Даҳшатли таркибга эга «ПСЖ», Роналду билан совринга умид қилаётган «Юнайтед» ва ҳимоя учун «жанг» қиладиган «Челси». Чемпионлар Лигаси бошланмоқда

Ўз 14
Европа майдонларида мавсумнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Чемпионлар Лигасининг финал босқичи старт олади. Европанинг сараланган 32 жамоаси «шалпангқулоқ» учун баҳс олиб боради.Гуруҳ босқичи ва қуръа ҳақидаГуруҳ босқичига деярли барча топ-клублар етиб келди. АПЛ ва А Серия грандлари тўлиқ таркибда. Украинанинг икки гранд клуби ҳал қилувчи босқичга чиққан бўлса, УЕФА коэффициент жадвалида жадаллик билан пастга шўнғиётган Россиядан фақат «Зенит» гуруҳ босқичида иштирок этади. Кутилмаган «меҳмон» сифатида «Шериф»ни эътироф этиш мумкин. Молдаван клуби ЕЧЛда дебют қилади, бу ҳақида қуйида ҳали яна сўз юритамиз. Фото: LiveScoreСаватчалар таркиби шундай бўлдики, қуръа натижасида гуруҳ босқичидаёқ исталган финални безайдиган қарама-қаршиликлар вужудга келди. Улардан айримлари:«Манчестер Сити» — «ПСЖ» «Атлетико М» — «Ливерпуль» «Реал Мадрид» — «Интер» «Бавария» — «Барселона» «Челси» — «Ювентус» Фото: «Дарё»Ҳа, бу ўйинларга гуруҳ босқичида дуч келамиз ва бир эмас, икки мартадан.ФаворитларЧемпионлар Лигаси шундай мусобақаки, олдиндан бир ёки икки жамоани фаворит сифатида эътироф этиш мушкул. Таркибдаги юлдуз футболчилар нуқтаи назаридан қаралганда «ПСЖ», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»ни кўрсатиш мумкин. «Манчестер Сити» ва «Бавария»да барқарорлик бўлса, «Реал», «Ювентус» ва «Атлетико»да ушбу мусобақадаги тажриба юқори даражада. Фото: Getty ImagesШунингдек, Европа Лигаси ғолиби «Вильярреал», Франция чемпиони «Лилль», танаффусдан кейин турнирга қайтган «Милан» ва тўхташ нималигини билмай келаётган Ҳоланди бор «Боруссия Д» ҳам қолганларга «бош оғриқ» бўлиши мумкин. Ғолиб бўлиш учун мавсум давомида барқарорликни ушлаб туриш ва бироз омад керак бўлади.ИнтригаларГуруҳ босқичида кўплаб принципиал тўқнашувларни учратиш мумкин. Улардан айримлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.«ПСЖ» — «Манчестер Сити». Парижликлар 2020/21 йилги мавсум ярим финалида «шаҳарликлар»га имконияти бой бериб (1:2, 0:2), мусобақа финалидан қуруқ қолганди. Ўтган ёзда парижликлар таркиби қай даража кучайгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтириш шарт эмас, албатта.«Реал», «Интер» ва «Шахтёр» яна бир гуруҳда. Худди ўтган мавсумдаги сингари бу жамоалар яна бир гуруҳдан жой олди. Биргина ўзгариш: ўтган гал «чақилмас ёнғоқ» вазифасини ўтаган «Боруссия М» ўрнини яққол аутсайдер «Шериф» эгаллаган. Мадридликлар гуруҳ босқичида «Шахтёр»га икки бор мағлуб бўлган ва сўнгги турдаги ғалаба эвазига кейинги босқич масаласини ҳал қилганди. Антонио Контенинг «Интер»и эса охирги ўринда қолиб кетганди.«Барселона» — «Бавария». Каталон клубидаги муаммоларнинг бутун дунёга ошкор бўлишига сабаблардан бири сифатида кўрсатиладиган ўйинга у қадар кўп вақт бўлмади. Коронавирус сабаб ЕЧЛ 2019/20 йилги мавсуми плей-офф босқичи марказлашган тизимда ўтказилган ва унда «Бавария» «кўк-анорранглилар»ни 8:2 ҳисобида тор-мор келтирганди. «Барселона» эса ўша ўйиндаги «нокдаун» ҳолатидан ҳали ҳам чиқа олмагандек. Ўша учрашувдан кейин кўп нарса ўзгарди, айниқса, Барселона жамоаси — жамоанинг ҳужум триосидан (Месси, Гризманн, Суарес) асар ҳам қолмади. Бироқ «Барса»да ўша ўйиндан қолган алам ҳамон сақланиб тургани аниқ. Фото: Getty Images«Манчестер Юнайтед» — «Вильярреал». Европа Лигаси 2020/21 йилги мавсуми финали қатнашчилари бу сафар ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаёқ ўзаро рўбарў келади. Энди «Манчестер» ўтган йилги «Манчестер» эмас. Улар сафида Чемпионлар Лигаси тимсолига айлана ёзган Криштиану Роналду бор, «Реал» билан тўрт бор мусобақада ғолиб чиққан Рафаэл Варан бор.ЕЧЛда ўзбек футболчиси. Чемпионлар Лигаси илк бор йўлланмани қўлга киритган «Шериф» жамоаси ёзги трансфер ойнасида ўз сафига «Легия» форварди Жасур Яхшибоевни қўшиб олди ва уни ЕЧЛ учун рўйхатдан ўтказди. Энди ўзбекистонлик футболчи «Реал», «Интер» ва «Шахтёр» каби жамоалар дарвозасига йўл топишга ҳаракат қилади. Жасур ўтган ҳафта молдаванлар сафидаги дебют ўйинида гол ва голли узатма амалга ошириб, баҳс тақдирини ҳал қилди. Шундай экан ўзбекистонлик футбол мухлислари орасида D гуруҳига бўлган қизиқиш янада ортди, десак адашмаган бўламиз.Номлар Фото: Sport360Номлар ҳақида гап кетганда «ПСЖ»га ҳавас қилмай илож йўқ. Ажратиб кўрсатиш мумкин бўлган футболчилар ўзи саноқлик бўлса-да, уларнинг уч нафари парижликлар сафида — Месси, Неймар ва Мбаппе. Европа чемпионатининг энг яхши ўйинчиси Жанлуижи Доннаруммани ҳам инобатга олсак, «ПСЖ» турганда қолганларга «нон йўқ»дек.Ёзда ушбу мусобақа учун «инвестиция» киритган жамоа сифатида «Манчестер Юнайтед»ни ҳам айтиш мумкин. Роналдунинг қайтиши ўз-ўзидан «қизил иблислар»ни нафақат АПЛ, балки Чемпионлар Лигасининг асосий фаворитлари қаторига қўшди.«Челси»да энди ҳал қилувчи ўйинларда ғалаба қозонишни биладиган Томас Тухелдан ташқари ҳужумларни якунлашда бешафқат бўлган Ромелу Лукаку бор. Бу эса амалдаги чемпион учун ўз мақомини муносиб ҳимоя қилиш йўлида жуда муҳим.Мавсумлар оралиғида машҳур номларни йўқотганлар ҳам талайгина бўлди. «Барселона» ва «Ювентус» сўнгги 15 йилликнинг энг яхши ўйинчиларини қўйиб юборди. «Реал» қаторасига учта ЕЧЛ кубогини қўлга киритган Зидан билан хайрлашди. «Интер» эса Лукакуни Англияга кузатиб қўйди.Мусобақа бўйича тахминларЮқорида қайд этиб ўтганимиздек, бу мусобақада олдиндан бирор тахмин билдириш жуда мушкул. Шундай бўлса-да шахсий қарашлардан келиб чиқиб, айрим тахминларни келтириб ўтамиз.Чемпион — «Манчестер Сити»; Тўпурар — Роберт Левандовски; Энг яхши ўйинчи — Кевин де Брюйне; Эҳтимолий сенсация — «Барселона» мусобақани эрта тарк этади; Кутилмаган сенсация — «ПСЖ» плей-офф босқичига йўл ололмайди; Мусобақа кашфиёти (ўйинчи) — Винисиус Жуниор; Мусобақа кашфиёти (клуб) — «Севилья». Муаллиф: Нодирхон Ҳамидхонов

Manba: Daryo