Сенат Самарқандда қамоққа олинган ҳомиладор аёл иши бўйича Бош прокуратура ва Олий судга сўров юборди

Ўз 19
Олий Мажлис Сенати ижтимоий тармоқларда «Ҳомиладор аёл 8 ойлик гўдагидан маҳрум қилиниб, қамоққа олинди» сарлавҳаси остида тарқалган видеомурожаат юзасидан Бош прокуратура ва Олий судга сўров юборди. Фото: «Дарё» / Мадина НурманВидеомурожаатда Самарқанд шаҳридаги туманлараро почта боғланмаси оператори лавозимида ишлаб келган А.Р. ва боғланманинг қатор бошқа ходимлари 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида 743 миллион сўм миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилганликда айбдор деб топилиб, жазолангани маълум қилинган.Ҳомиладор аёлнинг онасини сўзларига кўра, ушбу камомад қизи А.Р. ва унинг шериги Ҳ.А. томонидан ўзлаштирилгани ҳақида далолатнома тузилган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, далолатнома расмийлаштирилишидан олдин раҳбарият бу икки ходимга нисбатан тазйиқ, босим ўтказган ва «бу пулларни олдик, биз ўзлаштирдик, деб ариза ёзиб беринглар, қолганини биз ҳал қиламиз», деган. Қайд этилишича, 2019 йилда ўтказилган апелляция судида ҳам операторлар ҳолат юзасидан жавобгар деб топилган.Аёл ўз мурожаатида А.Р.га қўйилган барча айбларни қайта кўриб чиқиш лозимлиги сўраган.Маълум қилинишича, суд А.Р.нинг 8 ойлик фарзанди борлиги ва ҳозирда яна ҳомиладор эканлигини инобатга олмай, унга 5 йил-у 2 ой муддатга қамоқ жазоси тайинлаган.«Ҳозирда фуқаронинг мурожаати юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан Бош прокуратураси ва Олий судига Сенатнинг сўровномаси юборилган. Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Олий суд ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда масалани атрофлича ўрганиб, натижалари юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали ахборот беради», — дейилади хабарда.Аввалроқ Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят ишини очиқ суд мажлисида кўриш якунланиб, суд ҳукми эълон қилингани тўғрисида хабар берилганди.Мавзуга доир: «Аёлми, эркакми, жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак». Танзила Норбоева Гулнора Каримованинг қамоқда ўтирганига «аёл сифатида» муносабат билдирди

Manba: Daryo