Фарғонада 8 йил илгари ёпилган «Риштон—Сўх» йўли очилиши ўзбек-қирғиз халқлари қувончига сабаб бўлди (фото)

Ўз 14
Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қирғизистон ҳудуди орқали Сўхга борувчи йўлнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди. Фото: «Дарё»Таъкидланишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги «Риштон» ва «Тул» чегара божхона постлари барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналар ҳаракати учун тўлиқ очилган. Фото: «Дарё»Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Боткен вилояти губернатори Омурбек Сувоналиев ва икки мамлакатнинг бир қатор расмий шахслари иштирок этди. Фото: «Дарё»Маросимда сўз олган расмийлар томонидан давлат раҳбарларининг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида алоқалар кенгайиб бораётгани, чегараолди ҳудудларнинг ҳамкорлиги ҳам янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланиб, президентларга чин қалбдан миннатдорлик билдирилди. Фото: «Дарё»«Икки қўшни мамлакат аҳолиси азалдан қариндош-уруғ, қуда-анда, дўст-биродар бўлиб, жуда ҳам аҳилликда яшаб келган. Бугунги тарихий сана ҳам мана шу азалий қардошлик алоқаларимизнинг яна бир тантанаси, десак тўғри бўлади. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани орқали Риштондан Сўхга бориладиган йўлнинг очилиш масаласи қарийб ўн йилдан бери икки томон халқларининг орзуси бўлиб келган эди. Албатта, бу ҳам ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Кўп йиллар бунга ҳаракат қилинган. Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси натижасида бу йўл очиляпти. Икки давлат президентларининг 11—12 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларида эришилган келишувлар натижасини тез ва қисқа муддатда гувоҳи бўлиб турибмиз. Фото: «Дарё»Бу йўлнинг очилиши нафақат қариндош-уруғчилик, дўстлигимиз ривожланишига, балки иқтисодий алоқаларимиз мустаҳкамланишига ҳам асос бўлади. Қирғизистон Фарғона вилоятининг энг яқин савдо ҳамкори ҳисобланади. Ўтган йили икки томонлама савдо айланмаси 118 миллион бўлган бўлса, бу йил 200 миллион долларга етказишга келишганмиз. Икки йил ичида қўшма корхоналар сонини икки баробарга оширишни режалаштирганмиз. Худо хоҳласа, Фарғона, Боткен вилоятларини ўзбек–қирғиз муносабатларида энг намунали ҳудудга айлантирамиз», — деди вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров. Фото: «Дарё»Маълумот учун, 2013 йил январь ойида содир бўлган воқеалар оқибатида Фарғона вилоятининг Сўх туманига олиб борувчи Риштон йўли ёпилиб, «Водил» пости ягона қатнов йўли ҳисобланарди. Фото: «Дарё»Сўх тумани аҳолиси 8 йилдан ортиқ вақт давомида вилоят марказига келиш учун соатлаб вақт сарфлаб, «Водил» божхона чегара пости орқали қатнаган. Фото: «Дарё»Риштон—Сўх ҳудудларни боғловчи қисқа йўл ҳисобланади. 35 километрлик бу йўл ёпиқлиги сабаб сўхликлар вилоят марказига бориш учун 125 километр йўлни босиб ўтишига тўғри келаётганди. Йўлнинг очилиши натижасида Фарғонага олиб борувчи йўл қарийб 90 километрга қисқарди. Фото: «Дарё»80 мингга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Сўх анклав ҳудуд ҳисобланиб, туманга фақат Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти орқали борилади. Фото: «Дарё»2019 йилнинг 30 августида ҳам Риштон—Сўх йўлининг очилиш маросими бўлиб ўтганди, аммо икки кун ўтиб йўл яна ёпилгани маълум қилинганди. Кейинчалик Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов йўлнинг ёпилиши Евросиё иқтисодий иттифоқи талаблари билан боғлиқ эканлигини тушунтирганди. Фото: «Дарё»Эслатиб ўтамиз, қўшни Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11—12 март кунлари Ўзбекистонга ташриф билан келди. Кейинроқ 24—25 март кунлари Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича қирғиз ҳукумати делегацияси ҳам Тошкентда бўлди. Фото: «Дарё»Ушбу ташриф якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон баҳсли чегара ҳудудларни хатловдан ўтказишга келишиб олган. Фото: «Дарё»«Йўлнинг очилиши туманимизда катта тантана, хурсандчиликка сабаб бўлди. Бу кунларни неча йиллардан бери орзу қилардик. Мана бугун биз орзу қилган кунлар келди. Сўх туманининг Тул қишлоғида қариндошларимиз бор. Уларни кўрмаганимизга ҳам узоқ йиллар бўлиб кетди. Ярим соатлик йўлга кунлар давомида айланиб боришга мажбур эдик. Бугун йўлимиз очилса, мана шу қийинчиликлар ортда қолади. Худо хоҳласа, қариндошлар билан кўришиш насиб этади. Ўзбеклар ва қирғизлар минг йиллик дўст. Улар қуда-анда бўлиб кетган. Меҳмондўст халқмиз. Энди уларникига меҳмонга борамиз. Улар келишса, биз ҳам очиқ чеҳра билан кутиб оламиз», — деди Риштон тумани «Қошқарон» маҳалласида яшовчи Мақсуда Эргашева. Мақсуда Эргашева.Фото: «Дарё» Хурсанали Тошматов.Фото: «Дарё»«Йўл очилганидан битта мен эмас, ҳамма хурсанд, ҳамма рози. Бугун биз учун катта байрам бўлди. Сабаби йўл ёпилиб, 8-9 йилдан бери бу томонларга ўтганимиз йўқ. Дўстлар, биродарлар бир-биримизни кўролмай қолгандик. Илгари бир кунда ўн мартадан ўтардик. Қардошларимизнинг тўйларида меҳмон бўлардик. Бир-биримизнинг бозорларимизга бориб, савдо қилардик. Йўлнинг очилиши тадбиркорлар учун ҳам кўп қулайликлар беради. Қариндошларимиз, қудаларимиз, жиянларимиз бор. Насиб қилса, уларникига бориб, меҳмон бўламиз», — деди Риштон тумани Оқтомир қишлоғида яшовчи Хурсанали Тошматов. Муаллиф:Азизжон Эрматов

Manba: Daryo