«Бизда ҳозирги сиёсатни инкор этадиган ғоялар бўлади» – Алишер Қодиров президент сайловлари тўғрисида

Ўз 26
Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ҳақида сўзлади.Унга кўра, «Миллий тикланиш» партияси 2019 йил охиридаги парламент сайловларидан сўнг дарҳол президент сайловларига тайёргарликни бошлаган. Фракциянинг махсус ишчи гуруҳи сайловолди дастури устида ишламоқда. Сиёсатчи ушбу дастурга Президент Шавкат Мирзиёевнинг «амалдаги сиёсатини инкор этувчи ғоялар» киритилишини таъкидлади.«Бизда нафақат ўзига хос ғоялар бор. Албатта, мен ҳозир ҳамма нарсани айтолмайман, чунки ишчи гуруҳ ҳали бизга тўлиқ маълумотларни тақдим этмаган. Қисқаси, биз амалдаги сиёсатнинг айрим қисмларини инкор этадиган, бутунлай бошқача ғояларга эга бўламиз. Бизда муқобил ғоя бўлади. Биз ҳамма нарса билан муроса қиламиз», – деди партия раҳбари.Алишер Қодиров одамларнинг кўп шикоят қилишига қарши эканлигини ҳам айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Президент халқ қабулхоналарига мурожаатларнинг аксарияти «халқнинг ноқонуний талабларидан» иборат.«Депутатларга ҳам бундай мурожаатлар келиб тушмоқда. Уйимда музлаткич йўқ, лекин мен ўз овозимни палончи депутатга бергандим, деган мурожаатлар келади. ... Ва маблағи кўп партиялар бориб, музлаткич сотиб олиб беряпти ҳам. Шу ўринда савол туғилади: Халқ қабулхоналари халқимиз тараққиётига хизмат қиляптими ёки тўсқинлик?», – дейди депутат.«Миллий тикланиш» етакчиси муаммоларни шу тарзда ҳал қилиш одамларни бир хил дунёқарашга эга бўлиб қолишига олиб келади деб ҳисоблайди.«Бизнинг партиямиз халқ қабулхоналарини суд тизими билан бирлаштириш ғоясини илгари суради. Унда ҳар бир мурожаат судга мурожаат сифатида кўриб чиқилади ва унга ҳуқуқий баҳо берилади. Шахс судга мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқини талаб қилади», – дейди Қодиров.Алишер Қодировнинг фикрича, ваколатли орган мурожаатнинг «тўғрилигини» аниқлаштиради, сўнг судга кўриб чиқиш учун топширади ёки сабабини тушунтириб рад этади.Депутатнинг қайд этишича, «Миллий тикланиш» партияси президентликка номзодини июнь ойида эълон қилишни режалаштирмоқда. Сайлов кодексига мувофиқ, сиёсий партия президентликка номзодни сайлов кампанияси бошлангани тўғрисида эълон қилинган кундан тўрт ойдан кечиктирмай тақдим этиши керак (агар партия Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган бўлса). Сайлов кампаниясининг ўзи Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида амалдаги президентлик муддати тугашидан уч ойдан кечиктирмай эълон қилинади.«Бизнинг мақсадимиз сайловчиларимизни баъзи сюрпризлар билан ажаблантириш эмас. Биз, албатта, ушбу сайловлардан натижа кутмоқдамиз, нимагадир эришмоқчимиз. Номзодга келсак, биз буни кўриб чиқяпмиз. Сиз мендан яхшироқ биласиз, бу осон бўлмайди. Ҳаммаси оддий эмас. Аммо бизнинг номзодларимиз жамиятимизда нимани ўзгартириш керак бўлса, шуни илгари суради. Ушбу ғоялар энди бизнинг махсус гуруҳимиз томонидан ёпиқ эшиклар ортида ишлаб чиқилмоқда», – деди у.Депутат партияда номзодларнинг «аниқ рўйхати» мавжудлигига эътибор қаратди. Унга кўра, «Миллий тикланиш» ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган таклифларни ҳимоя қила оладиган партиядан ягона номзодни аниқлаш учун бошланғич (партиявий сайловлар) ўтказиш режалаштирилган.«Рақобатчилар оддий бўлмайди. Бунга аминман ... Биз бошқалар билан рақобатлашишга тайёрмиз. Биз ўзимиз бирон нарсага эришишни хоҳлаймиз. Сайловда одамларга, агар бизнинг номзодимиз ғолиб чиқса, нималар содир бўлишини тушунтирамиз. Бизда вазиятни ўзгартирадиган аниқ таклифлар бор», – деди у.Алишер Қодиров амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг хизматларини ҳам таъкидлаб ўтди, аммо «шунчаки миннатдорлик туфайли у билан рақобатлашмаслик»ни нотўғри деб ҳисоблайди.«Ушбу ўзгаришлар унинг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Мен Президент билан бир неча учрашувларда бўлганман. У чин дилдан рақобатлаш, ол, қил, дейди. Бу одам ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонни ўзгартиришни хоҳлайди», – деди депутат.Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонунни қабул қилганди.Қонундаги бандлардан бири билан Президент, Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Жўрқорғи Кенгеси, шунингдек, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари учун ўтказиладиган сайловлар санаси декабрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилди (2021 йилда ушбу сана 24 октябрга тўғри келмоқда).Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида 2021 йилда ўтказиладиган «давлат ва халқ ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса» — президентлик сайловлари масаласига тўхталиб ўтганди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси «бўлажак сайловларнинг миллий қонунчилик ва умумеътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиши» лозимлигини таъкидлаганди.Бундан аввал Ўзбекистонда сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартибига ўзгартиришлар киритилгани ҳамда Ўзбекистондаги сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими ва иш жойи кўрсатилмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Manba: Daryo