Бош прокуратура «Effect.uz» сайтининг икки нафар журналисти қидирувга берилганини маълум қилди

Ўз 11
Сурхондарёда Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилган «Effect.uz» сайти ходимларига қидирув эълон қилинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура.Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь ойида «Effect.uz» сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилганлиги ҳақида видеоёзув чиқарилган.Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон бош прокурори номига тақдимнома киритилган.Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) ва 219-моддалари (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган «Effect.uz» ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлаган.Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл)га Жиноят кодексининг 139 (туҳмат) ва 140-моддалари (ҳақорат қилиш) билан сиртдан айб эълон қилиниб, «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.Ўз навбатида, «Effect.uz» ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган.Бундан аввал Ўзбекистонда Президентни интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилангани ҳамда Тошкентда бир йил давом этган суд ишидан сўнг журналистни ҳақорат қилган бош шифокор айбдор деб топилгани ҳақида хабар берилганди.

Manba: Daryo