Масжидга кириши рухсат этилган ягона ҳайвон. Мушукларга бўлган муносабат шаклланишида қандай омиллар роль ўйнайди?

12
Инсонларнинг жониворларга муносабати ва бунга таъсир этувчи омиллар ҳақидаги адабиётлар ниҳоятда кам экани сабаб мазкур материални тайёрлашда барча мавжуд илмий мақолалардан ва манбалардан имкон қадар фойдаландик. Мушуклар бир неча минг йилликлардан бери инсонлар билан ёнма-ён яшаб келишига қарамай, айрим халқлар уларни бошқаларидан кўпроқ яхши кўради. Бошқа жамиятларда эса буткул бефарқлик, ҳатто бешафқат муносабат кучли экани кузатилади. Қуйида бунга сабаб бўлган бир қатор омилларни санаб ўтамиз. Фото: Google PhotosХалқларнинг ўтмишиМустақил тадқиқотчи Хуршид Йўлдошевнинг фикрларига кўра, мушукларга муносабат халқнинг ўтмишда кўчманчи ёки ўтроқ бўлганига қараб фарқланиши мумкин. Яъни қадимда кўчманчи бўлган халқларда мушукларга симпатия ҳиси бўлмайди. Чунки улар бир ерда муқим яшамагани ҳисобига омборлари ҳам бўлмаган, табиийки, мушукларга эҳтиёж ҳам бўлмаган. Ўтроқ халқлар эса ҳосилини ғамлаб қўйган ҳамда мушуклар уни кемирувчилардан ҳимоя қилган. Натижада мазкур жонивор уларнинг турмуш тарзида муҳим аҳамият касб этган. Йиллар ўтиб, кўчманчи халқлар ўтроқлашса-да, уларда турмушига бегона бўлган жониворга нисбатан инстинктив тарзда антипатия қолиб кетган. Халқ оғзаки ижоди, ривоятлар ҳамда ирим-сиримларда ҳам мушук образи муайян халқнинг ушбу ҳайвонга муносабатидан келиб чиққан.Ирим-сиримларИрим-сиримлар қадимдан одамларнинг ҳаётида мавжуд бўлиб, авлоддан авлодга ўтиб келади. Уларнинг пайдо бўлишига муайян нарсадан бехабарлик, билимсизлик сабаб бўлади. Мушуклар ҳақидаги турли ирим-сиримлар ҳам мушукнинг хулқ-атворини яхши билмайдиган, мушук билан яқин бўлмаган одамлар орасида урчиган. Бу ҳам маълум маънода саводи юқори бўлмаган, илм даражаси паст бўлган жамиятларда жониворга нисбатан нафрат уйғонишига туртки бўлади. Фото: Google PhotosҚора мушукКўпгина халқларда қора ранг ўлим, қайғу, ёвузлик рамзи ҳисобланади. Sage Publications нашрида америкалик психолог-тадқиқотчилар Ҳайли Жонс ва Кристиан Ҳартнинг «Қора мушук атрофидаги кенг тарқалган салбий фикрлар» номли мақоласи чоп этилган. Тадқиқотчилар ўз изланишлари давомида сўровда қатнашаётганларнинг диний эътиқоди, ирим-сиримларга ишониш-ишонмаслиги ҳамда ирқчилик борасидаги қарашларини ҳисобга олган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, салбий муносабат қора мушукларнинг юзидан унинг эмоцияларини ўқий олмаган одамларда кўпроқ кузатилади. Бундай одамларда, шунингдек, ирим-сиримларга ишониш юқори даражада туради. Бунинг диний ёки ирқий қарашлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.Ижтимоий муҳитElsevier нашри доирасига кирувчи Social and Behavioral Sciences журналида чоп этилган «Ҳайвонларга бўлган муносабатнинг психологик ва ижтимоий-демографик кўрсаткичлари» мақолада муаллиф, руминиялик тадқиқотчи Ливиа Апостол ва бошқалар ҳайвонларга муносабат шахсда эмпатия қай даражада ривожлангани билан боғлиқ, деган фикрни илгари сурган. Унга кўра, бошқа бир шахсга нисбатан эмпатия, яъни унинг ҳолати ва ҳиссиётларини тушуниш ҳисси юқори бўлган одамларда ҳайвонларга ҳам меҳр юқори бўлади. Ҳайвонларнинг ҳимоясизлиги, ҳолатини сўзлар орқали айта олмаслиги уларга бўлган ғамхўрликнинг кучайишига туртки бўлади. Шунингдек, оиладаги муҳит бундай муносабат шаклланишида аҳамиятга эга. Кичиклигидан ота-онасининг уй ҳайвонини парваришлашини кўрган болаларда бошқа болаларга нисбатан мушук-кучукларга мойиллик кўпроқ бўлади.ДинларЦивилизациянинг илк ўчоқларидан бири бўлмиш қадимги Мисрда мушуклар ниҳоятда улуғланган, ҳатто гўзаллик илоҳи Бастет ҳам мушук тасвирида бўлган. Фото: Google PhotosИслом динида эса масжидга киришига рухсат этилган ягона ҳайвон мушук ҳисобланади. Шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам кийимларида мушук ухлаб қолганида, унинг уйқусини бузмаслик учун кийимларининг ўша қисмини кесиб, кейин ўринларидан турганлари ҳақида ҳадислар бор. Бундан ташқари, саҳобалардан бири Абу Ҳурайра («Мушуклар отаси») ҳам мушукларга меҳр қўйгани билан машҳур.Яҳудийликда муқаддас ҳисобланган диний ёзувлар тўплами — Талмудда мушук бир неча бор жуда фойдали ҳайвон сифатида (масалан, уйга яқинлашган майда илонларни овлагани ҳақидаги ҳикоятлар) ва ўрнак бўла оладиган жонивор сифатида («Агар Таврот нозил қилинмаганида, биз озодаликни мушуклардан ўрганган бўлардик») тилга олинган.Насронийлик динида пайғамбар Исо (алайҳиссалом) оч-наҳор ётган мушукни қўлига олиб, бағрига босиб, қишлоғига олиб кетгани, унга сув ва таом бергани ҳикоя қилинади. Кейинчалик пайғамбар бу мушукни Лоренса исмли бева шогирдига туҳфа қилган. Фото: Google PhotosЎзбекистонда мушукларга муносабатАфсуски, Ўзбекистонда мушукларга муносабат ҳавас қиларли даражада эмас. Мамлакатда нафақат мушукларга, балки бошқа ҳайвонларга нисбатан ҳам бешафқат муносабат тез-тез кузатилади. Ачинарлиси, охирги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали кучук ва мушуклар қийноққа солинган манзара акс этган видеотасвирлар тарқалиши оммалашган. Бундай ҳаракатни содир этган шахсларга нисбатан давлат томонидан маъмурий жазо мавжуд бўлса ҳам (амалда жарима тўланади, аммо ҳозирда Бош прокуратуранинг сўровига кўра, ҳайвонларни қийноққа солган фуқароларни 6 ойгача озодликдан маҳрум этиш ҳақида моддани Жиноят кодексига киритиш муҳокама қилинмоқда), жамиятда бунинг кучли таъсири кўринмаяпти. Ҳатто февраль ойида Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокимлиги мактаб ўқувчиларига кўча ҳайвонлари, хусусан, дайди кучук ва мушуклардан эҳтиёт бўлиш, уларнинг қутурган бўлиш эҳтимоли юқорилиги ҳамда ҳайвонлар ҳужум қилганда қандай чора кўриш керак экани юзасидан тренинг ташкил қилган. Бундай ҳаракатлар, шубҳасиз, вояга етмаган болаларда жониворларга нисбатан қўрқув ва бошқа салбий ҳисларни уйғотади.Зиёдахон Ғуломова тайёрлади.

Manba: Daryo