Ўзбекистонда COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқаришни йил охиригача йўлга қўйиш режалаштирилмоқда

Ўз 11
Ўзбекистон йил охиригача COVID-19’га қарши вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев «Иннопром» халқаро саноат кўргазмасининг ишбилармонлар дастури доирасида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz». Сардор Кариев.Фото: «Gazeta.uz»У Президентнинг 2020 йил 25 ноябрдаги қарорида мамлакатда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этилиши кўзда тутилганини эслатиб ўтган.«Ўзбекистон ўзини зарур вакциналар билан, шу жумладан, коронавирусга қарши вакцина билан таъминлай оладиган инфраструктура яратиш бўйича топшириқ берилган», — деган у.Унинг сўзларига кўра, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Тошкент тиббиёт академияси ва бошқа ҳамкорлар билан бу йўналишда ишлар олиб бормоқда. Ҳозирда янги ишлаб чиқариш мажмуаси лойиҳалаштирилмоқда, илмий институтлар эса коронавирусга қарши вакцина яратиш устида ишламоқда.«Йил охирига қадар бизнинг ишлаб чиқариш майдончамиз тайёр бўлади. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва олимларимиз янги маҳаллий вакцинани яратмоқда», — деган у.2020 йилнинг декабрида «Gazeta.uz» Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Россияга Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида коронавирусга қарши Россия вакцинасини ишлаб чиқаришни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда иммунобиологик вакциналар ишлаб чиқариш лойиҳаси 53 миллион долларга баҳоланганди. Ўша йили Россиянинг «Спутник V» вакцинаси намуналари рўйхатдан ўтказиш ва мамлакат ҳудудида вакциналар ишлаб чиқариш саноатини ишга тушириш учун зарур бўлган синовларни ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга олиб келинганди.Сардор Кариев томонлар ҳозирча лойиҳа деталларини муҳокама қилаётганини маълум қилди.«Вакциналар ишлаб чиқариш — технологик жиҳатдан жуда мураккаб жараён. Биз Россия томонига таклиф билан чиқдик. Ўзбекистонда халқаро стандартларга мувофиқ вакцинанинг исталган турини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган бир нечта ишлаб чиқариш майдонлари  мавжуд. Аммо бу жараён жуда узоқ муддатли», — деган у.Унинг таъкидлашича, вакциналар ишлаб чиқариш лойиҳасида технологияларни трансфер қилишни кўзда тутади.«Бизда ишлаб чиқариш базаси мавжудлигига қарамай, у бироз модернизация қилиниши, янги технологик жараёнларга мослаштирилиши керак. Шу муносабат билан бизда музокаралар олиб борилмоқда, мутахассислар келиб, ишлаб чиқариш майдонларини кўриб чиқмоқда, технологик трансфер масалаларини муҳокама қилмоқда. Шунинг учун, ушбу масала бошланиши муддатини айтиш жуда қийин. Аммо умуман олганда, иш олиб борилмоқда», — деган агентлик раҳбари.Апрель ойи бошларида Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари коронавируснинг тўлиқ геномларини биринчи марта Ўзбекистонда ўқигани ва биоинформатик таҳлил ишларини олиб боргани ҳақида хабар берилган эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ўз ҳудудида коронавируснинг барча вариантлари ДНК кетма-кетлигини тўлиқ секвенлаган 50 та мамлакат қаторидан ўрин олди.«Ўзбекистонда тарқалган коронавирус вариантлари ҳақидаги маълумотлар айнан юртимизда тарқалган штаммларга қарши йўналтирилган миллий вакцинамизни яратиш ишлари учун ўта муҳимдир», — дейилган эди хабарда.

Manba: Daryo