Дидактикасиз насиҳат қила биладиган режиссёр Аббос Киорустамий шедеврлари

Ўз 9
Жаҳонга машҳур ёки бирор мукофотга лойиқ топилган фильмларни томоша қилиш мароқли. Бирор танқидчи таҳлил қилган, тавсия этган фильмни диққат-эътибор билан кўрамиз. Тақриз-тавсиялар орқали кўпинча дидимиз шаклланади ва сал ўтиб, энг сара, вақтни сарфлашга арзигулик киноларни излаб қоламиз. «Дарё» колумнисти, киношунос Шоҳида Эшонбобоева жаҳон саҳналарида ўрни, эътирофи, мукофотини топган режиссёр Аббос Киорустамий ва унинг машҳур фильмлари ҳақида ҳикоя қилади. Фото: «Peoples.ru»Аббос Киорустамий жаҳон кинематографияси хазинасига ўзига хос фильмларни мерос қолдирган эронлик режиссёрлардан бири. Унинг ижодий фаолияти бугун ҳам бир қатор Ғарб ва Шарқ киномактабларида ўрганилади. Асосан, ХХ асрнинг 80–90 йилларида жаҳонга танилган Киорустамий умуминсоний ғояларнинг экрандаги тасвирий ечими билан Ғарбни қойил қолдирган эди. Аслида соф муҳаббат, инсонпарварлик, вафо ва садоқат каби эстетик категорияларни тараннум этиш дунёнинг ҳар бурчагида яшайдиган ижодкорнинг бош мақсадидир. Лекин бу ижодкорларнинг қайсидир бири дунёга танилади, қайсидири ўз ҳудудидан ташқарига чиқолмайди. Киорустамийни оламга танитган бирламчи омил – бу унинг ватани ва халқига бўлган чексиз муҳаббатини соф кино тили ёрдамида ифодалаганидир.Эҳтимол, ўзбек томошабини учун Киорустамийнинг фильмларида ёритилган сюжет ва ғоя у қадар ҳайратланарли бўлмаслиги мумкин. Чунки, биринчидан, дунёқараш, дин, тарбия ва қолаверса, қадимдан зардуштийлик билан боғлиқ ўзига хос дунёқараш эрон ва ўзбек халқида ўзаро ўхшаш эканини инкор этолмаймиз. Иккинчидан, Фирдавсий ва Хайём, «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» каби буюклар номи ва машҳур асарлар ўзбек – эрон халқининг ўтмишдаги адабий анъаналари, фолклори бир-бирига яқин бўлгани, бир-биридан озуқлангани ва ҳамон шундайлигидан далолат беради. Аммо кинематографияда Киорустамий кўпроқ миллийликка таянди...Таъкидлаш керак, бир қатор дунёга машҳур ижодкорлар каби Аббос Киорустамий ҳам 2009 йилга келиб хорижга, аниқроғи, Францияга бутунлай кетишга мажбур бўлади ва Эронда бошқа фильм суратга олмайди. Маҳаллий ҳокимият, сиёсий тузум Киорустамий ҳамда унинг ҳамкасблари ижодий эркинлигига ҳадеб тўсиқ қўйгани бунга сабабдир. Юртидан бош олиб кетган ижодкор хориж кинокомпаниялари билан фильмлар суратга олади. Агар хориждаги фаолияти билан она юртидаги ижодий фаолияти намуналарини солиштирсак, ўз юртида яратган фильмларида миллий ғурур, халқига меҳр ва ҳамдардлик, ёшлар келажагидан қайғуриш каби нозик туйғулар етакчилик қилади. Кейинги фильмларида эса ватан соғинчи акс этса-да, ғарбона турмуш тарзидан безишни сезиш мумкин... «Дўстимнинг уйи қаерда?» (Кҳане-е дуст кожаст) фильми постери Фото: Highonfilms«Дўстимнинг уйи қаерда?» фильми (1987) Киорустамий ижодида муҳим ўрин тутади. Фильм мухлисларини топгач, режиссёр яна бир неча фильмлар суратга олади ва уларда унгагина хос бўлган режиссёрлик «имзо»сини мустаҳкамлайди. «Зайтун дарахти ортида» (Зире даракҳатан зейтон) фильмидан кадр Фото: Google PhotosУнинг Канн кинофестивальида ғолиб бўлган «Зайтун дарахти ортида» (1994) фильми ҳайъат, киношунослар ва томошабин ўртасида катта баҳс-мунозарага сабаб бўлган, пировардида, «Олтин палма новдаси» совринини қўлга киритган фильмдир.Мазкур икки фильмда режиссёр мамлакатдаги иқтисодий етишмовчилик, ишсизлик, қишлоқлардаги оғир турмуш тарзига қарамай аҳолида келажакка умид сўнмагани, ёшларнинг қалби кўпроқ илмли ва маърифатли бўлиш истаги билан туғён уриши, ғарб ва замонавий дунё учун унутилган энг нозик покиза муҳаббат, дўстга вафодорлик туйғулари эронлик болалар ва ўсмирларда барқ уриб турганини кўрсатишга уринади ва шуниси билан инсонни ҳайратга солади. Қизиғи, ҳикоя замирида чўнг ғам ва алам яширинганки, буни томошабин сезмай қўймайди. Бу ғам – болаларнинг келажаги учун қайғуриш, қўрқишдир. Аммо сенарийда сўз, мусиқа ва қандайдир «кесатиқ»лар билан ҳукуматга ёки халқига нисбатан норозилик кайфиятини сезмайсиз.Киорустамийнинг режиссёр ва сценарийнавис (баъзида монтажчи ва рассом) сифатида яратган асарларида сўз бирламчи, тасвир эса етакчи. Фильм қаҳрамонлари кўп бўлмайди, лекин постановка қилинган кадрлардан кўра, режиссёр табиий кадрларни хуш кўради. Ҳар ҳолда унинг фильмларида актёрлар рол ўйнаётгани умуман сезилмайди.«Севишганлардек» фильми трейлери2012 йили яна бир Канн «Олтин палма новдаси» соврини соҳиби бўлган «Севишганлардек» фильми Аббос Киорустамийнинг ўзига хос шарқона фалсафаси акс этган фильмлардан. Гарчи Япония киноижодкорлари билан биргаликда, Японияда содир бўлган воқеа ҳақида ҳикоя қилинса-да, эрон режиссёрининг «имзоси» мазкур асарда ҳам яққол сезилиб туради. Ҳар доимгидек, бу асарда ҳам биринчи ўринда тасвир ёки мусиқа эмас, сўз+тасвир етакчилик қилади. Воқеани тўлиқ англаш учун, албатта, сўзни диққат билан эшитиш ва мулоҳаза қилиш керак. Хусусан, набирасини кўриш учун шаҳарга келган бувининг автобус бекатида қолиб кетиши ва буни билиб турган набира қиз бувисидан келган бир неча телефон хабарларини эшица ҳам, бувини тик оёқда, жомадонларини ушлаганча ўтган-кетганга термилиб, набирасини кутаётганини кўриб турса ҳам «пул ишлаш» мақсадида автобус бекатидан айланиб ўтиб кетади. Бу ҳолатга эртаси куни аянчли тарзда жавоб олинади. Лекин вақт ўтгани, нотўғри қадамнинг касри ва ҳоказо фикрлар фильм тугаганидан кейин томошабин фикр-ёдини чирмаб олади. Киорустамийни Киорустамий даражасига олиб чиққан ҳам айнан мана шу хислатидир – у томошабинга дидактикасиз насиҳат қила билади. Ижодкор учун мураккаб, бироқ зарур вазифа.Ўзбек томошабинлари учун Киорустамийнинг деярли барча фильмларини кўришни тавсия этиш мумкин. Зотан, унинг асарлари жаҳолат ва фаҳшдан ҳоли. Гарчи, фильм сюжетида нопокликни қоралаш ғояси йўлбошловчи бўлса-да, режиссёр очиқ кадрлар билан фикрини ифодаламайди ва унинг учун мусиқа ҳам етакчи безак вазифасини ўтамайди. У кўпроқ табиий интершумдан фойдаланади. «Йирик план» (Close-up) фильмидан лавҳа Фото: CameralabsУнинг қизиқ фильмларидан бири «Йирик план»дир. Француз киноактрисаси Жулетт Бинош ижросидаги «Аслига тўғри» фильми ҳам Киорустамийнинг санъат асари билан ҳақиқий ҳаёт ўртасидаги номутаносиблик ҳақида мунозара юритган асарларидан бири. Биз томошабинга Аббос Киорустамий фильмларини кўраётганда сўзга (диалог, монолог, изоҳлар ва бошқа) диққат қилишларини, мизанкадрнинг постановкасига эътиборли бўлишларини ва актёрлар ижросидан завқ олишларини тилаймиз.Сўнг сўз ўрнида шуни эслатамизки, миядаги нейронларнинг янгиланиб туриши ва инсон эрта қаримаслиги учун мураккаб бўлган асарларни ўқиш, фильмларни кўриш ва мумтоз мусиқа эшитиш муҳим экан. Аббос Киорустамий фильмлари нисбатан оддий бўлгани билан, қисқа ахборотларга ўрганган замондошларимиз учун мураккаб фильмлардан бўлиши мумкин...«Аслига тўғри» фильми трейлериМаълумот учун: Аббос Киорустамий – кинорежиссёр, ссенарист, продюсер, фотограф, рассом, шоир; 22 июнь 1940 йилда Теҳронда туғилган; 4 июль 2016 йил Парижда оламдан ўтган; 40 га яқин фильмлар режиссёри; 10 дан ортиқ халқаро кинофестиваллар совриндори; Франция, Япония каби мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик доирасида фильмлар суратга олган.

Manba: Daryo