Жиззахдаги бунёдкорлик ишларида иштирок этаётган россиялик инвестор вилоят ҳокимининг қариндоши эканлиги маълум бўлди

Ўз 2
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг ўғли Элбек Солиев ҳамда унинг амакиси Шавкат Солиев иштирокидаги компаниялар вилоят ҳудудида бир неча миллиард сўмлик қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Telegram’даги «Давлетовуз» каналида эълон қилинган мақолада сўз боради. Фото: «Дарё» / Мадина НурманМаълум бўлишича, Жиззах вилоятида Россиянинг ААА Investment Company компанияси иштирокида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2020—2022 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига кўра, мазкур компания (90 фоиз) ва жисмоний шахс Элбек Солиев Эргашевич таъсисчилигида тузилган ААА Company қўшма корхонаси Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Туристик даволаш-соғломлаштириш мажмуаси ташкил этиши керак. Ушбу мақсадлар учун ер ажратиш бўйича 2019 йилдаёқ туман ҳокими қарори чиқариб қўйилган.Мажмуа қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, 7 миллиард компания ҳисобидан, 5 миллиард сўми «Миллийбанк» кредитлари ҳисобидан, 200 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан амалга оширилиши керак. «Бугина эмас, компания туманда чорвачилик билан боғлиқ яна бир лойиҳани амалга оширишни ният қилган. Қўшма корхона очилган ойнинг ўзидаёқ туман ҳокими ер ажратиш бўйича қарор чиқариб берган», — дейилади хабарда.Таъкидланишича, мазкур корхона томонидан Шароф Рашидов тумани Учтепа қишлоқ фуқаролар йиғинида умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилган. ОАВда эълон қилинган реклама материалидан маълум бўлишича, «Миллийбанк» томонидан ажратилган кредит маблағи эвазига боулинг маркази ва 3D кинотеатр қурилиб, зарур жиҳозлар харид қилинган. 3D кинотеатр 2 та залдан иборат бўлиб, ҳар бири 50 та томошабинни ўз ичига олади.Россиялик инвестор сифатида Жиззахдаги бунёдкорликларда иштирок этаётган ААА Investment Company компанияси Россия очиқ маълумотлари порталларига кўра, тўлалигича Солиев Шавкат Алибекович исмли жисмоний шахсга тааллуқли.Компания Россияда 2018 йил 20 февралда 1 миллион рубллик устав фонди билан рўйхатдан ўтган бўлса, март ойида Ўзбекистонда ААА Company қўшма корхонасини очган. Шунингдек, Шавкат Солиев ва Элбек Солиев 2018 йил апрелида 90/10 улушда Metan Korea қўшма корхонасини ҳам очган.«Афтидан амаки-жияннинг бизнес ҳамкорлиги узоқ даврларга бориб тақалади. Улар 2011 йилда Фориш туманида Fish Co МЧЖ қўшма корхонасини 99,5/05 фоиз улушида очишган. Бундан ташқари, Элбек Солиев турар жой биноларини қуриш билан шуғулланадиган Riser Sun МЧЖнинг ҳам чорак улушига эгалик қилади», — дейилади хабарда.Аввалроқ Жиззах вилояти ҳокимининг қизига тегишли компания кўчаларга гул экиш бўйича 1,9 миллиард сўмлик тендерни ютиб олгани тўғрисида хабар берилганди.Мавзуга доир: «Жиззахча тендерлар-2». Бир неча юз млрд сўмлик лойиҳаларни вилоят ҳокими ўринбосарининг қариндошлари қўлга киритгани маълум бўлди «Манфаатлар тўқнашуви учун жавобгарликнинг ўзи йўқ». Депутат Дониёр Ғаниев ҳокимликлардаги тендерлар ҳақида

Manba: Daryo