярли тенгсиз-ку». Митингга келган ёш қизларнинг айтишича, муҳожирлар уларга шилқимлик қилган; аёллар болаларини ташқарига чиқаришдан қўрқишини айтди. Митинг иштирокчиларидан бирининг сўзларига кўра, одамлар 13 сентябрга ўтар кечаси ётоқхонага келишган: «Биз бу ерда эрталаб соат бешгача турдик, бирорта бошлиқ чиқиб, ҳаммасини тушунтириб беришини кутдик. Ҳеч ким чиқмади». «ТАСС»нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси айтишича, 13 сентябрга ўтар кечаси кимдир ётоқхона эшигини бузмоқчи ҳам бўлган.Ётоқхона полиция ҳимоясига олинди. Тергов қўмитаси нафақахўрнинг зўрланиши ва ўлдирилишида гумонланаётганлар ушланганини тасдиқлади. Улар «қўшни давлатлардан бирининг фуқаролари», 1988- ва 1984 йилларда туғилган икки киши, дейилади идорада. Сергиев Посад шаҳар округи раҳбари Михаил Токаревнинг айтишича, гап «Приозерное» боғдорчилик ширкатидаги хусусий уй қурилишида ишлаб ва шу ерда яшаб келаётган Тожикистоннинг икки фуқароси ҳақида кетмоқда. 14 сентябрь куни эрталаб Тергов қўмитаси гумондорларга нисбатан айблов эълон қилингани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, митинг пайтида Бужаниново аҳолиси жиноятга уч нафар хорижлик алоқадорлиги ва гўёки улардан бири қочишга муваффақ бўлганини айтди. Воқеа жойига етиб келган полиция бу ҳақда изоҳ бермаган.Бужаниноводаги митинг 14 сентябрь куни ярим тунда, Сергиев Посад маъмурияти билан учрашувдан сўнг тугади. Маъмурият муҳожирлар ётоқхонасини ёптиришга ваъда берди. «Азиз юртдошлар! Мен сизни тўхташга чақираман. Миллатидан келиб чиқиб одамларни судсиз жазолаш — бу йирик тажовузни келтириб чиқарадиган хато. Жиноятда гумонланаётганлар адлия қўлида. Биз Бужаниново аҳолисининг талабларини тингладик: 14 сентябрь куни ётоқхона эгаси билан учрашув ўтказамиз ва унинг ёпилишини талаб қиламиз», — дея ваъда қилди шаҳар округи раҳбари Михаил Токарев. Унинг ўринбосари Оксана Ероханованинг қўшимча қилишича, полиция Бужаниново кўчаларида патруллик қилиш учун кучлар юборади. Ҳокимият, шунингдек, собиқ қишлоқ клуби биносининг «Экоокна» компаниясига қонуний ёки бошқа йўл билан ўтказилганини текширади.Кейинроқ Meduza хабар беришича, Подмосковье губернатори Андрей Воробёв Бужаниноводаги муҳожирлар учун мўлжалланган ётоқхонани ёпишни буюрган. «Шундай жиноятлар борки, улар ўз беадаблиги билан, шафқатсизлиги билан резонансга олиб келади ва натижада ҳақиқатдан ҳам одамларнинг қони қайнайди. Бужаниноводаги атрофида ушбу фалокат содир этилган ётоқхона бугун ёпилади. Аҳоли қарши экан унга бу ерда жой йўқ», — дейилади губернаторнинг Telegram’даги расмий каналида.«Альтернативная газета» муаллифи, блогер Андрей Трофимовнинг айтишича, унга Бужаниноводаги тартибсизликларни ёритгани учун жиноий иш қўзғатиш билан таҳдид қилишган. «Менга Москва вилояти ҳукумати ва турли тузилмалар қўнғироқ қилди ва улар ушбу митинг учун мени айбдор қилиб, миллатлараро адоватни қўзғатиш бўйича жиноий иш очмоқчилигини айтди. Табиийки, мен ҳеч қандай келишмовчиликни қўзғамайман. Мен фақат фуқароларга ўз муаммолари, истаклари ва хавотирларини ҳукуматга етказиш имкониятини бераман», — деди Трофимов ётоқхона яқинидаги митингдан олган репортажида.2019 йилнинг март ойида Россия таркибига кирувчи Ёқутистон Республикасида ҳам муҳожирларга қарши митинглар бўлиб ўтган. Митинглар келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган муҳожир бир аёлни зўрлашда айбланганидан кейин бошланган. Намойишлар фонида муҳожирларга таҳдид ва ҳужумлар ҳақида хабарлар келиб тушган, бу эса муҳожирларнинг ишга чиқишдан бош тортишига сабаб бўлган. Ёқутистон раҳбари Айсен Николаев республика аҳолиси билан учрашиб, ноқонуний иммиграция ва ноқонуний бизнес билан курашишга ваъда берди. Кўп ўтмай у республиканинг 33 хил соҳадаги корхоналарига чет эл фуқароларини ёллашни вақтинча тақиқлаб қўйди.Мавзуга доир: Санкт-Петербургда 29 ёшли ўзбекистонлик аёл ўлдириб кетилди. Қотилликда 22 ёшли ўзбекистонлик йигит гумонланиб, қўлга олинди

Manba: Daryo