Нега геологлар куни баҳорга белгиланган? Ушбу касб байрами ҳақида нималарни билиш керак?

9
Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон геологлари ўз касб байрамини нишонламоқда. Шу муносабат билан «Дарё» колумнисти, геолог Шукуржон Исломов кун тарихи ва соҳанинг аҳамияти ҳақида ҳикоя қилади.Ўзбекистон геологлари аслида апрелнинг биринчи дам олиш кунини ўз байрами сифатида нишонлайди. Тўғри, бу кун календарга махсус михлаб қўйилмаган бўлса ҳам 60 йиллардан бери геологларимиз ўз кунини нишонлашни анъанага айлантириб олган. Илк бор 1966 йилнинг 31 март куни СССР Олий Совети президиуми фармони билан геологлар куни таъсис этилган. 2018 йилнинг 26 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун билан ушбу касбий байрамнинг мустақил Ўзбекистондаги қонуний асоси мустаҳкамланди. Фото: Google PhotosНега энди айнан апрелнинг биринчи якшанбаси? Чунки қиш қаҳратонлари кетиб, тоғ-у тошлардаги музлар эриганда геолог одам оёғи етмаган жойларга экспедицияга йўл олган. Тўғри, бизнинг юртда баҳор эртароқ келади, апрель санаси эса шимолдаги собиқ «катта оға»нинг иқлимини ҳисобга олиб танланган.Бу кунни фақат геологларгина нишонламайди. Геология билан чамбарчас боғлиқ бўлган бурғиловчилар, маркшейдерлар, геофизиклар, портлатувчилар, геоморфолог ва геомеханиклар, шахта ходимлари ва умуман фойдали қазилмаларга алоқадор мутахассисларнинг бари ўз куни деб ҳисоблайверади.Геология ер пўсти ва тузилиши, таркиби, ҳаракатлари ва ривожланиш тарихини ўрганувчи фандир. Геология ер юзасида (ёки оз чуқурликда) бўладиган жараёнларни ўрганишда табиий география фанлари (геоморфология, иқлимшунослик, гидрология, океаншунослик ва бошқалар) ютуқларидан фойдаланади; чуқурликдаги жараёнлар, радиологик ёшни аниқлашда, геологик қидирув ва разведкада геокимё ва геофизика методлари қўлланилади. Геология фани тўғрисидаги бу умумий маълумотлар зерикарли туюлиши мумкин, аммо геологларнинг тараққиётга қўшган ҳиссаси жуда юқоридир. Энг оддий мисол фойдали қазилма конларини излаб топишни олинг. Биз хонадонимизда ёқаётган газ, кўмир, автомобилимизга қуядиган ёнилғи, давлат молиявий қудратини белгиловчи олтин захираси, кундалик ҳаётимизда зарур бўлган металлар, ҳар хил минераллар, турли кимёвий модда ва бирикмалар ҳамма-ҳаммаси геологларнинг меҳнати маҳсули саналади. Геолог анжомлари Фото: «Mirkosmosov.ru»Геолог иш анжомлари азалдан болғача, компас, метр, блокнот каби қуроллар бўлган. Аммо ҳозир геолог ҳам ноутбук ва электрон ўлчовчи қурилмаларсиз юрмайдиган бўлди.Геологиянинг вулқоншунослик, тектоника ва сейсмология каби бўлимлари вулқонлар отилиши ва зилзилани олдиндан прогноз қилиш имконини беради. Бу фалокатлар кўлами жуда катта бўлганлиги учун инсониятга азалдан маълум, аммо геологлар ер мантиясининг юқори қисмидаги жараёнларни ўрганиб ушбу ҳодисаларнинг табиатини баҳолайди ва илмий башоратлар қилади. Ер қаърини ўрганиш учун ўта чуқур қудуқлар қазилади ёки ер юзасида сунъий силкинишлар ҳосил қилинади.Энг дастлабки геология кузатувлари Пифагор, Аристотел каби олимларнинг асарларида учрайди. Марказий Осиё олимлари Беруний ва Ибн Синолар Х асрда минералларга таъриф берган ва синфларга бўлган. Замонавий геология фани ислом дунёсидан бошланган деб ҳисобловчи олимлар ҳам бор. Ҳозирги геология фанининг отаси XVIII асрда яшаган шотланд олими Жеймс Ҳаттон ҳисобланади. Ҳаттон «Ер назарияси» номли машҳур илмий асарида ер қаърида қизиган жинслар борлигини ва шу жинслар тоғларни ҳосил қилишини олдинга сурган. Бунгача ердаги тоғлар катта сув тошқинининг натижаси деган қараш мавжуд эди. Ҳаттоннинг бу ва бошқа назариялари фан оламида бурилиш ясаган. Ҳаттон жонли мавжудотлар эволюцияга учрашини тасдиқлаган ва ҳаттоки, табиий танланишни тахмин қилган.Шотландиядан Ўзбекистонга қайтамиз. Ўзбекистондаги геологик ишларни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тартибга солади ва бошқаради. Давлат геология қўмитасига «Ҳисоргеология», «Қизилқумгеология», «Самарқандгеология», «Тошкентгеология, «Сурхонгеология», «Ўзбекгеофизика» АЖлар, Ҳ. Абдуллаев номидаги геология ва геофизика институти, Геология фанлари университети ва бошқа ташкилотлар бўйсунади.Ўзбекистонда геология ҳақида гап кетса машҳур геолог олим, ЎзФА президенти Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев биринчи эсланади. Ҳабиб Абдуллаев Фото: ВикипедияҲозирги вақтда Ўзбекистонда геологиянинг минералогия, гидрогеология, муҳандислик геологияси, сейсмология, геофизика, геотектоника каби бўлимлари ривожланмоқда, ушбу йўналишларда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Геологлар эса давлатнинг энергетик салоҳияти, минерал-хом ашё захираларини таъминлашда етакчи ўринни эгаллайди.

Manba: Daryo