АҚШда Капитолийга бўлган ҳужумнинг биринчи иштирокчиси қамоққа ҳукм қилинди

Ўз 17
АҚШ суди шу йилнинг январь ойида Дональд Трамп тарафдорларининг Капитолий биносига бостириб киришида иштирок этган Флорида фуқаросини 8 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. Фото: Getty ImagesБу Вашингтонда январь ойида содир этилган тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан ўқилган биринчи қамоқ ҳукми. Ғалаён иштирокчиси Пол Аллард Хожкинс айбига иқрор бўлган ва ўз хатти-ҳаракатларидан уялишини айтган.Июнь ойида АҚШда мазкур иш бўйича биринчи ҳукм чиқарилганди, аммо айбланувчи қамоққа юборилмаган.Пол Хожкинс АҚШ президентлигига сайлов натижаларини тасдиқлаш давомида расмий жараёнга тўсқинлик қилишда айбдор деб топилди. Авф этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ у АҚШ Молия вазирлигига 2000 доллар тўлашга рози бўлди, шундан сўнг Хожкинс янада оғир айбловлардан, жумладан, бузғунчилик ва безорилик айбловидан озод қилинди.Прокуратура айбланувчи учун 18 ой муддат сўраган. Аммо АҚШ округ судьяси Рендолф Мосс айбланувчи ҳеч кимга ҳужум қилмагани ёки давлат мулкини бузмаган сабабли унга қисқароқ муддат бериш мумкинлигини айтган.Қайд этилишича, келгусида бошқа судлар тартибсизликларнинг бошқа юзлаб иштирокчилари тўғрисида қарор қабул қилишда ушбу ҳукмни йўналиш қилиб олиши мумкин.Капитолийга ҳужум қилишда ҳаммаси бўлиб 500 дан ортиқ одам айбланган.Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШ Конгресси аъзолари Дональд Трампнинг президентлик сайловларида мағлуб бўлганини тасдиқлаш учун йиғилган вақтда Трампнинг тарафдорлари Конгрессга бостириб кирган. Полиция бир неча соат ўтибгина намойишчиларни Капитолийдан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўқотар қурол, дубинка, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Капитолийнинг хавфсизлик ходими билан биргаликда, беш киши ҳалок бўлган. Тартибсизликдан кейин федерал қидирув бўлими намойиш иштирокчиларига қарши 160 дан ортиқ иш очган.АҚШ ҳукуматининг хабар беришича, Капитолийга қилинган ҳужум натижасида тарихий аҳамиятга эга санъат асарлари ва мебеллар зарар кўрган.Аввалроқ Капитолийни таъмирлаш учун 30 миллион доллар талаб этилиши маълум бўлганди.Мавзуга доир:АҚШ Конгресси Капитолийга қилинган ҳужумни текшириш бўйича комиссия тузди Трамп Капитолийга уюштирилган ҳужумни қоралади ва ҳокимиятни қонуний йўл билан Байденга топширишга ваъда берди АҚШ биринчи хоними аппаратининг раҳбари Конгрессга амалга оширилган ҳужумдан сўнг истеъфога чиқди

Manba: Daryo