«Ўзбекистонда 1 км йўлни қуриш нархи 950 минг долларни ташкил этади» — Абдураҳмон Абдувалиев

Ўз 9
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 6 апрель куни навбатдаги ҳукумат соати бўлиб ўтди. Унда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов автомобиль йўлларининг бугунги кундаги ҳолати, лойиҳалаштириш ва қуриш борасидаги ишлар юзасидан ҳисобот берди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.Таъкидлашича, ҳозирги кунда автомобиль йўлларининг 3993 километри (9 фоизи) халқаро, 14 203 километри (33 фоизи) давлат ҳамда 24 673 километри (58 фоизи) маҳаллий аҳамиятдаги йўллар ҳисобланади.Ҳисоботдан сўнг депутат Дониёр Ғаниев маблағларнинг мақсадли сарфланиши билан қизиқди.«Минг афсуски, ҳукумат томонидан биргина мана шу йўлларнинг ўзига 1 миллиард 600 миллион долларга яқин ташқи қарз маблағлари жалб қилинишига қарамасдан, ҳали йўлларимизни таъмирлашга эҳтиёж кузатилмоқда. Бундан ташқари, айнан мана шу ташқи қарз ҳисобига молиялашган лойиҳаларда афсуски, жуда кўплаб кечикишлар ва қонунбузилишлар учраб турибди», — деди Ғаниев.Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, Ислом тараққиёт банкининг 125 миллион доллар маблағи ҳисобига М39 Тошкент—Термиз йўналишида 97 километрга яқин йўлни таъмирлаш ишларини 2014 йилда якунлаш белгиланган. Шунга қарамай, қуриш ишлари 5 йилга чўзилиб кетган. Бунга материалларни етказиб беришдаги камчиликлар сабаб қилиб кўрсатилган.Депутатнинг айтишича, А373 йўлидаги 3 километр йўл ҳам 2020 йил якунига қадар таъмирланиши белгиланган. Бироқ бу ҳануз якунланмаган, ахборотларда эса 2021 йил охиригача тугатиш қайд этилмоқда.«Жаҳон банкининг ахборотида айнан лойиҳаларнинг муддати чўзилиши бу уларни амалга оширишда коррупциянинг бир белгиси сифатида кўриш мумкинлиги қайд этилган. Қолаверса, Transparency international’нинг коррупцияга оид индексини олсак, қурилиш соҳаси, жумладан, йўл қурилиши дунёда энг коррупциялашган соҳалардан бири сифатида келтирилган. Жаҳон банкининг тахминича, ривожланаётган давлатларда ўртача 10 фоиз коррупция бўлаётган бўлса, йўл қурилишидаги коррупция кўрсаткичи 35 фоизгача бориши мумкин», — деди Ғаниев.Мазкур маълумотлардан келиб чиқиб, депутат қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:Бугунги кунда Ўзбекистонда йўл қурилиши соҳасида амалга оширилган ва бажарилаётган лойиҳаларда коррупция даражаси неча фоиз деб ўйлайсиз? Лойиҳаларнинг белгиланган муддатлардан чўзилиб кетиши ёки коррупция ҳолати бўлмаслиги учун вазирлик ва қўмитада қандай ишлар амалга оширилган? Жаҳонда йўл қурилишидаги коррупциянинг асосий индекаторларидан бири бу ўртача 4 тасмали йўл қурилиши нархи экан. Ўзбекистонда 4 тасмали 1 километр йўл қуриш ва реконструкция қилишнинг ўртача нархи қанча? Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов (марказда) ва Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев (ўнгда)Фото: «Gazeta.uz»«Дунёвий қараганда, йўл соҳасида коррупция белгилари, омиллари бўлиши мумкин. Бор, биз бу нарсани инкор қилмоқчи эмасмиз. Мен фоиз даражасида айтиб бера олмайман, солиштирадиган белгилар ва кўрсаткичларим йўқ. Тизим ҳозир шунақа яратиляпти-ки, вазирликда ҳам, қўмитада ҳам комплеанс назорат амалга оширилиб, алоҳида хизматни яратганмиз», — деди транспорт вазири.Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, «коррупциянинг олдини олиш мақсадида қандайдир технология ёки янги йўналишлар ишлаб чиқарилгани йўқ. Бунинг физик назорат тизими мавжуд».«Яъни лойиҳаолди, лойиҳалаштириш, тендерларда ғолибларни аниқлагандан кейин уларни баҳолаш тизимида ҳамда пудрат ташкилотларининг ҳар бир иш жараёнини техник назорат тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Коррупция профилактикаси ва хавфининг олдини олиш тизимини яратмоқчимиз», — деди вазир.Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев йўлларнинг қурилиш ва реконструкцияси нархи бўйича маълумот берди.«Автомобиль йўллари давлат қўмитаси энг қиммат йўл Гулистонда 3 километр — 1 километрни 950 минг долларга қурган. Ўзбекистон нархларига кўра, энг қиммат йўл маҳаллий ўтиш йўлаги, лотоклари ва бошқалар билан 10 миллиард сўм нархида бўлади. Лекин дунёда бунақа суммада ҳеч ким йўл қурмайди. Мисол учун, интернетга қидирувга берсангиз, энг ками Туркияда 2 миллион доллардан тепага қараб чиқади», — деди у.У ҳозирда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаётган Туркия лойиҳалаштириш компаниясининг нархларини мисол тариқасида келтирди.«Yuksalish Project компаниясида Тошкент ҳалқа йўли лойиҳасини қилиш 5 миллион 700 минг доллар туради. Бизнинг иккита институтимиз ишлайди. Биттасида 300 нафар, иккинчисида 200 нафар ходим бор. Шундаги ҳамма лойиҳачиларга бир йилда 5 миллион доллар харажат қилинади», — деди Абдураҳмон Абдувалиев.Бундан аввал Япония қиймати 7,3 миллион доллар бўлган йўл қуриш техникасини Ўзбекистонга совға қилгани, Абдураҳмон Абдувалиевга ҳайфсан эълон қилингани ҳамда Шавкат Мирзиёев Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбарига йўллар сифати бўйича танбеҳ бергани ҳақида хабар берилганди.

Manba: Daryo