Дунё иқтисодиёти коронавирусдан қандай тикланиб боради? Венесуэлада инсон ҳуқуқлари инқирози. Жаҳон матбуоти шарҳи

Ўз 9
«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.Пандемиядан кейинThe Financial Times нашри пандемиядан сўнгги даврда жаҳон иқтисодиёти айрим қитъаларда қандай кечиши ва тикланиши борасида мақола эълон қилди. Хитойнинг Ухань шаҳридан бутун дунёга тарқалган коронавирус оқибатида дунёнинг бой мамлакатларидан тортиб қашшоқ мамлакатлари иқтисодиётигача, барча катта талафотларни кўрди ва бу ҳамон давом этмоқда. Дунё мамлакатларининг марказий банклари коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш мақсадида кескин чоралар ишлаб чиқишга мажбур бўлди. Бир қатор халқаро иқтисодий таҳлиллар билан шуғулланаётган институтлар таҳлилларига қарамасдан, айрим мамлакатларда вазият тахминлардагидек ёмон аҳволда эмаслиги қувонтиради. Фото: Google PhotosХалқаро валюта фонди сешанба куни эълон қилган «Жаҳон иқтисодиётининг истиқболлари» тадқиқотида дунё иқтисодиёти бу йил 4,4 фоизга қисқаришини тахмин қилди, лекин бу июнь ойида назарда тутилганидек 5,2 фоизга пасайиши тахмин қилинган прогнозга қараганда яхши рақам.Йирик иқтисодиётга эга бўлган давлатлардан бири Хитой касаллик юқишини камайтириш ва мамлакатни халқаро савдо учун очиш имконига эга бўлди. Халқаро валюта фонди тахминларига кўра, бу йил Хитойда иқтисодий ўсиш 1,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи иқтисодиётида эса кескин қисқариш тахмин қилинди. Сабаби эса пандемия даврида АҚШ ва Европа Иттифоқи иқтисодиётга хавф солиб турган муаммони бартараф қилишнинг уддасидан чиқа олмади.Шимолий Америка, Европа ва Хитой иқтисодиёти орасида сезиларли фарқ бор. АҚШ молия вазирлиги ва Федерал захира тезкор ҳаракат қилиб, молия ва меҳнат бозорларини қувватлагани сабабли Европага нисбатан сезиларли натижага эриша олди. Европа иқтисодиёти эса 4,3 фоиз, Евро ҳудуд иқтисодиёти эса 9,8 фоиз қисқариши айтилди. Буюк Британия иқтисодиёти эса пандемия оқибатида 9,8 фоиз қисқариши таъкидланди.Бу кутилмалар ХВФнинг июнь ойидаги кутилмаларига нисбатан анча паст натижа. Бу кучли иқтисодиётга эга давлатларнинг натижалари ривожланаётган давлатларнинг иқтисодиётига солиштирганда ҳам фарқлар катта эканини сезиш мумкин. Хитой, Жанубий Корея ва шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда, Ҳиндистон пандемиядан анча талафот билан чиқадиган давлат бўлиб турибди. Ҳиндистон иқтисодиёти йил охирига бориб 10,3 фоиз қисқариши тахмин қилинмоқда.Лотин Америкасига келганда, Мексиканинг иқтисодий аҳволи ачинарли вазиятда бўлса, Бразилиядаги вазият анчагина изига тушиб олди. Хитой импортининг Бразилиядаги ўсиш кўрсаткичлари вазиятга ижобий таъсир қилди дейиш мумкин. Нефть экспорти ва ички хизматларга таянган мамлакатларда иқтисодий вазият пандемия даврида анча оғриқли бўлди.Сўнгги ойларда иқтисодиётнинг тикланиши коронавируснинг олдини олиш билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Агар вакциналар кутилаётганидан аввалроқ пайдо бўлса, кейинги йил ўсиш суръати 5,2 фоизни ташкил қилган ҳолда янада ижобийроқ бўлиши тахмин қилинди. Агар пандемия сақланиб қоладиган бўлса, ХВФ барча мамлакатларга имкон қадар соғлиқни сақлаш тизимига молиявий ёрдам бериш ва ижтимоий кескинликнинг олдини олишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишни маслаҳат берди. Айни шу пайтда айрим ривожланаётган мамлакатларнинг ташқи қарзи бўйича рақамлар хавфли даражага етиб қолаётгани ҳам хавотирли. Фото: Google PhotosТашқи қарзи қизил чегарага бориб қолган мамлакатлар олдида қарздан қутулиш энг муҳим масала бўлса-да, уларнинг кўринмас душман коронавирусга қарши курашишлари муҳим бўлиб қолмоқда. Иш ҳақларини молиялаштиришни босқичма-босқич қисқартириш ва бу сиёсат иқтисодиётнинг қайта тикланиши манзарасида амалга ошириш тавсия қилинмоқда.Халқаро валюта фонди прогнозларида имконияти бор мамлакатлар инфратузилма ва маорифни ривожлантиришга урғу қаратилади. Сабаби коронавирус қачон бартараф этилади деган савол ҳамон очиқ қолмоқда. Халқаро валюта фонди ижрочи директори Кристаллина Георгиевна фикрича, ҳукуматлар айни пайтдаги коронавирус иқтисодиётда жиддий оқибатларни келтириб чиқарди ва бу янада чигаллашиши мумкинлигидан огоҳликка чақирмоқда.Венесуэладаги сиёсий вазият2019 йилнинг сентябрида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Венесуэладаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари – судсиз ҳукмлар, ҳуқуқ-тартибот муассасаларида инсонларнинг бедарак йўқолиши, суд маҳкамаларисиз қама-қамалар ва қийноқлар ва тергов жараёнига тортилган шахсларга нисбатан қийноқлар, камситиш ҳамда шафқатсизлик масалаларини ўрганиш борасида вазифа юклади, деб ёзади The Project Syndicate нашри. Сентябрь ойида мазкур кенгаш ўз хулосаларини БМТ кенгашида эълон қилди.Хулосаларга кўра, Венесуэладаги тергов маҳкама жараёнидаги шахсларга нисбатан ноинсоний муносабатда муомала қилингани, инсон қадр-қиммати ва шаъни топталгани аниқлангани маълум бўлди. Президент Николас Мадуро, шунингдек, ички ишлар вазирлиги ва мудофаа вазирлиги инсонларнинг таҳқирланишига йўл қўйгани борасида хулосалар берилди. Венесуэлада хавфсизлик хизмати ва полиция ҳам бундай муносабатда жавобгар экани таъкидланди. Шу сабабдан ҳам Венесуэладаги тергов маҳкама жараёнига тортилган шахсларнинг иши ноқонуний олиб борилгани, уларга нисбатан қийноқлар қўллангани борасида махсус суриштирув ўтказилиши кераклиги айтилди.Аввалдан маълумки, Мадуронинг режими бу ҳисобот натижаларини қоралаб чиқди. Венесуэладаги воқеаларни қоралаб, бу мамлакатдаги сиёсий вазиятга танқидий муносабатда бўлиб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари масаласида ғарб давлатлари Венесуэлани танқид қилиб келаётган бўлса-да, Мадуро режими тарафдорлари Венесуэладаги сиёсий тартибни дастаклаб келмоқда. Шу сабабли, Венесуэладаги айрим расмийлар назарида БМТнинг инсон ҳуқуқлари олий комиссариати ва Венесуэла ўртасида сунъий низолар яратилаётганига урғу бермоқда. Фото: Google PhotosУлар назарида Венесуэладаги тартибга қарши ҳаракат қилаётганларни тушуниш мумкин, чунки улар Мадуро режимининг қулашидан манфаатдор. Бироқ БМТ инсон ҳуқуқлари комиссари томонидан кўтарилган айрим маълумотлар Венесуэлага хайрихоҳ бўлган мамлакат орасида ҳам турли шубҳа ва гумонларни юзага чиқармоқда. Венесуэла  расмийлари аниқланган инсон ҳуқуқлари бузилишини рад этиши билан мамлакатда инсон ҳуқуқларини бузилаётганига қарши ҳолатларга қаршилик қила олмайди, ҳуқуқи ва қадр-қиммати топталган шахсларни ҳимоя қила олмайди, деб ҳисоблайди халқаро ҳамжамият.Венесуэла расмийлари назарида, мамлакат уч хил танқидга дуч келмоқда: Биринчидан, расмий ҳокимият назарида, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидлар, аввало, мамлакатнинг суверенитетига дахл қилишни англатади, деб ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам халқаро ҳамжамиятнинг танқидлари расмий Каракас учун эътибор қилиш керак бўлмаган жиҳатдир.Иккинчидан, ҳисобот методологияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Венесуэла расмийлари инсон ҳуқуқлари бўйича экспертларни юзакиликда, мамлакат ичкарисидаги вазиятни ташқаридан туриб ўрганаётганликда ва расмий маълумотларга эга бўлмасдан хулоса қилганликда айбламоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссариат аъзолари расмий Каракасга олти марта хат ёзгани ва ҳар сафар жавоб бўлмаганини уқтирмоқда. Комиссариат қачон ва қайси пайтда хат юборганини эса аниқлаш мумкин.Шундай экан, Венесуэла расмийларининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссариат иддаоларини сохта деб ҳисоблаши ақлга сиғмайдиган иш.  БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссариати мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини ўрганиш борасида энг замонавий методологиялардан фойдаланган ва шу асосда хулоса чиқарган эди. Комиссариат мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини ўрганар экан, аввало, маҳкамаларнинг ва тергов жараёнига тортилган шахсларнинг яқинлари билан суҳбатлашган ҳолда ўз хулосасини бергани ойдинлашди.Учинчидан, аксар ҳолларда расмийлар мамлакатдаги қонунбузарлик доирасида тергов ишлари олиб борилаётгани борасида иддао қилди. Расмий ҳукумат иддао қилган маълумотлар текширувлар натижасида сохта экани ёки театрлаштирилган саҳна экани вақт ўтиб юзага чиқиб қолади, деб ёзади The Project Syndicate нашри. Бироқ расмий Каракаснинг барча айбдорлар тергов маҳкамасига тортилди ёки жазоланди, деб берган ҳисоботлари доим ҳам ўз исботини топмайди. Мисол учун, расмий Каракас 600 минг кишининг содир этган ҳуқуқбузарлиги тергов жараёнида деб берган хулосалари амалда иш бермайди, чунки Мадуро режими халқаро инсон ҳуқуқлари экспертларига мамлакатга вазиятни ўрганиш учун киришига рухсат бермасдан келмоқда. Фото: Google PhotosБу эса халқаро инсон ҳуқуқлари комиссариати вакилларида Венесуэлада инсон ҳуқуқлари борасида хавотирлар уйғотмоқда. Венесуэла прокуратураси, ички ишлар вазирлиги ва судлари жиддий тарзда сиёсийлашди. Айрим сиёсий гуруҳлар мамлакатда таъқиб остига олингани ва уларнинг ҳаёти учун Мадуро режими хавф туғдираётгани ҳақида фикрлар билдириб келади. Бу эса Венесуэлада сиёсий вазият билан биргаликда инсон ҳуқуқлари борасида анча муаммолар борлигидан дарак.Каракас маҳбусларнинг қийноққа солиниши борасидаги айбловларни рад қилиб келар экан, ҳукумат тизимли жиноятнинг илдизларини беркитишга уринаётганидан ҳам дарак. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссариати хулосалари эса мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига қаратилгани эътиборга молик жиҳат.Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

Manba: Daryo